O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Солиқ маъмуриятчилигида тадбиркор манфаати устувор бўлади

25.07.2017

Мамлакатимизда сўнгги вақтларда қабул қилинаётган қонунлар, Президентимиз Фармон ва қарорларида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш, текширишларни қисқартириш, хусусий мулкни давлат томонидан ишончли ҳимоя қилиш масаласи ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак, асло янглишмаймиз.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтириш муҳим вазифа сифатида белгилаб берилган. Бинобарин, мазкур соҳани ислоҳ қилиш бугунги шиддатли давр талабидир. Нега деганда, барча соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жадал кириб борган ҳозирги шароитда солиқ маъмуриятчилиги жараёнида улардан фойдаланган ҳолда илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчилар, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш масалалари оқсаётган эди.

Эндиликда ушбу масала ўз ечимини топади. Яъни Фармонга кўра, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари — Ахборот-коммуникация технологиялари бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилмоқда. Янги бошқарма олдига эса, биринчи навбатда, солиқ органлари фаолиятига АКТни кенг жорий этиш вазифаси қўйилмоқда. Шу билан бирга, назорат қилувчи органлар, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот-ресурс базасига интеграция қилиниши ҳам кўзда тутилган бўлиб, буларнинг барчаси ўзаро ҳамкорликни яхшилаш ва вақтни тежаш имкониятини яратади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Давлат солиқ қўмитасида 53 та вазирлик ва идора билан 112 та йўналишда ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Тез орада тизимдаги барча хизмат электрон шаклга ўтказилиши мўлжалланаяпти. Жумладан, Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади. Бунда илғор хорижий мамлакатлар тажрибаларини инобатга олган ҳолда, тадбиркорлик субъектлари аҳолига нақд пулга хизмат кўрсатганда ва қабул қилинган нақд пул назорат-касса машинасига киритилиб, тегишли тартибда чек берилганда, мазкур жараён давлат солиқ органларида онлайн режимида кўриниб туради.

Фармонда яна бир муҳим масала — солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш вазифаси белгилаб берилган. Бу, ўз навбатида, солиқ юкини янада камайтиришга мустаҳкам замин ҳозирлайди. Шунингдек, ҳужжатда фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга ҳар томонлама кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоб механизмларини соддалаштириш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Фармоннинг асосий мақсади иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, инсофли ва ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, солиқдан қочиш, хуфиёна бизнес юритишга ҳаракат қилганларга нисбатан эса аёвсиз муносабатда бўлишнинг ҳуқуқий асосларини яратиб бермоқда.

Яна бир масала. Фармон билан вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар — хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари бериш тарзидаги давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакли назарда тутилмоқда.

Бизнес юритиш осон иш эмас. Айниқса, дунёда иқтисодий инқироз ва беқарорликлар давом этаётган бир пайтда кутилмаган молиявий муаммолар юзага келиб қолиши мумкин. Бундан буён шундай вазиятга дуч келган ишбилармонлар солиқлардан таътил олиб, бўшаган маблағларни фаолиятни тиклаб олишга сарфлашлари мумкин. Ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш муддати эса икки баравар қисқартирилмоқда.

Тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорлар орасида ходимлар сонини яшириб кўрсатиш орқали солиқлардан қочиш, олиб келинган товарларни кирим қилмасдан сотувга қўядиганлар ҳамон учраб турибди. Бу, ўз навбатида, носоғлом рақобатнинг юзага келиши, адолатнинг бузилиши, ҳалол тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлаётган эди. Фармонда бу каби ҳолатларга нисбатан давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилмоқда. Бу тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириб, солиқ тушумларининг ортишига хизмат қилади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилмоқда. Унинг фаолияти бюджет даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва уларнинг сафарбар этилишини таъминлаш, солиқ ва божхона тўловларининг йиғилувчанлик даражасини тизимли таҳлил қилиш, Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичлари холислиги ва асослилигини баҳолаш, солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш устидан назоратни амалга оширишга йўналтирилмоқда.

Ҳужжатда, шунингдек, солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш масалаларига ҳам катта аҳамият қаратилган. Бу борада фаолият бошлайдиган Ишчи комиссияга солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ва методологиясини тубдан такомиллаштириш, солиқ юкини янада камайтириш, бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштириш, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун қўшимча мезон жорий этишни ва ушбу миқдор ошган корхонага, кичик тадбиркорлик субъекти мақомини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча солиқ мажбуриятларини белгилаш, айрим якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштириш, ҳалол, шу жумладан, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этиш каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда тизимни ислоҳ қилиш изчиллик билан давом эттирилаверади. Бу эса тадбиркорлар ва аҳолига янада қулайликлар яратиш баробарида, давлатимизнинг иқтисодий салоҳияти юксалишига хизмат қилади.

Қ. ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10720-soli-ma-muriyatchiligida-tadbirkor-manfaati-ustuvor-b-ladi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati