O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзгаришни, аввало, ўзимиздан бошлашимиз керак

26.12.2017

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасини ҳар бир юртдошимиз, шубҳасиз, чуқур ҳаяжон ва зўр қизиқиш билан тинглади. Бинобарин, бу тарихий воқеликда кўтарилган масалалар, ўртага ташланган жамики муаммолар барчамизнинг бугунимиз ҳамда эртанги кунимизга, ҳаётимиз ва орзу-умидларимизга бевосита дахлдордир.

Президентимизнинг куйинчаклик билан оқни оқ, қорани қора, дея холисона билдирган фикрлари халқимизнинг айни дилидаги гаплар бўлди. Бу аснода давлат ҳамда жамиятни тубдан ривожлантириш, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган мақсад ва устувор йўналишларни амалиётда рўёбга чиқариш билан боғлиқ долзарб вазифалар аниқ, лўнда ҳамда ҳаққоний кўрсатиб берилдики, шу дамгача кўз юмиб келинган ўзибўларчилик, кўзбўямачилик, бюрократия, коррупция каби иллатлар таг-томири билан йўқолиши учун фақат тегишли идора ёки мутасадди шахслар эмас, балки ҳар биримиз маълум даражада масъул эканимизни янада теранроқ ҳис қилдик.

Чин маънодаги ўзгаришлар даврида ислоҳотлардан четда турмай, фаол фуқаролик позициясини намоён этиш, халқ сифатида бир муштга айланиб, якдил бўлиш, қисқача айтганда, ўзгаришни дастлаб ўзимиздан бошлашимиз кераклигини англадик. Сергак тортдик. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг “Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз. Бу борада мен аввало кўп синовлардан ёруғ юз билан ўтган олижаноб халқимизнинг мустаҳкам иродаси ва бунёдкорлик салоҳиятига ишонаман”, деган сўзлари шараф бағишлаши баробарида, Ватанимиз тақдири ҳамда келажаги, болаларимизнинг бахту иқболи учун ҳақиқий фидойи бўлишга ундайди.

Албатта, мустақилликнинг дастлабки чорагида турли соҳаларда қўлга киритилган ютуқлар қаторида халқимизнинг турмуш тарзида, дунёқарашида қандайдир ўзгаришлар содир бўлганини фахр билан тилга оламиз. Буни инкор этмаган ҳолда таъкидлаш жоизки, ҳозирги шиддатли замонга мос равишда янада ҳушёр ҳамда фаол бўлиш, озгина мудроқлик ва хафсаласизлик ҳам баъзан кичик муаммолардан ижтимоий, иқтисодий таназзулларга йўл очиши мумкинлигини зинҳор унутмаслик айни заруратдир. Яна бир ҳақиқат шуки, бугун одамларимизда эътироз уйғотаётган муаммою камчиликларни ҳеч ким четдан келиб, беғараз ҳал қилиб бермайди.

Биргина мисол. Бугун маълум кучларнинг дунёни бўлиб олишга бўлган интилиши, кураши кутилмаган тарзда кескинлашиб ҳамда ўзгариб бораётган мураккаб пайтда эртамиз эгалари саналган ёшларимизни асраш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳаёт-мамот масаласи экани ҳақида бот-бот гапираяпмиз. Бироқ қўшнининг фарзанди ўғрилик ёки гиёҳвандлик домига тушгани ҳақида эшитсак, кўпинча ачинишдан нарига ўтмаслигимиз ҳам рост. Аслида ўша ўсмир ёки қизнинг юриш-туришини, кўча-кўйда ўзини тутишини кўриб, кўрмаганликка олганимиз, “Менга нима? Бошида ота-онаси бор-ку! Яна мактаб бор, маҳалла бор...” қабилидаги кўникмаларимиз билан бундай нохушлик сабабчиларидан бўлганимизни кўп ҳам тан олавермаймиз. Кун келиб, ҳатто ўз боламиз ҳам бундай беғамлик ва бефарқлик қурбони бўлиши мумкинлигини хаёлимизга келтирмаймиз.

Президентимиз ҳар бир чиқишида, ҳудудларга ташриф буюриб, одамлар билан олиб борган ҳар бир мулоқотида ўсиб келаётган авлоднинг бугуни ҳамда эртаси ҳақида алоҳида тўхталиб, ёшларни қийнаётган, ўйлантираётган муаммоларни узил-кесил ҳал этишга биринчи даражали вазифа сифатида қараши бежиз эмас. Хусусан, парламентга Мурожаатномасида ҳам биз улуғ боболаримизнинг муносиб давомчилари бўладиган етук инсонларни тарбиялаш масаласига етарлича аҳамият бермаётганимиз қайд этилиб, интеллектуал ва маданий салоҳиятли ёшларни камолга етказиш тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили эканини унутмаслик кераклигига урғу берилди. Шунинг ўзиёқ барчамиз, қайси лавозимда ишлашимиз ҳамда ижтимоий мавқеимиздан қатъи назар, ёш авлод тақдирига бирдек масъул эканимизга, “Боланинг бегонаси бўлмайди” шиори қарашу одатларимиздан мустаҳкам ўрин олсагина, бугун ўғил-қизларимиз дуч келаётган турли муаммою иллатлар барҳам топишига яна бир ишорадир.

Умуман, ижтимоий ҳаётимизнинг қайси жабҳасини олмайлик, амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар амалий тасдиғини топмоғи учун биз, сиз — ҳаммамиз уйғоқ қалб, уйғоқ руҳ ва уйғоқ дунёқараш билан ўзгаришларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Ботир МАТМУРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12804-1

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati