O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ҳудудлар раҳбарларининг масъулиятни тўла ўз зиммасига олиш вақти келди

27.12.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини катта ҳаяжон билан тингладик. Шахсан мен парламент аъзоси сифатида кўнглимда узоқ вақтлардан буён тўпланиб турган гапларни давлатимиз раҳбаридан эшитгач, туни билан уйқум келмади.

Юртимизнинг тараққиёти, эртанги куни биз бугун қилаётган амалий ишларга, кўраётган чораларга бевосита боғлиқ. Шу боис давлатимизнинг янги тараққиёт босқичида ҳар доимгидан кўра кўпроқ ишлашимиз, янгидан-янги ғоя ва ташаббуслар устида бош қотиришимиз керак.

Тараққиёт — иқтисодиётга бевосита боғлиқ. Иқтисодиёт эса мамлакатнинг нафақат марказий бошқарув органлари, балки энг қуйи бўғинларнинг ҳам иқтисодий жиҳатдан оёққа туриши, мустақил равишда тараққий этишига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Мурожаатномада маҳаллий ҳокимлик органларининг бугунги ҳолатига холисона баҳо берилгани, Президентимиз улар ҳақида сўз юритар экан, “маҳаллий ҳокимлик органлари оддий масалаларни ҳал этишда ҳам ваколатга эга бўлмаса, буни қандай тушуниш мумкин?” деган саволни кўндаланг қўйгани бежиз эмас.

Шу ўринда бир янгилик ҳақида сўз юритсак. Президентимизнинг 2017 йил 13 декабрдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини ошириш ҳисобига ҳудудларни комплекс ривожлантиришни барқарор молиялаштириш, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни равнақ топтиришга кўмаклашиш, янги иш жойлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, одамлар турмуш шароитини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида маҳаллий бюджетлар даражасида солиқ-бюджет сиёсатининг устувор вазифалари белгилаб берилди. Солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг аниқ турларини уларга бириктириб қўйиш орқали маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини тубдан мустаҳкамлаш ва вилоятлар, шаҳар ҳамда туман бюджетларини субвенциядан чиқариш, уларнинг юқори турувчи бюджетлар ажратмаларига бўлган қарамлигини босқичма-босқич қисқартириш, бунинг асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эркинлиги ва масъулиятини ошириш қатъий белгиланди.

Ҳар чоракда ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, ҳокимнинг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ҳамда кичик саноат зоналари ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, молия бошқармалари раҳбарларининг бюджет ижроси тўғрисида, солиқ бошқармаси (инспекцияси) раҳбарининг бюджет даромадлари бажарилиши ҳолати, қўшимча резервларни аниқлаш бўйича қилинган ишлар, солиқ қарздорлиги тўғрисида ҳисоботлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида тингланиши уларнинг ўз ваколат вазифаларига бўлган масъулиятини оширади. Шунингдек, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб молия органлари ҳамда давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларига жавобгарлик ва рағбатлантириш чоралари кўрилишининг йўлга қўйилиши ҳам молия ҳамда солиқ идоралари органлари ходимларининг жавобгарлигини орттиради.

Президентимиз Мурожаатномасида таъкидланганидек, ҳудудий бошқарув органларининг бюджет маблағларини шакллантириш, қўшимча захираларни яратиш бўйича солиқ, молия ва иқтисодиёт соҳалари органларининг масъулиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, йўл-йўриқлар белгиланди. Бюджет тизимини ислоҳ этиш соҳасида маҳаллий ҳокимият органлари ваколатлари янада кенгайтирилди. Энди гап амалий ишда, ижрода қолди. Бундан бу ёғига ҳар бир ҳудуд раҳбари берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, масъулиятни ўз зиммасига олиши, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “ўз аравасини ўзи тортиши керак”.

Буни уддалаганлар даромадларни ўз ғазнасида қолдириб, ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантириш, одамлар ҳаёти, турмуш фаровонлигига нафи тегадиган лойиҳаларни мустақил амалга ошириш имконига эга бўлади.

Турғун ИСКАНДАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12818-1

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati