O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Умидбахш мулоқотлар, амалий лойиҳалар

26.04.2017

Давлатимиз раҳбари яқинда Олмазор туманига ташрифи чоғида бу ерда аҳолига қулайликлар яратиш, турмуш шароитини янада яхшилаш бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берди. Тумандаги ҳолат танқидий таҳлил қилингач, айни пайтда амалга оширилиши зарур бўлган ишларга киришилди.

Эътиборлиси, мазкур жараён ҳудудда яшаётган ҳар бир фуқаронинг кайфиятини кўтарибгина қолмай, уларни бугунги ислоҳотларга камарбаста бўлишга ундамоқда. Буни суҳбатдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларидан ҳам билиш мумкин.

Хайрулла ҲИКМАТОВ, Олмазор туманидаги “Ачаобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Шу юртни севган, унинг равнақига ҳисса қўшишни бурчи, деб билган инсон борки, албатта, танқиддан тегишли хулоса чиқариб, халқимизга фидокорона хизмат қилишни ўйлайди. Кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун одамлар билан доимо учрашишимиз, уларни ташвишлантираётган масалаларни ҳис этишимиз даркор. Ана шунда жамиятимиз ривожланади, халқимиз келажакка ишониб яшайди. Агар фуқаронинг бирор муаммоси ҳал бўлмаса, унинг дардига ҳеч ким қулоқ солмаса, у кимдан хафа бўлади? Ҳудуддаги раҳбарлардан эмас, давлатдан хафа бўлади. “Бизни давлат ёддан чиқариб қўйган”, дейди. Ана шундай ҳолатнинг олдини олиш учун доимий равишда мулоқот қилиб туришимиз, одамларнинг ҳаёти билан бирга яшаб, ишлашимиз тўғри бўлади. Президентимиз билан бўлиб ўтган учрашувда ҳар биримиз ана шундай ишлашни мақсад қилдик.

Қолаверса, амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари натижасида туманимиз янада обод бўлади. Аҳолига катта қулайлик яратилади. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 13 мартдаги 2017 — 2021 йилларда Тошкент шаҳрида кўп қаватли арзон уйлар қуриш кўламини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Кичик ҳалқа йўли ва Қорасарой кўчаси кесишган ҳудудда 7 қаватли 12 та тураржой барпо этилади. 800 хонадонга мўлжалланган ушбу уйлар эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни арзон, замонавий уй билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган тамойилнинг яна бир ҳаётий ифодасига айланади.


«Халқ сўзи» мухбири
Омонулла ФАЙЗИЕВ
ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9988-umidbakhsh-mulo-otlar-amalij-loji-alar

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati