O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Конституциявий ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади

30.05.2017

Шу йилнинг 27 май куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси -Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига тааллуқли муҳим масалалар, суд-ҳуқуқ соҳасига оид янги қонунлар кўриб чиқилди. Мухбиримиз бу ҳақда сенаторларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Баҳодир ТАЖИЕВ, Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари:

— Бугун мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини ислоҳ қилиш, давлат институтларининг самарали фаолият юритишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаяпти. Табиийки, булар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг конституциявий асосларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Юртимизни яқин беш йилда тараққий топтиришнинг Ҳаракатлар стратегияси, айниқса, бунда дастуриламал бўлаётир. Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун ушбу соҳада рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган. Умуман, мазкур конституциявий янгиликлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат назорати ва бошқаруви органларининг тизимли иш олиб бориш натижадорлигини оширади, ушбу йўналишда идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлайди.

Толибжон МАДУМАРОВ, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишда муҳим ўрин тутади. Бинобарин, унга мувофиқ, юртимиз Конституциявий судини шакллантиришнинг мустақил ва демократик механизми яратилаяпти. Бу эса конституциявий одил судловнинг самарали татбиқ этилишига хизмат қилади. Умуман, Асосий Қонунимизга Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан, шунингдек, ушбу соҳадаги илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, конституциявий судлов ишларини юритиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар жамиятда Конституциявий суднинг одил ҳамда мустақил эканига ишонч қарор топтиришда долзарб аҳамият касб этади.

Ботир МАТМУРАТОВ, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:

— Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳуқуқ ва манфаатларимизнинг ишончли кафолати сифатида барчамизнинг ҳаётимизда муҳим роль ўйнайди. Жамият ҳаётида унга сўзсиз риоя этилишини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳисобланади. Бунда, шубҳасиз, Конституциявий суд муҳим ўрин тутади. Ялпи мажлисда кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни Конституциявий суднинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, унинг иши самарадорлигини оширишга қаратилгани билан эътиборга молик.

Конституциявий суд фаолиятининг самарали йўлга қўйилиши Асосий Қонунимизнинг устуворлигини кафолатлашга, давлатнинг халқ хоҳиш-иродасини ифода этиши ва халқ манфаатларига хизмат қилиши тўғрисидаги, шунингдек, давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги тўғрисидаги -конституциявий нормалар рўёбга чиқарилишини таъминлайди.

Рустамали МАЖИДОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси (Фарғона вилояти):

— Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида принципиал ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлигини юксалтириш мақсадида қатор институционал чоралар кўрилди. Айни пайтда соҳа вакилларининг ҳуқуқий мақомини, ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш ҳам давлатимиз эътиборида турибди. Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала ҳам ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур қоидаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлатимизда судлов тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, судьялар ва ушбу тизим ходимларини ижтимоий рағбатлантиришни юқори даражага кўтаради.

Исроил ҚУДРАТОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси (Сирдарё вилояти):

— Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан парламент ҳамда жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Эътиборли жиҳати, бугун парламент аъзолари ушбу ҳисоботларга шунчаки кабинетда ўтириб эмас, балки муайян тумандаги ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳалла кесимида муаммоларни тизимли ўрганган ҳолда тайёргарлик кўраётгани диққатга сазовор. Эндиликда Олий Мажлис Сенати ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотини, ташқи ишлар вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ахборотини йилига икки марта эшитади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўз фао-лияти тўғрисидаги ахборотини Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда, йилига икки марта эшитади.

Ялпи мажлисда кўриб чиқилган Қонун билан парламент назоратининг мазкур таъсирчан механизмлари Олий Мажлис палаталарининг назорат-таҳлил фаолияти тартибга солинган қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топмоқда. Бу, шубҳасиз, биз, сенаторларнинг ҳуқуқ ва ваколатларимизни кенгайтириш билан бирга, масъулиятимизни янада оширади.

Ботиржон АСАДОВ, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бугун юртимиз ташқи сиёсати, авваламбор, халқимизнинг хавфсизлиги, осойишталиги йўлида барча сиёсий ва дипломатик имкониятлардан самарали фойдаланишга қаратилган. Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама этилган бир қатор ҳужжатларни ратификация қилишга доир қонунлар ҳам ана шу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси, десак, асло янглишмаймиз. Ушбу ҳужжатлар ташқи сиёсатимиз шунчаки баландпарвоз ҳамда қуруқ гап эмас, балки одамларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, айни пайтда юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишга йўналтирилганининг яққол тасдиғидир. Биргина Европа Иттифоқи билан шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув доирасидаги “Тўқимачилик баённомаси”ни оладиган бўлсак, у мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш, тўқимачилик саноатимизни тараққиётнинг янги -босқичига олиб чиқишга хизмат қилади. Унга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик саноати маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишда импорт божини 12 фоиздан 6 фоизгача камайтириш кўзда тутилмоқда. Европа бозорининг тўқимачилик саноати маҳсулотларига бўлган йиллик эҳтиёжи 120 млрд. доллардан ортиқ эканлигини ҳисобга олсак, миллий экспортчиларимиз учун бу жуда катта имконият эканлиги шубҳасиз.

Алишер КУРМАНОВ, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси:

— Парламентимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ташқи ишлар вазирлигининг хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакатимиз минтақаларига жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Ҳисобот муҳокамасида асосий эътибор вазирлик ишига холис баҳо бериш, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигининг бу соҳадаги фаолиятини янада жонлантиришга йўналтирилган таклиф ҳамда тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилди.

Вазир ҳисоботида қайд этилганидек, мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири сифатида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилган ва ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, чет элдаги дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан турли семинарлар, тақдимотлар, давра -суҳбатлари, маданият кунлари, кўргазмалар, фотокўргазмалар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида чет эл фуқароларига ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6,9 фоиз кўп туристик виза берилгани ҳам мазкур амалий ҳаракатлар натижасидир.

Бироқ бу рақамлар имкониятларимизга тўла мос келади, деб айта олмаймиз. Шу боис Ўзбекистон туристик салоҳиятини хорижий мамлакатларда тарғиб қилишда муаммолар борлигини ҳисоботни эшитиш чоғида кўрсатиб ўтдик. Юртимизга сайёҳларни жалб этиш учун фақатгина расмий тадбирларда қатнашиш ва турли расмий тадбирларни ўтказиш камлик қилади. Бунда туристларни жалб этишда юқори кўрсаткичга эришиб келаётган давлатларнинг ижобий тажрибаларини ўрганиш, хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг сонини оширишга қаратилган аниқ таклифлар киритиш лозим.

Мақсуда ВАРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси (Тошкент вилояти):

— Айни чоғда одамларнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшашларини кафолатлаш, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлида халқ билан мулоқотнинг ҳаётий тизими йўлга қўйилиб, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмлари жорий этилаяпти. Президентимиз ташаббуси билан Сенат бугунги кунда мамлакатимиз ички ҳамда ташқи сиёсати фаол иштирокчиларидан бирига айланди. Бу янгиланишлар парламентнинг, жумладан, биз, халқ вакилларининг масъулиятини янада оширмоқда.

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар жамиятда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти институтлари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган. Ушбу янгиликларни ҳар бир юртдошимизга етказиш, уларнинг ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, ҳудудларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига кўмакдош бўлиш, ҳаттоки, эртаю кеч фидойилик кўрсатиб ишлаш ҳар бир сенаторнинг бурчи бўлиши айни муддаодир.

Чунки биз ташаббускор бўлмасак, халқимиз турмушини яхшилаш йўлида бир тану бир жон бўлиб фаолият юритмасак, одамлар биздан рози бўлмайди.

Қобил ХИДИРОВ
ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10278-konstitutsiyavij-islo-otlar-mamlakatimiz-tara-ijotiga-khizmat-iladi

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati