O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Коммунал хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланади

25.04.2017

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар халқчиллиги, инсон манфаатларига ҳамда юртимиз тараққиётига хизмат қилишга қаратилаётгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Буни кўплаб ҳаётий мисоллар орқали кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Биргина уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини олайлик. Айтиш жоизки, мустақиллик йилларида юртимизда ушбу соҳани тартибга солиш, бозор муносабатларига мослаштириш борасида кенг қамровли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Шундай бўлса-да, бугунги шиддатли давр ҳар бир соҳани замон талаблари асосида янада такомиллаштиришни тақозо этаяпти.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 18 апрелда имзоланган “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам бевосита аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, сифатли уй-жой коммунал хизматлари билан қамраб олиш, соҳада фаолият юритаётган ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашда муҳим босқични бошлаб берди.

Айни пайтда юртимизда фаолият юритаётган 4 мингдан зиёд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари 32,4 мингдан ортиқ кўп хонадонли уйларни ўз таркибига бирлаштирган.

Сўнгги йилларда аҳоли сони муттасил ўсиб боришига қарамасдан, уй-жой билан таъминлаш даражаси киши бошига 1991 йилдаги 12,4 квадрат метр ўрнига 15,2 квадрат метрга етди. Аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида марказлаштирилган давлат капитал қўйилмаларини йўналтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали сув, канализация ва иссиқлик таъминоти -тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш чора-тадбирлари тизимли равишда амалга оширилаётир.

Аммо бу каби ишлар самарадорлиги юқори даражада, деб бўлмайди. Маҳаллий ҳокимиятлар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолиятини етарлича мувофиқлаштира олмаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Биз, парламент аъзолари ҳудудларда бўлганимизда, аҳолининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳақли эътирозлари гувоҳига айланаяпмиз. Демак, Президентимизнинг мазкур Фармони ўз вақтида қабул қилингани ва бу борадаги камчиликларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат вазифасини ўташи билан ҳам жуда катта аҳамиятга эга.

Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияларининг ташкил этилиши кўп хонадонли уй-жой фонди ҳамда унга туташ ҳудудлар тозалигини сақлаш, улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини, кўчмас мулк эгаларининг уйларни капитал таъмирлаш учун тўланадиган маблағидан оқилона фойдаланишни тартибга солади.

Шу билан бирга, Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси фаолиятининг йўлга қўйилиши билан ажратиладиган маблағларни, аввало, кўп хонадонли арзон уй-жой фонди, сув, канализация ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, капитал ҳамда жорий таъмирлаш, махсус техника ва ускуналар, машина ҳамда механизациялар билан таъминлаш ва бошқа мақсадларга йўналтириш кўзда тутилган.

Қолаверса, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари қошида “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” давлат унитар корхоналари ҳамда уларнинг шаҳар ва туман филиалларини ташкил этиш ҳам инобатга олинган бўлиб, бу аҳоли оғирини енгил қилиш, уларга муносиб яшаш шароитлари яратилишида алоҳида ўрин тутади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Уй-жой кодексларига ҳамда “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги Қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Биз, сенаторлар жойларда аҳоли билан бўлиб ўтадиган мулоқотларда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини уларга чуқур етказиб беришда фаол бўлишимиз, уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, ушбу ҳужжат ва унда белгилаб берилган вазифаларнинг амалиётга изчил татбиқ этилиши фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш, уй-жой коммунал хизмат сифатини тубдан яхшилаш, муҳими, халқимиз ҳаёт даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Муҳаммаджон МАҚСУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9977-kommunal-khizmat-k-rsatish-sifati-tubdan-yakhshilanadi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati