O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ёшлар манфаатларининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати

30.10.2017

Мамлакатимизда ёшлар тарбиясига бўлган эътибор йилдан-йилга кучайтирилаётгани бежиз эмас.

Зеро, бугун оилаларда камолга етаётган, таълим муассасаларида пухта билим олаётган, маҳалла аҳли кўз ўнгида улғаяётган ёшларимиз юртимизнинг эртанги тараққиёти учун масъул ҳисобланишади. Шу мақсадда оила, маҳалла ва таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда унинг самарасини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ қилинмоқда.

Ҳозирги пайтда ушбу ҳамкорлик доирасида ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш, бу борадаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини бойитишга кўмаклашиш, таълим-тарбия сифатини юксалтириш билан боғлиқ қатор эзгу ишлар рўёбга чиқарилиб, салмоқли натижалар қўлга киритилаяпти. Бунга жавобан фарзандларимиз нафақат илм-фан ҳамда спортда, балки бошқа соҳаларда ҳам ҳеч кимдан кам эмасликларини исботламоқдалар.

Бунда, шубҳасиз, мамлакатимиз Конституцияси ҳуқуқий асос бўлмоқда. Зеро, мазкур ҳужжат халқимиз иродаси ва руҳиятини, ижтимоий онги ҳамда маданиятини ўзида мужассам этган. Унга умуминсоний қадриятлар ва қатор халқаро ҳужжатларнинг асосий ғоя ҳамда қоидалари ҳам сингдирилган.

Мавзу билан боғлиқ жиҳатлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, Асосий Қонунимизда ёшлар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган. Хусусан, 64-моддада ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ҳамда тарбиялашга мажбурлиги, 65-моддада фарзандлар ота-оналари насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлиги, оила жамият ҳамда давлат муҳофазасида экани мустаҳкамланган. Шунингдек, 41-моддада ўғил-қизлар бепул таълим олишлари ва мактаб иш юритуви давлат назоратидалиги баён этилган. Қисқача айтганда, Конституциямизда ифодаланган ғоялар туб негизида ёшларга ғамхўрлик қилиш ҳамда уларни баркамол инсонлар сифатида тарбиялашдек эзгу мақсадлар мужассам. Бугун ўғил-қизларимиз ана шу ҳуқуқий кафолат асосида таълим-тарбия олмоқдалар, ҳар жабҳада маррани баланд қўйиб, барчамизни қувонтирадиган ютуқларга эришаяптилар.

Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарганини алоҳида айтиб ўтиш зарур. Ушбу Қонун ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали рўёбга чиқариш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этишда асос бўлмоқда. Шу билан бирга, республикамизда ҳар йили Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури ҳаётга татбиқ қилиб келинаётир.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топган кун — 30 июнь санаси юртимизда “Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни” сифатида белгиланиши ҳам навқирон авлодга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин далилидир.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, таълим-тарбия ҳаёт-мамот масаласи бўлгани боис бунга барча бирдек масъул. Оила, маҳалла, таълим муассасасидан ташқари, давлат ва нодавлат ташкилотларининг кўмаги бу борада қўл келиши, шубҳасиз. Буни бежиз айтаётганимиз йўқ. Яқинда маҳалламиз фаоллари билан биргаликда бир қатор янгиликларга қўл урдик. Аввало, фарзандларимиз учун яратилаётган шарт-шароитлар кўламини кенгайтириш мақсадида ҳудудда “Ёшлар қабулхонаси”ни очдик. Унинг асосий вазифаси ёшларни ўйлантириб келаётган масалаларга жойида ечим топишдан иборатдир. Кимдир вақтинча ишсиз, бирови тўй қилмоқчи, бошқаси яна бир масала билан келади. Ҳозирги пайтгача ўнлаб ўғил-қизларга шу каби муаммоларни ҳал этишда мазкур қабулхона томонидан амалий кўмак берилди.

Ҳар ҳафтанинг жума куни “Ёшларнинг ҳоким билан учрашув куни” сифатида белгиланди. Бу ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Туман ҳокими билан бўлган дастлабки учрашувдаёқ ёшлардан 7 нафарининг муаммоси ижобий ечим топди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидагиларга кредит ҳамда ер майдони ажратилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар боис ёшларимиз маҳалла атрофига жипслашмоқда. Шу орқали уларнинг қизиқиши, орзу-ўйларидан хабардор бўлиб, керакли йўналиш, тавсиялар бераяпмиз, кўмаклашаяпмиз. Буларнинг самараси ўлароқ, кейинги йилларда ҳудудимизда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик билан боғлиқ салбий ҳолатлар умуман қайд этилмади.

Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари тўлиқ кафолатланган бўлиб, бу фарзандларимиз учун яратиб берилаётган шарт-шароит ва улар томонидан қўлга киритилаётган улкан ютуқлар мисолида ўзининг амалий ифодасини топмоқда.

Тожибархон ЮЛДАШЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Хўжаобод туманидаги «Шаҳрихонсой» МФЙ раиси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11666-joshlar-manfaatlarining-musta-kam-u-u-ij-kafolati

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati