O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ҳудудларда тиббий хизмат сифати янада юксалади

24.05.2017

Сифатли тиббий хизмат аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, -соғлом авлод туғилиши ва вояга етиши, миллат генофондини асраш билан боғлиқ доимий долзарб масала ҳисобланади. Маълумки, мустақилликка қадар юртимизда оналар ҳамда болалар ўртасида ўлим, хавфли юқумли касалликларга чалиниш, гўдакларнинг ирсий ва наслий хасталик, ногиронлик билан туғилиш ҳолатлари кўп кузатилар, тиббий хизмат -даражаси, айниқса, қишлоқ жойларда ўта ночор аҳволда эди.

Истиқлолнинг илк йилларидан соғлиқни сақлаш тизимидаги бу муаммоларни зудлик билан ҳал этиш, ташхис, даволаш ва профилактика ишларини тубдан яхшилаш, пировардида ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишга доир конс-титуциявий ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада қонунлар, қарор ва фармонлар, давлат дастурлари қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилди. Натижада аҳолининг барча қатламини қамраб олиш ва жаҳон андозалари дара-жасида тиббий хизмат кўрсатишга йўналтирилган кўплаб бирламчи тиббий муассасалар барпо этилди. Шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган тиббий-илмий марказларга асос солинди.

Бироқ бугун мамлакатимизда ушбу соҳани янада, айтиш мумкинки, тубдан такомиллаштиришга эҳтиёж сезилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига айнан тиббий хизмат сифати, шифокорлар касбий масъулияти ва малакаси билан боғлиқ кўплаб шикоятлар келиб тушгани соғлиқни сақлаш тизимида фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммо ҳамда камчиликлар борлигини кўрсатди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари мазкур соҳа вакиллари билан учрашувларда айни жиҳатга эътибор қаратиб, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ташкил этиш ҳолатига танқидий баҳо берган эди.

Яқинда Президентимизнинг матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 — 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишда мавжуд қолоқлик ва суст ёндашувларга барҳам бериб, ташхис қўйиш ҳамда даволаш ишларини энг юқори босқичга олиб чиқишда, вилоят ва туманларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни жонлантиришда дастуриламал бўлади.

Қарорда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантириш юзасидан устувор вазифалар аниқ белгилаб берилди. Хусусан, унда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам географиясини туман (шаҳар) даражасигача кенгайтириш, ҳудудларда ушбу йўналишда хизмат кўрсатаётган муассасалар амалиётига замонавий усуллар ва технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган. Умуман, аҳолининг сифатли ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланишини кенгайтириш, тегишли тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки ҳозирги кунда юртимизнинг чекка, олис ҳудудларида яшовчи одамлар тўғри ташхисни билиш ва даволаниш учун ҳамон пойтахтимиздаги республика ихтисос-лаштирилган тиббиёт марказларига келаётгани, бу эса уларнинг турли овораю сарсонгарчиликларига сабаб бўлаётгани сир эмас. Янги қарорга мувофиқ, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг амалга оширилиши бундай ҳолатларга сўзсиз чек қўяди.

Мисол учун, Сирдарё вилояти марказида янги замонавий бинода кардиология, неврология ва хирургияга, Янгиер шаҳрида эса кардиология, неврология ва лор соҳаларига, Сирдарё шаҳрида кардиология, неврология ва травматологияга ихтисослаштирилган замонавий клиникалар очилади. Бу эса вилоят аҳолисига малакали тиббий хизматни янада яқинлаштиришга, саломатлик кўрсаткичлари тобора яхшиланишига, оилаларда соғлом турмуш тарзининг оммалашишига имкон яратади.

Албатта, яқин беш йилга мўлжалланган қарор ижросини таъминлашда парламент назоратининг ўрни ва таъсири катта. Бу борада жойларда қилинаётган ишларни парламент назорати тартибида ўрганиб, йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида аниқлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотларда уларнинг тиббий хизмат сифати бўйича ҳам фикр ва муносабатларини ўрганиб бориш, шулар асосида соҳа қонунчилигини изчил такомиллаштириш биз, халқ вакилларига муайян масъулият юклайди. Зотан, халқимиз саломатлиги давлат ҳамда жамиятимиз барқарор ривожининг муҳим шартларидан биридир.

Арипжон ҚУДРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/tibbijot/item/10492-ududlarda-tibbij-khizmat-sifati-yanada-yuksaladi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati