O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Фаровонликнинг асосий гарови

25.05.2017

Бугун юртимизда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг амалдаги ифодаси барча жабҳада ўзини намоён этмоқда. Буни тижорат банклари фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, тижорат банклари фаолиятининг бош вазифаси ўз иш услубларини тубдан ўзгартириб, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозонишга ва уларга ҳақиқий кўмакдош бўлишга эришишдан иборат бўлмоқда.

Бунда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда банклар ходимлари ҳамкорлигида ҳудудларда бўлиб, ҳар бир маҳалладан имкон қадар кўпроқ фуқароларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, бунинг учун жорий ҳолатни ўрганиш, олиб борилган ишларни мониторинг қилиш тизими жорий қилингани катта аҳамият касб этмоқда. Мазкур жараёнда кенг аҳоли қатламига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича яратилган имкониятлар, таклиф этилаётган кредит турлари ва шартлари, кредит ҳужжатларини расмийлаштириш тўғрисида тушунтириш берилмоқда. Кўрилаётган барча саъй-ҳаракатлар аҳолининг иш билан бандлиги, тадбиркорлик тузилмаларининг банк кредитларидан фойдаланиш имкониятлари ва барқарор даромад манбаларини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу ўринда рақамларга тўхталсак. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, республикамиз миқёсида 4 минг 900 дан зиёд аҳоли пунктидаги 5 млн. 975 мингдан зиёд хонадон эҳтиёжи ўрганилиб, 1 трлн. 417 млрд. сўмлик 203 мингдан ортиқ кредит ажратилишига эришилди. Энг қуворнарлиси, камида 207 мингта оила қўшимча даромад манбаига, ҳар бир кредит олган фуқаро ҳеч бўлмаганда ўзини иш билан таъминлаш имконига эга бўлди.

Албатта, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ишларини янада жадаллаштириш, тадбиркорлик субъектларининг кредит таъминоти масаласини ечишга кўмаклашишда меъёрий-ҳуқуқий асоснинг ўрни ўзига хосдир. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 10 февралдаги “Кичик тадбиркорликни ривожлантириш Кафолат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги, 2017 йил 17 мартдаги “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур қарорлар тадбиркорликни энди бошлаётган ва юридик шахс мақомида бўлмаган оилавий тадбиркорларга бундай фаолиятни амалга ошириш учун енгиллаштирилган шартларда (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги ёки сотиб олинаётган маҳсулотни кредит гаровига қўйиш орқали) энг кам иш ҳақининг 20 дан 60 бараваригача бўлган миқдорда микрокредит олиш учун катта йўл очиб берди.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, Президентимиз томонидан банк тизими олдига қўйилган долзарб вазифаларнинг вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш ўз навбатида, банк тизимини янада молиявий мустаҳкамлаш борасида бир қатор тадбирларни амалга оширишни тақозо этиши табиий. Бу борада ҳам давлатимиз раҳбарининг тижорат банклари молиявий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг капиталига қўшимча маблағлар киритиш юзасидан бир нечта қарорлари қабул қилинди.

Натижада 2017 йил 1 апрель ҳолатига кўра, тижорат банкларидаги депозитларнинг ҳажми 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 фоизга ошиб, 47,4 трлн. сўмга етди. Банклар жами депозитлари ҳажмида муддатли депозитларнинг улуши жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйича 79 фоизни ташкил этди. Иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредит қўйилмалари қолдиғи ҳисобот даврида 2016 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 29,9 фоизга ошиб, 57,3 трлн. сўмга етди. Мазкур кредитларнинг 80 фоиздан зиёди инвестициявий мақсадларга йўналтирилган узоқ муддатли кредитлардир. Шунингдек, 2016 йилнинг мос даврига нисбатан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-лойиҳаларини молиялаштиришга ажратилган кредитлар ҳажми 2,6 баробарга, оилавий тадбиркорлик ва халқ ҳунармандчилигини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар 2,1 баробарга, тадбиркор аёлларга ажратилган имтиёзли кредитлар 1,3 баробарга ўсганлиги тижорат банкларининг ушбу соҳаларга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолатдир.

Бундан ташқари, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилаётган банк инвестициялари ҳажми ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Айни шу мақсадлар учун 2017 йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан жами 1,7 трлн. сўм миқдорида, 2016 йилга нисбатан 1,2 баробарга кўп инвестицион кредитлар ажратилган.

Кейинги йилларда қишлоқлар қиёфасини замонавийлаштириш, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражасини яхшилаш ва дунёқарашини ўзгартириш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилишида ҳам тижорат банкларининг фаол иштирокини кўриш мумкин.

Умуман, мамлакатимиз банклари фаолиятига оид бу каби кўрсаткичлар кўринишидаги мисоллар оддий рақамлар эмас, улар орқали аҳоли даромади оширилмоқда, тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектлар ривожланмоқда. Бунга эса юртимизда ҳар томонлама яратилган шарт-шароит, берилаётган имтиёз-у проференциялар, улкан имкониятлар асосий омил бўлмоқда.

Мамаризо Нурмуратов,
Олий Мажлис Сенатининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.

http://www.biznes-daily.uz/ru/gazeta-birja/47812--farovonlikning-asosiy-garovi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati