O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Парламентлараро алоқаларни кенгайтириш йўлида

27.08.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ва Қонунчилик палатасида Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати Раиси Касим-Жомарт Токаев бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Делегация аъзолари Олий Мажлис палаталари фаолияти билан таништирилди, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси, хусусан, кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, парламентнинг давлат ҳамда жамият қурилишидаги ролини ошириш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, Қозоғистон билан муносабатларни тараққий топтириш Ўзбекистон учун энг муҳим устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бугун мамлакатларимизнинг дўстлик, ўзаро ҳурмат ҳамда ишончга асосланган муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Парламентлараро мулоқотларнинг изчил ривожланиши ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Жорий йилнинг март ойида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Икки мамлакат парламентлари давлатларимизнинг стратегик шериклигини ривожлантириш ҳамда кенгайтиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Қозоғистон — Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бу парламентлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Учрашувларда Қозоғистон билан ҳамкорлик мамлакатларимиз манфаатларига тўлиқ жавоб бериши таъкидланди. Шу боис икки мамлакат раҳбарларининг 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йилини ҳамда 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказиш ташаббуси муҳим аҳамият касб этиши билдирилди.

— Бизнинг парламент делегациямиз расмий ташрифи Самарқанд шаҳридан бошланди, — деди К. Токаев. — Ушбу азим шаҳарда замонавий ўзбек давлатчилиги асосчиси, буюк давлат арбоби Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирдик. Қозоғистон халқи ўзаро муносабатларимиздаги ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди. Давлатларимиз раҳбарларининг ушбу ҳамкорлик янада очиқ ва самарали бўлиши йўлидаги саъй-ҳаракатлари ўз натижасини бермоқда. Биргина жорий йилнинг январь — август ойларида савдо айланмаси 35 фоиз ўсган.

Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон муносабатлари минтақанинг бошқа мамлакатлари учун ўзига хос модель вазифасини бажариши мумкин. Чунки мамлакатларимиз ҳамкорлиги -халқаро аҳамиятга эга. Айни пайтда бутун дунёда парламент дипломатиясининг роли тобора юксалиб бораяпти. Ва биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бирга, эришилган келишувлар тўлиқ рўёбга чиқарилиши учун барча саъй-ҳаракатларни ишга соламиз. -Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида долзарб масалалар, жумладан, сув ресурсларидан фойдаланиш муаммолари ҳал этилишида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратилди. Бунда минтақа мамлакатлари парламентлари муҳим роль ўйнаши керак.

Мулоқотларда парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/11249-parlamentlararo-alo-alarni-kengajtirish-j-lida

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati