O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар бўлган 21 минг нафардан зиёд бола туғилишининг олдини олинди

28.12.2017

22 декабрь мамлакатимиз ҳаётида муҳим сана сифатида тарихга муҳрланди. Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглар эканмиз, нафақат биз каби мажлис залида йиғилганлар, балки воқеага экран орқали тўғридан-тўғри гувоҳ бўлаётган бутун халқимиз ўз юрагидаги, қалбининг туб-тубидаги гаплар олий минбардан янграётганини эшитиб, тўлқинланаётганини ҳис этдик.

Юртимиз ҳаётига доир кўплаб масалалар очиқ-ойдин таҳлил қилинган Мурожаатномада тиббиёт соҳаси ҳам назардан четда қолмади. Шу соҳа вакили сифатида кўнглимдан кўп гаплар ўтди. Хусусан, она ва бола саломатлигини асрашда муҳим омил бўлган скрининг марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этаётгани, 2018 йилда 46 та туман ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил қилиниши кўзланаётганини эшитиб, амалга оширилажак ислоҳот ва янгиликларда фаол бўлишга рағбат кучайди. Президентимиз ташкил этиладиган перинатал марказлар замонавий тиббиёт ускуналари, юқори малакали кадрлар билан таъминланишини, тиббиёт фани ютуқларидан самарали фойдаланган ҳолда, қишлоқ врачлик пунктларида касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича замонавий диагностика лабораторияларини очиш режалаштирилаётганини айтганида, тиббиёт соҳасида халқимизни қандай яхши ишлар кутиб турганини англадим.

Рост-да, ҳар бир халқнинг эртаси фарзандларининг саломатлиги, наслнинг тозалиги билан чамбарчас боғлиқ. Юртимизда болаларнинг соғлиғини асраш, уларнинг бекаму кўст, рисоладагидек униб-ўсиши учун барча шароит яратилмоқда. Давлатимиз бу борада эътиборни ҳам, маблағни ҳам аямаяпти. Ҳатто, ҳали туғилмаган зурриётимиз ҳомилалик давридаёқ давлатимизнинг ғамхўрлиги оғушида бўлади.

Тарихий воқеадан уч кун ўтиб — 2017 йил 25 декабрда Президентимиз “2018 — 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорга имзо чеккани ҳам юқоридаги фикримиз далилидир.

Ушбу ҳужжат, айтиш мумкинки, давлатимизнинг келажагимиз, халқимиз насли, “палагимиз тозалиги”ни ўйлаб ташлаган муҳим қадамларидан яна бири бўлди. Аслида мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат ижтимоий сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланганини барчамиз яхши биламиз. Ўтган вақт мобайнида узоқ муддатли самарага — миллатимизнинг генофондини яхшилашга, оилада тиббий маданиятни, аҳоли ҳаёти сифатини оширишга ҳамда узоқ умр кўришига эришиш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан изчил чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Мана шу туфайли юртимизда “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси ҳамда Она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш миллий модели яратилди. Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар натижасида “Она ва бола скрининг” республика ҳамда ҳудудий марказлари замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланди.

Бу эса кенг доирадаги ирсий касалликларнинг профилактикаси ҳамда уларни даволашни юқори даражага кўтариш, болаларнинг оғир ногиронликка ва ўлимга олиб келадиган ирсий касалликлар, ривожланишдаги туғма нуқсонлар билан туғилиши хавфи даражасини камайтириш имконини берди. Бир мисол: 2013 — 2017 йилларда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини даражасида 2,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёллар текширувдан ўтказилди. Уларнинг 65 минг нафарида ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонлари аниқланиши муносабати билан ҳомиладорлик тўхтатилди. Бу жамиятимизда муқаррар 65 минг ногирон пайдо бўлишининг олди олинди, деганидир.

Скрининг марказларида эса туғишгача бўлган давр текширувидан ўтказилган 1,1 миллиондан зиёд ҳомиладор аёллардан ҳомиладорлик даври патологик кечган 210 минг нафари дори-дармонлар билан даволанди. Умуман олганда, ҳомиладор аёлларни туғишдан олдин текшириш ривожланишида туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар бўлган 21 минг нафардан зиёд бола туғилишининг олдини олиш имконини берди. Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида туғма аномалияли болалар туғилишининг интенсив кўрсаткичи 2000 йилдагига нисбатан 1,8 баравар камайди.

Ушбу рақамлар соҳадаги ишлардан қониқиш ҳосил қилишга, хотиржамликка асос бўлолмайди, албатта. Сабаби, замон ўзгармоқда, хасталиклар янгиланаяпти. Бу эса тиббий генетика ривожланишининг ҳозирги босқичи бўлажак оналар ва болаларга ихтисослаштирилган юқори технологик ёрдам кўрсатиш учун скрининг марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни, сифат жиҳатидан яхшилашни тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ҳамда у билан тасдиқланган Давлат дастури болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш, соғлом авлод туғилиши, тарбияланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишига кўмаклашиш ҳамда туғуруққа ёрдам берувчи муассасалар, скрининг марказларининг кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Унда шаҳарлар ҳамда туманлар тиббиёт бирлашмаларининг марказий кўп тармоқли поликлиникаларида ҳомиладор аёлларнинг туғишидан олдин оммавий ультратовуш текширувидан ўтказилишини жорий этиш назарда тутилган. Ҳомиланинг генетик синдроми бўйича хавф гуруҳини аниқлаш учун ҳомиладорликнинг эрта муддатларида 220 минг нафардан ортиқ ҳомиладор аёллар қонини босқичма-босқич биокимёвий, 310 минг нафардан зиёд аёлларни эса ҳомиладорликнинг иккинчи уч ойлигида туғишгача биокимёвий скринингдан ўтказиш кўзда тутилган. Тандем масс-спектрометрия усули билан ирсий алмашинув хасталикларини тасдиқлаш учун 18 мингдан кўпроқ болани текшириш режалаштирилган. Нукус, Бухоро, Самарқанд ҳамда Фарғонадаги “Она ва бола скрининг” марказларида минтақалараро цитогенетик лабораториялар ташкил этилиши, уларни юқори технологик тиббиёт диагностика ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган.

Беш йилликка мўлжалланган бу каби ўта муҳим тадбирлар халқимизнинг ёруғ оламга келадиган зурриётини скрининг текширувидан ўтказишни 95 фоизгача ошириш ҳамда ногиронликка сабаб бўлувчи ирсий касалликларга чалинган болаларни барвақт аниқлаш бўйича диагностика ва даволаш тадбирларининг самарадорлигини янада кучайтириш имконини беради. Давлат дастурида белгиланган тадбирларни рўёбга чиқариш учун 31 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ажратилиши назарда тутилгани эса бу борадаги ишларни энг замонавий тиббий ускуналар асосида, юқори сифатда бажаришга моддий асос вазифасини ўтайди.

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12843-1

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati