O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Сенатор ҳамиша уйғоқ бўлиши керак

29.12.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси барчамизнинг қалбимизга чўғ солди. Сабаби, унда парламентимиз, хусусан, биз, сенаторларнинг олдида турган энг муҳим вазифалар, бугун ва келгусида қилишимиз лозим бўлган ишлар аниқ, таъсирчан баён этилди.

Давлатимиз раҳбари ўтган қисқа даврда маҳаллий Кенгашлар депутатлари жойларда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари устидан чинакам депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиши лозимлигини бот-бот такрорлаб келаяпти. Бу борада қатор ташаббусларни илгари сурди. Йил давомида жойларга бўлган ташрифлари давомида аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, саноатни ривожлантириш, ҳудудларнинг инфратузилмасини янада такомиллаштириш, эркин ва кичик саноат зоналари, технопарклар ташкил қилиш борасида бир қатор тавсиялар берди. Ушбу топшириқларнинг ижросини таъминлашда, назоратини олиб боришда депутатлар ҳамда сенаторларнинг алоҳида ўрни бўлиши лозим. Ислоҳотларимиз самарасини оширишда парламент, депутат ва сенаторларнинг иштироки ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари шу йил 12 июлда Олий Мажлис аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ҳамда асосий ижрочисига айланиши зарурлигини алоҳида таъкидлагани бежиз эмасди. Айни шу эзгу даъват ортидан депутат ҳамда сенаторларимиз ҳудудларга бориб, туман, шаҳар ва маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз туриб, уларнинг муаммолари билан танишдилар. Натижада сайловда халқ ўзи ишониб, овоз берган депутатларини таниди, бевосита мулоқот чоғида дардини айтиш имконига эга бўлди.

Бу бир қадар янгилик, силжишдек туюлса-да, очиқ айтганда, ҳудудлардаги мавжуд, ўз ечимини кутаётган, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган долзарб масалаларнинг жойида ҳал этилишида депутатлар ҳамда сенаторларнинг ўрни талаб даражасида эмаслигини, улар ҳамиша уйғоқ бўлиши лозимлигини кўрсатмоқда. Ахир маҳаллий Кенгашлар ижро ҳокимияти органларининг қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиши, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим дастурларини бажариши борасидаги фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича конституциявий ваколатга эга. Нима учун шундай имконият халқ манфаати, юрт равнақи йўлида ўз аксини топмаслиги керак?

Шу ўринда бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш жоиз. Бугун ҳар бир соҳада масъул бўлган раҳбарлардан шахсий масъулият, ўз устида ишлаш ва фидойилик сифатлари талаб этилмоқда. Сабаби айни пайтда барчамизни бирдек ўйлантираётган муаммо — маҳаллаларда юз бераётган жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, турли салбий ҳолатларнинг келиб чиқиши омилларини аниқлаш бўладими ёки одамларнинг турмуш шароитини яхшилашга доир талабларини қондириш бўладими — барчаси ана шундай фидойиликни, масъулиятни тақозо қилади. Ҳисоботларда эса сон кетидан қувишимиз эмас, балки сонларни келтириб чиқарган омилларни чуқур ўрганиб, таҳлил этишимиз, шу асосда аниқ манзилли чора-тадбирларни белгилаб, амалга ошириш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишга жиддий эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада эскича ёндашувлар иш бермаслигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглар эканмиз, сенатор сифатида давлатимиз раҳбарининг “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт”, деган гапидан ниҳоятда тўлқинланиб кетдик. Дарҳақиқат, шундай. Нима учун чиройли ёзилган аксарият қонунларимиз амалда ишламаслигининг сабабини чуқурроқ ўйлаб қарасак, у халқимизнинг хоҳиш-истаклари, талаблари, муаммоларини тўла очиб бермагани аён бўлади. Шу сабабли Юртбошимизнинг талаби нақадар ҳаётий эканини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Бундан буён ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан — халқимиздан, оддий фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарур, деб ўйлайман. Қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама этиш тизимидан самарали фойдаланишимиз керак. Бунинг учун ҳар бир сенатор уйғоқ бўлиши, халқ билан доимий мулоқотда бўлиб туриши лозим.

Бу қандай амалга оширилади?

Мурожаатномада қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Шу муносабат билан мамлакатимиз фуқаролари давлат ҳамда жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун “Менинг фикрим” деган махсус веб-саҳифа ташкил этилиши айни муддао бўлиши табиий.

Президентимиз айтганидек, ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, аминмизки, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз.

Гавҳар АЛИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари
қўмитаси раиси ўринбосари.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12853-1

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati