O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Стратегик шерикликнинг ёрқин ифодаси

Бугун Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегияси доирасида яқин ва узоқ ҳамкор давлатлар билан ўзаро сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Корея Республикаси мамлакатимиз мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган давлатлардан бўлиб, ўтган йилларда бу дўстона алоқалар шонли тарихимизнинг сермазмун саҳифаларини ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари билан бойитиб келди.

Шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи халқаро ҳамжамиятнинг, шу жумладан, Ватанимиз аҳлининг диққат-эътиборида бўлди. Айниқса, Юртбошимизнинг икки мамлакат иқтисодий ҳамда молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирокида ўтган Жанубий Корея — Ўзбекистон бизнес форумида сўзлаган нутқи давлатларимиз ҳамкорлигида мутлақо янги саҳифа очди, десак, асло янглишмаймиз. Зеро, Ўзбекистон — Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб, бу борада ҳамкорликни янада кенгайтириш мамлакатларимиз дўстона алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбарининг Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан ўтказган мулоқот ва музокараларини ҳар биримиз катта ҳаяжон билан кузатдик. Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Корея Республикасининг Марказий Осиёдаги муҳим стратегик ҳамкори ҳамда Евросиё минтақасининг юрагига айланганини таъкидлади. Бу эътирофнинг ўзиёқ республикамизда жамият ҳаётининг барча жабҳасида кечаётган янгиланишлар ва жадал суръатдаги ислоҳотларга юксак ишончнинг бир ифодасидир.

Мамлакатимиз Президентининг Жанубий Кореяга давлат ташрифи нечоғли самарадор бўлганини ташриф давомида 60 дан зиёд ҳужжатлар имзоланганлиги ҳам исботлаб турибди. Мазкур ҳужжатларда иқтисодиётнинг деярли ҳамма тармоғи билан бирга, маданий-гуманитар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим каби соҳаларда ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш вазифалари белгилангани аҳамиятлидир.

Ташриф доирасида мамлакатларимиз ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қабул қилинишида, хусусан, мазкур ташкилотга аъзо бўлишнинг натижасини баҳолаш, миллий қонунчиликнинг ЖСТ келишувлари талабларига мослиги экспертизаси ҳамда техник, консультатив ва манфаатдор вазирлик ҳамда ташкилотларга мутахассислар кўмагини бериш йўллари орқали Корея Республикасининг қўллаб-қувватлаши бўйича меморандум ва Йўл харитаси имзоланганлиги қувонарли, албатта.

Корея саноат технологиялари институти (KITECH) ҳамда Корея нодир металлар институти билан Ўзбекистон Республикасида Нодир металлар ва қотишмалар илмий-тадқиқот марказига асос солиш бўйича шартнома тузилганлиги мамлакатимиз раҳбари томонидан республика илм-фани ҳамда саноати тараққиётига алоҳида эътибор қаратилаётганининг яна бир тасдиғидир. Бу, айниқса, Навоий вилояти ҳудуди учун жуда катта таъсирга эга. Негаки, бугун ҳудудда тоғ-кон саноатини ривожлантириш, соҳага илғор фан ютуқларини жорий қилишга жиддий ёндашилмоқда. Президентимиз ташрифи доирасида имзоланган юқоридаги шартнома мазкур соҳада залворли ютуқларга туртки беради.

Умуман олганда, Ўзбекистон — Жанубий Корея стратегик шериклигининг самараси бугун Навоий вилоятида ҳам ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Вилоятда ушбу мамлакат капитали иштирокида олтита қўшма корхона фаолият юритади ва улар ёрдамида ҳудуд учун ноанъанавий бўлган қатор маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, 2008 йилдан бери “Korean Air” компанияси “Навоий” халқаро аэропорти орқали юк ташишларни амалга ошириб, тармоқда энг илғор технология ҳамда тизимларни жорий этди. Шунинг баробарида, ҳудуднинг халқаро интеграция имкониятларини кенгайтираяпти.

Таъкидлаш ўринлики, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида Хитой, Ҳиндистон, Италия, Сингапур каби давлатлар қаторида Жанубий Корея капитали иштирокида ҳам корхоналар фаолият кўрсатаётир. Шунингдек, жорий йилнинг май ойида бу ерда “CNP Dream” компанияси билан ҳамкорликда косметика маҳсулотлари тайёрлайдиган завод қурилди. Ушбу корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқарилмоқда.

Ўзбекистон — Корея Республикаси ўртасидаги икки томонлама муносабатларни яна бир юқори босқичга олиб чиққан тарихий ташриф юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, -ижтимоий-иқтисодий барқарор тараққиёт йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларга янги суръат бағишлаши муқаррар.

Қобул ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси 

Сенати аъзоси,

Навоий вилояти ҳокими.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12284-strategik-sheriklikning-jor-in-ifodasi

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati