O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

o'zb | рус | eng

23.04.2012
O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi huzuridagi Nodavlat notijorat tashkilotlarini va fuqarolik jamiyatining boshqa institutlarini qo‘llab-quvvatlash Jamoat fondi Grant olish uchun tanlov e’lon qiladi

Tanlov 1 (UzLotin | ЎзКирилл)
Tanlov 2 (UzLotin | ЎзКирилл)

* * *

Sahifa strukturasi

Sahifa mundarijasini ochish

I. Парламент комиссиясининг норматив-ҳуқуқий базаси:

— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг  ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг  қўшма қарори:

  1. Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида;
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вазифаларини амалга ошириш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг таркибини тасдиқлаш тўғрисида;
  3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тўғрисида низом
  4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тўғрисида низом ;
  5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2008 йил 10 июлдаги 843–I/515–I-сонли Қўшма қарорининг 3-иловасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида.

Парламент комиссияси норматив ҳужжатлари:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини тақсимлаш ТАРТИБИ ;
  2. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг лойиҳаларини сифатли танлаш бўйича мустақил эксперт гуруҳи тўғрисида НИЗОМ ;
  3. Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг лойиҳалари танловини ва саралашни ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМ ;
  4. Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ижтимоий буюртмаларни тақсимлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ.

II. Парламент комиссияси таркиби.

 

 


PARLAMENT KOMISSIYALARI

Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2008 йил 10 июлдаги 843–I/515–I-сонли Қўшма қарорига 30 сентябрь 2008 й. № 873-I/552-I-сонли Қўшма қарор асосида киритилган қўшимчалар билан 1-илова

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш
жамоат фонди тўғрисида
низом

I. Умумий қоидалар
1.1. Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат  нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (бундан буён матнда Фонд деб юритилади) миллий ва чет эл валютасида ҳисобварақлари бор, аъзолиги бўлмаган нодавлат  нотижорат ташкилоти  – мустақил юридик шахсдир.
1.2. Фонд ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси  ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги  Ўзбекистон Республикаси  қонунларига ҳамда нодавлат  нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини   тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга асосан амалга оширади.
Фонд ўз фаолиятида ошкоралик ва очиқ-ойдинликни, шунингдек нодавлат  нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ажратиладиган маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилишини таъминлаш принципларига амал қилади.
1.3. Фонднинг тўлиқ  расмий номи:
давлат тилида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди»;
рус тилида: «Общественный Фонд по поддержке негосударственных некоммерческих организаций и других институтов гражданского общества при Олий Мажлисе Республики Узбекистан»;
инглиз тилида: «The Public Fund for suppopt of nongovernmental noncommercial organizations and other institutions of the civil society of the Oliy Majlis of the Republic of Uzbekistan».
1.4. Фонд Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарорига биноан ташкил этилади, унинг фаолияти мамлакатнинг бутун ҳудудида амалга оширилади.
1.5. Фонднинг юридик манзили:
100035,Тошкент шаҳри, Бунёдкор, 1.

 

II. Фонднинг мақсад ва вазифалари
2.1. Фонднинг мақсади мустақил нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада ривожлантириш ҳамда уларнинг мамлакатда демократик ўзгаришларни амалга оширишда ва жамиятни эркинлаштиришда фаол иштирок этишига кўмаклашишдан, уларни молиялаштириш манбаларини шакллантириш учун объектив шароитлар яратишдан иборат.
2.2. Фонднинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси  Давлат бюджетидан, қонунда тақиқланмаган бошқа манбалардан олинадиган маблағларни жамлаш, улардан фуқаролик жамияти институтлари, мустақил нодавлат  нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, долзарб ижтимоий, иқтисодий, гуманитар муаммоларни ҳал  қилишда уларнинг фаол иштирок этишига қаратилган дастурларни амалга ошириш учун фойдаланилишини ташкил этиш;
ННТнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларга ҳуқуқий, маслаҳат тарзида, ташкилий, техник ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш, уларнинг ННТ, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг мамлакатни демократик янгилаш ҳамда модернизация қилиш жараёнларида  иштирок этиши масалалари бўйича чет эллик ҳамкорлар билан алоқаларини кенгайтириш (биргаликдаги конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, тренинглар ўтказиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳоказо) билан боғлиқ лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқаришда кўмаклашиш.

      
III. Фонднинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

3.1. Фонд:
ўз фаолияти соҳасига доир ахборотни давлат органлари ва ННТдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олишга ва ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатишга;
юридик ва жисмоний шахслар билан қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ва ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарур битимлар тузишга;
мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида мол-мулкка эга бўлишга;
ихтиёрий хайриялар, ҳомийлик бадаллари, грантлар ва бошқа маблағлар олишга;
судда, бошқа муассасалар ва ташкилотларда ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилишга;
фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига белгиланган тартибда таклифлар киритишга;
халқаро алоқалар ўрнатишга, ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузишга ва халқаро дастурлар ҳамда лойиҳаларда иштирок этишга;
ўз номи давлат тилида ёзилган думалоқ муҳрга, ўз номи ёзилган штамплар ва бланкаларга ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган рамзий белгиларга эга бўлишга ҳақли.
Фонд қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
3.2. Фонд ўз олдига қўйилган вазифаларни ҳал қилиш учун қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига Ўзбекистон Республикаси  Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш масалаларининг кўриб чиқилишида иштирок этади;
Давлат бюджети маблағлари белгиланган  мақсадда сарфланишини, улардан самарали фойдаланилишини, моддий ресурслар нодавлат нотижорат ташкилотлари барқарор ва мустаҳкам ривожланиши, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва таъсири оширилиши учун сафарбар қилинишини таъминлайди;
ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг минтақаларнинг аниқ ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган истиқболли, ижтимоий ва умум аҳамиятга молик дастурлари ҳамда лойиҳаларини молиялаштириш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларга ҳуқуқий, маслаҳат тарзида, ташкилий, техник ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ лойиҳалар  ҳамда дастурларни амалга оширишга молиявий ёрдам кўрсатади;
фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда миллий нодавлат  нотижорат ташкилотлари ютуқларини тарғиб қилиш масалалари бўйича тадбирлар (конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар, тренинглар ва шу кабилар) ўтказади;
чет эл ноҳукумат  ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантиради, чет эл ноҳукумат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар ўтказади, чет эллик ҳамкорлар иштирокидаги дастурлар ва лойиҳаларни рўёбга чиқаради, уларнинг грантларини аниқ ижтимоий ва умум аҳамиятга молик лойиҳаларни ҳал этишга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришни рағбатлантиришга жалб этади;
тегишли лицензия олганидан кейин нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг норматив-ҳуқуқий, моддий-молиявий, ташкилий ва кадрларга оид жиҳатларига бағишланган адабиётлар нашр этади;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа вазифаларни амалга оширади.
3.3. Фонд:
ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга мувофиқ амалга ошириши;
ҳар йили ҳисобот эълон қилиши, Фонднинг фаолияти ва Фонд мол-мулкидан фойдаланиш очиқ-ошкора бўлишини таъминлаши;
рўйхатдан ўтказувчи органлар вакиллари Фонд томонидан ўтказилаётган тадбирларда иштирок этишига имкон яратиши;
ўз фаолияти тўғрисида қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси  Ҳисоб палатасига, Фонд маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясига (бундан буён матнда Парламент комиссияси деб юритилади), шунингдек рўйхатдан ўтказувчи органларга, солиқ ва статистика органларига ҳисобот тақдим этиши шарт.
3.4. Фонд ўз фаолиятини ошкоралик ва очиқ-ойдинликни таъминлаш принциплари асосида амалга оширади, Давлат бюджетидан нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига бериладиган маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилишини таъминлайди. Фонд ўз фаолияти, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш доирасида ажратилган маблағларнинг тақсимланиши ҳамда ишлатилиши тўғрисидаги ҳисоботни ҳар йили оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
3.5. Фонд юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси  қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча ҳуқуқларидан фойдаланади. Фонд фаолияти ва уни ривожлантириш дастури Парламент комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.

 

 

IV. Фонднинг мол-мулки
4.1. Фонднинг мол-мулкини асосий фондлар ва айланма маблағлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг  қонун ҳужжатларига мувофиқ қиймати Фонд балансида акс эттириладиган бошқа мол-мулк ташкил этади.
4.2. Фонд маблағларини шакллантириш манбалари Ўзбекистон Республикаси  Давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг (Ўзбекистон Республикаси  резидентларининг  ҳамда норезидентларининг) ихтиёрийлик асосидаги ҳомийлик бадаллари, халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг грантлари ҳамда беғараз бериладиган маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлардир.
4.3. Фонднинг мол-мулкидан  гаров ёки мажбуриятларни таъминлашнинг бошқа воситаси сифатида, шунингдек кредитлар бериш учун фойдаланилиши мумкин эмас.
4.4. Фонд ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган ўз мол-мулки билан жавоб беради.

V. Фондни бошқариш
5.1. Фонд фаолиятига раҳбарликни қуйидагилар амалга оширади:
Васийлик кенгаши, унинг вазифаларини Парламент комиссияси бажаради;
Фонд директори – Фонд ижро этувчи девонининг раҳбари.
5.2. Парламент комиссияси
Фаолияти махсус Низом билан тартибга солинадиган Парламент комиссияси Фонд фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилишни амалга оширувчи юқори раҳбарлик органидир.
5.2.1. Парламент комиссиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун Фонд маблағлари самарали тарзда тақсимланишини ташкил этиш, ННТ, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг таклифларини чуқур ўрганиш асосида минтақаларнинг муайян ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган истиқболли, ижтимоий ва умум аҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳаларни молиялаштириш дастурларини ишлаб чиқиш;
Фонд маблағларини тақсимлашда очиқ-ошкораликни таъминлаш, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ривожлантириш ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда, демократик қадриятларнинг, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашда фаол иштирок этиши масалаларини муҳокама қилишга кенг жамоатчиликни жалб этиш;
Фонд маблағлари белгиланган мақсадда ва самарали фойдаланилиши, унинг томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар ҳамда дастурлар, шу жумладан ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг молиявий мустақиллиги ҳамда барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ва дастурлар устидан назоратни (мониторингни) амалга ошириш;
энг муҳим устувор дастурлар ва лойиҳаларни, ижтимоий ва умум аҳамиятга молик бошқа дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда ННТнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлигини чуқурлаштиришга, ижтимоий ҳаётни демократлаштиришда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини кучайтириш жараёнларига кўмаклашиш;
ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг эркин ҳамда мустақил ривожланишини таъминлайдиган норматив-ҳуқуқий базани, иқтисодий ва ҳуқуқий кафолатларни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа вазифалар.
5.2.2. Парламент комиссиясининг ваколатларига қуйидагилар киради:
Фонд фаолиятининг устувор йўналишлари тўғрисида қарор қабул қилиш, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш шаклларидан ҳар бирига йўналтириладиган маблағларнинг – субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмаларнинг ҳажмларини белгилаш;
ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг лойиҳалари ҳамда дастурларини сифатли тарзда танлаб олиш, грант танловларини ўтказиш учун мўлжалланган эксперт гуруҳларини шакллантириш;
Фонд фаолияти ва унинг қонун ҳужжатларига, Фонд тўғрисидаги низомга, Парламент комиссияси қарорларига мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш;
Фонд тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатига таклифлар киритиш;
Фонднинг  Ижро  этувчи         девони   ва Тафтиш комиссиясини шакллантириш;
Фонднинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкидан самарали фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш;
Фонднинг ННТларни қўллаб-қувватлаш турлари бўйича йил чоракларига бўлган ҳолда бир йилга мўлжалланган даромадлари ва харажатлари сметасини, шунингдек Фонднинг бюджетини, йиллик балансини, йиллик молиявий ҳисоботини ҳамда Фонд Ижро этувчи девонининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Фонд фаолиятини ҳар йилги навбатдаги ёхуд навбатдан ташқари аудиторлик текширувидан ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
Фонд органларидан Фонд фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиш ва олиш;
Фонднинг Ижро этувчи девони ва бошқа органларининг Фонднинг мақсад ва вазифаларига зид қарорларининг ижросини тўхтатиб қўйиш ёки бундай қарорларни бекор қилиш;
Фонд директори лавозимига номзод тақдим этиш;
Парламент комиссияси ваколатига кирадиган бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш.
5.2.3. Парламент комиссияси аъзолари бир вақтнинг ўзида Фонд ижро этувчи девони ва Тафтиш комиссиясига аъзо бўлиши мумкин эмас.
5.2.4. Парламент комиссиясининг раиси ва аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажарадилар.
5.2.5. Парламент комиссияси ваколатларига кирадиган масалалар Фонднинг ижро этувчи девони ёки Тафтиш комиссияси ҳал этиши учун топширилиши мумкин эмас.
5.2.6. Парламент комиссиясининг қарорлари оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади, бу қарорлар Фонднинг ижро этувчи девони ва бошқа органлари учун мажбурийдир. Парламент комиссиясининг ҳар бир аъзоси бир овозга эга.
5.2.7. Парламент комиссиясининг мажлислари заруратга қараб, лекин йилнинг ҳар чорагида камида бир марта чақирилади.
5.2.8. Парламент комиссиясининг раиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Парламент комиссиясининг фаолиятига раҳбарлик қилиш;
Парламент комиссиясининг мажлисларини чақириш;
Парламент комиссиясининг қарорларини тасдиқлаш;
Парламент комиссияси қарорлари билан ўзига Фондни бошқариш бўйича берилган ваколатларни амалга ошириш;
Парламент комиссиясининг мажлислари оралиғидаги даврда Фонд Ижро этувчи девонининг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;
Фонд харажатларининг тасдиқланган сметаси бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
ушбу Низом ва амалдаги қонун ҳужжатларидан келиб чиқадиган бошқа ваколатлари амалга ошириш.

5.3. Фонднинг ижро этувчи девонига Фонд директори бошчилик қилади.
5.3.1. Фонд директори:
Фонднинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади, Парламент комиссияси Раиси билан тузилган шартномада белгиланган ваколатлари доирасида Фонднинг моддий жавобгар шахси ҳисобланади ва зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши учун жавобгардир;
давлат органлари, чет эл ноҳукумат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда Фонд номидан иш кўради;
юридик ва жисмоний шахслар билан Фонд фаолиятига тааллуқли шартномалар тузади, Фонд номидан ишончномасиз иш юритади;
Фонд харажатлари сметасини тузади ва Парламент комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқлайди;
Фонд ходимлари бажариши мажбурий буйруқлар, фармойишлар ва бошқа норматив ҳужжатлар чиқаради;
Фонднинг мол-мулкини, шу жумладан пул маблағларини бошқаради, Парламент комиссиясига Фонд ижро этувчи девонининг фаолияти тўғрисида йилига камида икки марта ҳисобот тақдим этади, Парламент комиссияси кўриб чиқиш учун зарур бўлган материаллар ва таклифлар тайёрланишини таъминлайди ҳамда мазкур комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар ва кўрсатмаларнинг бажарилишини таъминлайди;
Фонд олдига қўйилган мақсадларга эришиш учун зарур бўлган ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган барча бошқа ҳаракатларни амалга оширади, Парламент комиссияси ваколатига кирадиган ваколатлар бундан мустасно.
5.3.2. Фонд директори Парламент комиссиясининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарори билан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

VI. Фонд маблағларидан фойдаланиш
6.1. Фонд маблағлари бевосита ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига уларнинг буюртманомалари асосида ва Парламент комиссиясининг қарорларига мувофиқ субсидиялар, грантлар, ижтимоий буюртма тариқасида ажратилади.
Муайян ННТ билан бир қаторда, уларнинг бирлашмалари ва уюшмалари – Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий уюшмаси, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси, Минтақавий сиёсат фонди, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон экология ҳаракати молиялаштиришнинг мустақил субъекти сифатида қаралади. Мазкур муассасаларга ажратиладиган бюджет маблағларидан девонларининг таъминоти, шунингдек уларнинг уставда белгиланган вазифаларини амалга ошириш учун фойдаланилади.
6.2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини тақсимлаш тартиби Парламент комиссияси томонидан белгиланади.

VII. Тафтиш комиссияси
7.1. Фонднинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш учун Парламент комиссияси томонидан уч кишидан иборат таркибда Тафтиш комиссияси сайланади.
7.2. Тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида Ижро этувчи девон ва Парламент комиссиясига аъзо бўлишлари мумкин эмас.
7.3. Фонднинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш Парламент комиссиясининг қарорига биноан Фонднинг йиллик фаолияти якунлари бўйича амалга оширилади.
7.4. Тафтиш комиссиясининг талабига кўра Фонднинг мансабдор шахслари унга Фонднинг молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
7.5. Тафтиш комиссияси Фонднинг йиллик ҳисоботлари ва бухгалтерия баланслари Парламент комиссияси томонидан тасдиқлангунга қадар уларни мажбурий тартибда текширишни амалга оширади.

VIII. Ҳисобга олиш ва ҳисобот
8.1. Фонд бухгалтерия ва статистика ҳисоби ҳамда ҳисоботини юритади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа тўловлар тўлайди.
8.2. Фонднинг ўтган йилги фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисобот ҳар йили 20 мартга қадар Парламент комиссиясига тақдим этилади. Фонднинг бухгалтерия баланси ҳисоботдан кейинги йилнинг 31 мартига қадар Парламент комиссияси томонидан тасдиқланиши керак.
8.3. Фонднинг молиявий-хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятини текшириш йилига бир марта Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, рўйхатдан ўтказувчи органлар, солиқ ва бошқа органлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
8.4. Қонун ҳужжатларига мувофиқ Фонд ўз фаолиятининг ҳар йилги аудиторлик текширувини ўтказади.
Аудиторлик ташкилотини танлаш Парламент комиссияси томонидан амалга оширилади. Фонд фаолиятининг аудиторлик текширувига Фонднинг фаолияти билан боғлиқ шахслар аудитор сифатида жалб этилиши мумкин эмас.

IX. Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
9.1. Фонд тўғрисидаги низомга қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9.2. Фонд тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек янги таҳрирдаги Фонд тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан тасдиқланади.
9.3. Фонд тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта давлат рўйхатидан ўтказилади.

X. Қайта ташкил этиш ва тугатиш
10.1. Фонд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қарорига биноан қайта ташкил этилиши мумкин.
Фондни қайта ташкил этишга фақат бошқа Фондга қўшиб юборилган, бошқа Фонд қўшиб олинган ёки бошқа Жамоат фондига қўшилинган тақдирда йўл қўйилади.
10.2. Фондни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қарори, суднинг ҳал қилув қарори асосида ёки Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда амалга оширилади.
10.3. Фондни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати тайинлайдиган Тугатиш комиссияси томонидан амалга оширилади.
10.4. Тугатиш комиссияси Фонд жойлашган ердаги матбуот органида Фонднинг тугатилиши, тугатиш тартиби ва кредиторлар томонидан даъволарни тақдим этиш муддатлари ҳақида эълон беради.
10.5. Тугатиш комиссияси:
лозим бўлган экспертларни жалб этган ҳолда Фонднинг мол-мулкини баҳолайди;
Фонднинг кредиторлари ва дебиторларини аниқлайди ҳамда улар билан ҳисоб-китоб қилади;
учинчи шахсларга Фонднинг қарзларини тўлаш чораларини кўради;
тугатиш балансини тузади ва тасдиқлаш учун уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига тақдим этади.
10.6. Фонднинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилган санадан эътиборан тугатиш тамомланган, Фонд эса ўз фаолиятини тугатган ҳисобланади.
10.7. Фонднинг кредиторларнинг талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки Парламент комиссияси, Ижро этувчи девон, Тафтиш комиссияси аъзолари ёки Фонднинг ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва ундан Фонд қайси мақсадда тузилган бўлса, ўша мақсадда ва ҳомийлик мақсадларида ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери

Д.Тошмуҳамедова

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Сенатининг Раиси

И.Собиров

Sayt haqida | Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati 100078, Toshkent,
Telefon: 238-26-96 
E-mail: senat@tps.uz