> Дўстона ва амалий руҳдаги учрашувлар
O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Дўстона ва амалий руҳдаги учрашувлар

25.09.2017

Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузини намоён этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида ўтказилган самимий руҳдаги учрашувларни, қабул ҳамда бошқа тадбирларни кузата туриб, ҳар бир юртдошимизнинг қалби чексиз ғурур ва ифтихорга тўлгани, шубҳасиз.

Эътиборлиси, ташриф асносидаги тадбирлар ниҳоятда тиғиз вақт оралиғида ўтганига қарамай, жуда самарали кечди. Қатор давлатлар президентлари, дунёга машҳур банк-молия муассасалари, компаниялар ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувларнинг ҳар бири юртимиз эртаси, тараққиёти учун катта аҳамиятга эга.

Хусусан, 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Президентимизнинг ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашуви жаҳон жамоатчилигининг диққатини тортди. Унда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, чинакам демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади. Олий комиссар Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси кенг кўламли янгиланишлар учун мустаҳкам асос бўлаётганига урғу берди. Бинобарин, мазкур дастуриламал ҳужжат инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ўзида мужассамлаштирган демократик олий мақсадлар ҳамда қадриятларни қарор топтиришга хизмат қилаётганини айтиб ўтиш ўринлидир.

Маълумки, Зайд Раад ал-Ҳусайн 2017 йил май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Шавкат Мирзиёев билан учрашувда у мамлакатимиз ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси (ИҲОКБ) ўртасидаги амалий ҳамда очиқ мулоқотни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга янги суръат бахш этган ушбу ташриф якунларини юксак баҳолади.

Ҳар бир давлатнинг қудрати унинг иқтисодий салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис ташқи иқтисодий ҳамкорликка энг устувор масалалардан бири сифатида қаралади. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард билан ўтказган учрашуви айни шу жиҳати билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлардан яхши хабардор ҳамда бу жабҳада кузатилаётган янгиликларни, юз бераётган ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватламоқда.

Ўзбекистоннинг мазкур йўналишдаги ислоҳотлари кўплаб таниқли иқтисодчи ва молиячилар қаторида Халқаро валюта жамғармасининг фармойиш берувчи директори Кристин Лагардни бефарқ қолдирмаганини унинг ушбу сўзларидан ҳам англаш мумкин: “Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашганимдан ғоят мамнунман. Ўзбекистон раҳбарияти кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу, аввало, яқинда амалга оширилган валютани тартибга солиш тизимидаги ўзгаришларга тегишлидир. Биз иқтисодиётни мустаҳкамлаш, янада кўп иш ўринлари яратиш, барқарор ва комплекс тараққиётга эришишда муҳим аҳамият касб этадиган ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз”, деди Кристин Лагард.

Давлатимиз раҳбарининг АҚШ етакчи компаниялари раҳбарлари — Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, “Женерал Электрик” компанияси президенти Рон Полетт, “Ханивел” компанияси президенти ва ижрочи директори Ражив Гаутам, “СиЭнЭйч Индастриал” компанияси вице-президенти Стивен Надерни, “Дир энд Компани” компанияси президенти Жеймс Филд билан очиқ мулоқотлари ўзаро иқтисодий алоқалар янги босқичга чиқишига замин яратади.

Ўзбекистоннинг ўзаро манфаатли ҳамда амалий ташқи сиёсат соҳасидаги саъй-ҳаракатлари пировардида унинг халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини кучайтирмоқда. Америка заминида давлатимиз раҳбарининг Болгария Республикаси Президенти Румен Радев билан учрашуви ҳам ҳамкорликдаги ишларни янада ривожлантиришнинг дебочаси бўлди, дейиш мумкин. Олий даражадаги мазкур учрашув самарасида келгусида наинки иқтисодиёт, балки туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳам мамлакатимиз қудратини, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилган қўшма лойиҳаларнинг амалга ошиши муқаррар.

Худди шундай, Президентимиз Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвилини қабул қилиб, ушбу мамлакат билан товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилиб олди. Грузия йўллари мамлакатимиз учун жаҳон бозорига чиқишда транзит сифатида муҳим аҳамиятга эгалигини назарда тутсак, Кавказ минтақасидаги ушбу давлат билан ҳамкорлик айни муддаодир.

Мамлакатимиз раҳбарининг Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашувида ҳам аниқ таклифлар ҳамда истиқболли лойиҳалар муҳокама этилдики, шунинг ўзиёқ Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузли ва ишончли шериклари борлигидан далолат беради.

“General Electric”, “Honeywell”, “ExxonMobil”, “CNH Industrial”, “John Deere”, “Coca-Cola”, “Boeing”, “Caterpillar”, “City Group”, “Visa”, “AGCO”, “Gilead Sciences” каби юздан ортиқ йирик корпорациялар ва етакчи компаниялар раҳбарлари қатнашган Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми эса хорижлик шерикларда мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида шаклланаётган жозибадор инвестициявий муҳит ҳақида тўлақонли таассурот қолдирди.

Форумда америкалик ишбилармонлар Ўзбекистонда валютани тартибга солиш тизимига бозор механизмларини жорий қилиш, банк-молия институтини мустаҳкамлаш, бизнеснинг солиқ юкини қисқартириш, инвесторлар учун, жумладан, мамлакатимизда ташкил этилган янги эркин иқтисодий зоналар доирасида қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар бериш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолагани қувонарли, албатта. Ўзбекистоннинг салоҳиятига ва келажагига билдирилган ишончни форум якунида АҚШ компаниялари билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган йирик ҳужжатлар имзолангани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Буларнинг барчаси юртимиз иқтисодий қувватини янада ошириш, айниқса, чекка-чекка ҳудудларимиз инфратузилмаларини яхшилаш, муайян ижтимоий масалаларни ҳал қилиш сари қўйилган навбатдаги қадам бўлди. Шунингдек, форумда Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалини очиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистонда навқирон авлоднинг ҳар томонлама камол топиши йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг қамрови ҳам, салмоғи ҳам кенг. Азим пойтахтимизда АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали очилиши мана шу эзгу мақсадга тамомила уйғундир. Бугун жаҳон майдонида Ўзбекистон ёшлари ўз қатъият ва салоҳияти, закоси, интилиши ҳамда шижоати билан элу юртимиз шарафини улуғламоқда. Қайси жабҳани олмайлик, халқаро миқёсда марраларни забт этаётган йигит-қизларимиз дунё тамаддунига беназир улуш қўшган аждодларимизнинг муносиб издошлари эканини намоён қилаяпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев АҚШда учрашган бир гуруҳ ватандошларимиз сафида ана шундай ёшларнинг сафи кенг.

Очиқ ва самимий суҳбатда давлатимиз раҳбари мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этди. Уларни қўллаб-қувватлашга ҳамда ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёр эканини айтди. Юртбошимизнинг “Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман”, деган сўзлари замирида она-юртга, ўз халқига бўлган чексиз муҳаббатни, куйинчакликни кўрамиз.

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг океан ортидаги давлатга ташрифи ҳар томонлама конструктив, қизғин ўтгани юртимиз ва жаҳон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Ташриф доирасида ўтказилган, ҳар бири муҳим воқелик сифатида эътироф этилган учрашув ҳамда мулоқотлар, бир томондан, Ўзбекистоннинг тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш соҳасидаги дадил интилишини, қатъиятини, иккинчи томондан эса, унинг дунё майдонидаги таъсирчан ўрни ҳамда нуфузини яққол намоён қилди.

Тоҳир БАҲРОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/11219-d-stona-va-amalij-ru-dagi-uchrashuvlar

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati