O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ёшлар — суянчимиз ва таянчимиз!

31.08.2017

Давлатимиз олиб бораётган сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири айнан ёшларга қаратилгани бежиз эмас. Негаки, навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Шу нуқтаи назардан, бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга ёшлар юртимиз равнақида тобора ҳал қилувчи -кучга эга бўлиб бораяпти.

Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарганини алоҳида қайд этишимиз зарур. Шу билан бирга, республикамизда ҳар йили Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.

Навқирон авлоднинг талаб ва истаклари асосида

Маълумки, жорий йилнинг 30 июнь санасида мамлакатимиз ёшлари ҳаётида тарихий воқеа рўй берди. Давлатимиз раҳбари пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида юртимиз йигит-қизлари билан учрашиб, уларнинг мақсад ва режалари, ўй-ташвишлари ҳақида дилдан суҳбат қурди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда уларнинг чинакам таянчи ва суянчи бўла оладиган янги ташкилот фаолияти йўлга қўйилиши таклифи билдирилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи айнан навқирон авлод вакиллари талаб ва истаклари асосида вужудга келиб, бу ташаббус -Президентимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Айтиш керакки, мазкур анжуманда фаолияти йўлга қўйилган янги ёшлар ташкилотининг яқин истиқболдаги мақсад ва вазифалари хусусида кўплаб таклифлар, мулоҳазалар ўртага ташланди. Буларнинг барчаси Юртбошимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонида тўлиқ ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон ёшлари куни

Ёшлар иттифоқи ташкил топган кун — 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ўзбекистон ёшлари куни” сифатида нишонланадиган бўлди. Шу муносабат билан жорий йилнинг 25 августида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунда ҳам бу ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали рўёбга чиқаришга, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этишга хизмат қилади.

Ҳамма бирлашиши керак

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил амалга ошириб келинмоқда. Лекин шуни унутмаслик керакки, ёшлар масаласи фақат Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёки унинг таркибидаги тузилма ва ташкилотларнинг иши эмас. Бунда ҳамма — давлат ва жамоат тузилмалари, кенг жамоатчилик, маданият ва маърифат соҳаси вакиллари, оммавий ахборот -воситалари бир ёқадан бош чиқариб ишлаши керак.

Бола тарбияни биринчи бўлиб оиласида олади. Ёш авлодни Ватанга садоқат, қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ҳам оиланинг ўрни катта. Шу боис айни пайтда оила ҳамда маҳалла институтининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга интилаяпмиз.

Кенг имкониятлар

Ҳозирги кунда Ёшлар иттифоқи ёш авлодни расмий аъзоликка қабул қилиб, уларнинг сони ошишини назорат қилувчи ташкилот эмас, балки йигит-қизларнинг чинакам таянчи ва суянчи бўла оладиган муассасага айланиши учун бор куч-ғайратимиз билан ҳаракат қилаяпмиз. Қурултойда мамлакатимиз раҳбари ёшларга бунёдкор куч сифатида қараб, уларнинг имкониятларига катта ишонч билдирган эди.

Барчамиз бир мақсад, бир ғоя йўлида бирлашиб, келажак эгаларининг эртанги куни учун замин яратиб, уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ўз ўрнида бартараф этамиз.

Айнан шу ғоя-мақсаддан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи таркибида Ёш олимлар, Ёш тадбиркорлар, Ёш фермерлар, Ёш ижодкорларни бирлаштирган тузилмалар ташкил қилинди. Йил охирига қадар шунга ўхшаш нодавлат нотижорат ташкилотлари сони яна ортади. Ушбу ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш ва юритиш тўлиқ ёшлар ихтиёрига берилмоқда. Иттифоқ янги уюшмаларга молиявий ҳамда моддий-техник томондангина эмас, балки ғоявий-услубий жиҳатдан ҳам ёрдам кўрсатиб, уларнинг ишини мувофиқлаштириб боради.

Мақсадга қандай эришилади?

Президентимиз Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак, дея алоҳида қайд этди. Энди биз олдинги хатолардан хулоса чиқариб, ҳар бир ёшлар вакили билан бирма-бир ишлаб, уларни ўрганиб, индивидуал ёндашган ҳолда фаоллар сафига қўшмагунимизча мақсадимизга эришдик, дея олмаймиз.

Агар бу ишни биз қилмасак, четдаги ғаразгўй кучлар фарзандларимизнинг билими ва қобилиятидан ўз мақсади йўлида, албатта, фойдаланади. Шунинг учун бугун янги уюшмани ташкил этиб, ишини юрита олармиканмиз, деган ҳадик билан яшашдан кўра, бор имкониятларни ишга солиб, эртага юзага келиши мумкин бўлган катта-катта муаммоларнинг олдини олган маъқул.

Бугун мамлакат ҳаётининг барча жабҳасида жадал ўзгаришлар жараёни кечаяпти. Давр билан ҳамнафас, керак бўлса, замондан бир қадам олдинда юриш учун кенг дунёқараш, теран тафаккур лозим. Йигит-қизларимизда бундай фазилат мавжуд.

Фарзандларимизнинг улкан салоҳиятидан унумли фойдаланиш катта ижтимоий аҳамият касб этади. Айниқса, давлат бошқарувига Ватанга садоқатли, келажакка дахлдор ёшларнинг жалб қилиниши янги марралар сари йўл очади, илғор ёндашувларни юзага чиқаради, жамият ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади. Йигит-қизлар мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришларга дахлдорликни ҳис қилса ва уларни амалга оширишда фаол қатнашса, ислоҳотлар кутилган муваффақиятларни беради, деб умид қиламиз.

Мамлакатимизда 30 июнь — “Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни” деб эълон қилингани ҳар бир ўғил-қизга катта масъулият, ишонч юклайди. Зеро, улар бугунимиз ва эртамизнинг ҳал қилувчи кучидир

Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11015-joshlar-suyanchimiz-va-tayanchimiz

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati