O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни нишонланади

30.08.2017

Бугун дастурхонимиздаги, бозорларимиздаги файзу баракада ерга меҳр бериб, заҳматли меҳнат эвазига ризқ ундираётган деҳқон-фермерларимизнинг ҳиссаси нечоғли салмоқли экани барчамизга яхши маълум.

Агар буни статистик далиллар билан ифодалайдиган бўлсак, 3,6 миллиондан зиёд кишиларнинг бандлиги таъминланган қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 17,2 фоизни ташкил этаётгани иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, айниқса, ҳозирги пайтда долзарб аҳамиятга эга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишда мазкур соҳанинг улуши ва таъсири муҳим эканидан далолат беради. Шу маънода, яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу борада аниқ мақсадли чора-тадбирлар назарда тутилганки, барчаси пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда, қишлоқ жойларга саноатнинг жадал кириб бориши ва янги иш ўринлари очилишида аграр сектор имкониятларидан самарали фойдаланишга шароит яратади.

Таъкидлаш жоизки, бир пайтлар — пахта яккаҳокимлиги даврида дала тугул, томорқасигача чигит қадаб, ушбу турдаги хом ашёни етиштиришга мажбур бўлган деҳқонларимиз мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигида узоқни кўзлаб амалга оширилган ислоҳотлар натижасида чин маънода қишлоқ мулкдорларига айланди.

Фермерлик ҳаракати ривожланди. Ҳозирги даврда бу соҳа вакиллари мева-сабзавотчилик, узумлик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, пиллачилик каби қатор йўналишларда истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқармоқда. Эътиборлиси, улар қишлоқ хўжалиги хом ашёсини етиштириш билангина чекланмай, ички ва ташқи бозорга қайта ишланган маҳсулотлар етказишга интилмоқда. Бутун дунёда сифатли, ишончли озиқ-овқат маҳсулотларига талаб кескин ортган айни шароитда фермерларимизнинг гўшт, сут ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш қувватларини яратаётгани эътирофга лойиқ.

Эътироф-ку ўз йўлига, лекин ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда алоҳида ўрин эгаллаётган деҳқону фермерларимизни, агросаноат ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадга мувофиқдир.

Шу йилнинг 26 август куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига кўра, инсон омили устуворлигини ўзида мужассам этади. Унга биноан, ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгилангани нафақат деҳқон ва фермерларимиз, балки шу соҳада хизмат қилаётган олимлар, иқтисодчилар, инженер-механизаторлар, тадбиркорлар фаолиятида янги ютуқ ва марраларга янада кенг йўл очади.

Баҳодир ЮСУПОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11005-mamlakatimizda-ishlo-kh-zhaligi-khodimlari-kuni-nishonlanadi

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati