O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Сарҳад билмас дўстлик

24.05.2017

Оммавий ахборот воситаларида Президентимизнинг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Бу Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати, бағрикенглиги, бутун дунёга дўстлик қўлини узатиб, тенглик асосида ҳамкорлик таклиф қилаётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Дўстлик чегара, масофа билмайди. Сайёрамизнинг қайси қитъасида эканлигидан қатъи назар, бизга хайрихоҳлик билдирган давлатларга, халқларга ҳамиша самимий дўстона муносабатда бўлиш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида -Президентимизнинг республикамизни ривожлантириш стратегиясида ҳам алоҳида таъкидланган. Эътиборли жиҳати, мазкур Стратегияда белгиланган ҳаётий зарур вазифалар дастур эълон қилинган кунданоқ амалга татбиқ этилиб, бу жараён изчил олиб -борилмоқда. Жумладан, яқинда Ўзбекистон — Латвия парламентлараро дўстлик гуруҳининг вакиллари Сенат Раиси бошчилигида Болтиқбўйи давлатида бўлиб, бир қатор ўзаро манфаатли келишувларга эришиб, келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олишди.

Сафаримиз давомида Латвия ҳукумати вакиллари, халқи томонидан бизга илиқ муносабат кўрсатилди. Бунинг замирида Биринчи Президентимизнинг кўп йиллик дўстона сиёсати самараси мужассам. Айниқса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари, ғайрат-шижоати, адолатпарварлиги, халқсеварлигини латиш дўстларимиз ҳам чин юракдан эътироф этиб, юксак баҳолашаяпти.

Айнан ўша кунлари Хитойга амалга оширган давлат ташрифи доирасидаги олий дара-жадаги учрашувларда Президентимиз ташаббуси билан тузилган 23 миллиард долларлик шартномалар латвиялик дўстларимизни ҳайрон қолдирди. Маҳаллий ҳамроҳларимиздан бири Кирилл Тенишев “Бу шартномалар Юртбошингизга, юртингизга дунё ишонаётганининг далилидир”, деди ҳавас билан.

Дарвоқе, иқтисодиёт ҳақида гап кетганда, алоҳида урғу бериш мумкинки, Латвия Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларимиздан бири бўлиб, биргина 2016 йилда қарийб 300 миллион АҚШ долларига тенг олди-сотди ишлари амалга оширилди. Бу кўрсаткич Европа Иттифоқи миқёсида Германиядан кейинги натижа саналади. Аҳамиятли жиҳати, ўзаро ҳамкорликдаги иқтисодий самаралар йил сайин ортиб бораяпти. Хусусан, биз ушбу мамлакатга пахта толаси, трикотаж маҳсулотлар, калава ип, транспорт хизматлари, мева-сабзавот, пластмасса, рангли металлар кабиларни етказиб берсак, Латвиядан енгил саноат ускуналари, электротехника ва машинасозлик учун турли анжомлар, озиқ-овқат, фармацевтика маҳсулотлари, транспорт хизматлари, оптик жиҳозлар олиб келинаётир.

Сейм раиси Инара Мурниеце, Бош вазир Марис Кучинскис билан бўлган суҳбатларда давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлашнинг ҳозирги ҳолати имкониятларимиз даражасида эмаслиги такрор-такрор таъкидланди. Қалбан яқин, сиёсий маслаги уйғун тинчликсевар икки мамлакат савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликда ҳам бундан-да юксак натижаларга эришиши аниқлиги эътироф этилди. Мазкур фикр-мулоҳазалар икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида ўтказилган бизнес-семинарда ҳам ривожлантирилди. Айни йўналишдаги муносабатларни янада яхшилаш мақсадида Латвия томонидан Ўзбекистон Европа бозорига чиқишида Рига эркин порти хизматидан кенгроқ фойдаланиши мумкинлиги таклиф қилинди. Бундан ташқари, ўша кунлари муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори ярмидан кўпи ўрмон билан қопланган Латвия давлатидаги дўстларимизни қувонтириб, бу борада ҳам ҳамкорлик ўрнатиш зарурлигини билдиришди. Шунингдек, чиқиндиларни чуқур қайта ишлаш саноатини -изчил йўлга қўйиш, қолаверса, улардан биогаз олиш орқали иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш имкониятларини берувчи техно-логияларни олиб кириш таклифи билан чиқишди.

Бинобарин, озиқ-овқат хавфсизлиги, жониворлар саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси илмий-текшириш институти (BIOR)да бўлиб ўтган учрашувда ҳам бир қатор ўзаро манфаатли таклифлар илгари сурилди. Хусусан, ҳозирги кунда Европа қитъаси аҳолисини ташвишга солаётган озиқ-овқатлар таркибидаги сунъий қўшимчалар — пестицидлар миқдорининг юқорилиги масаласига жиддий эътибор қаратилди. Чунки егуликлар таркибида пестицидларнинг ортиб бориши келгуси авлод саломатлигига, ақлий салоҳиятига бартараф этиб бўлмас даражада салбий таъсир кўрсатиши аллақачон исботланган. Шунинг учун бир пайтлар ҳосилдорлик салмоғи ортидан қувиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига сунъий қўшимчалар аралаштиришга зўр берган “кўҳна қитъа” мутахассислари бугунги кунда ўзлари ҳар қандай кимёвий аралашмаларга қарши чиқмоқдалар. Айни талабларга мувофиқ ташкил этилган, биздаги, Марказий Осиёда ягона бўлган мана шу тизимга улар катта умид ва ишонч билан қарамоқдалар. Яъни юртимиздаги мутахассислар минтақадаги озиқ-овқатлар сифатини текшириб хулоса берса, маҳсулот бемалол Европа бозорларига чиқиши мумкин. Бундан қўшни давлатларимиз ҳам манфаатдор, албатта.

Ташриф давомида Озодлик ёдгорлигига гулчамбар қўйилди, санъат музейида бетакрор асарларни томоша қилдик. Айниқса, Латвия миллий кутубхонасида вакилларимиз билан латиш кутубхоначилари ўртасида меморандум имзоланганига гувоҳ бўлганимиздан бошимиз осмонга етди. Умумий ҳудуди 4,2 гектар ерни эгаллаган 12 қаватли муҳташам кутубхонада тўрт миллиондан ортиқ китоб сақланаркан. Зиё масканига ҳар куни минг нафардан кўпроқ ўқувчилар келади. Биз Парламент ва Ёзувчилар уюшмаси номидан ҳазрат Алишер Навоийнинг рус тилига ўгирилган асарларини тақдим қилганимизда, кутубхона мутасаддилари беҳад қувонди. Шу ерда ўтказилган учрашувда буюк латиш шоири Имант Зиедонис ижодидан ўзбекча намуналар ўқиганимизда, шоирнинг китоби она тилимизда ўн минг нусхада чоп этилганини айтганимизда, мезбонлар гулдурос қарсаклар билан олқишлашди. Латвия Ёзувчилар уюшмаси билан ҳам ижодий ҳамкорлик қилиш, адабиёт ва санъат кунлари ўтказиш таклифини билдирганимизда уларнинг ҳукумат ҳамда парламент раҳбарлари хурсандчилик билан қўллаб-қувватлашларини таъкидлашди. “Адабиёт ва санъат халқ дипломатиясининг қўшқанотидир”, деди Сейм спикери.

Қисқаси, сафаримизнинг ҳар лаҳзаси унумли, баракали, ҳаяжонли ўтди. Айниқса, буюк бобомиз Мирзо Улуғбекка Рига шаҳрида қўйилган ёдгорлик ҳайкалини кўрганда, ғуруримиз Улуғбек кашф этган юлдузлар қадар юксалди. Қувончимизни Даугава -дарёсидек тоширган яна бир муҳим жиҳат — бобомиз пойи Латвия гуллари ва гулчамбарлари билан чулғаниб ётарди. Юлдузи юлдузига мос келган бу икки қадим ҳамда заҳматкаш халқни маърифат, адабиёт, санъат, сиёсат, иқтисод ва қалб йўллари ҳамиша бирлаштириб туради. Зеро, бошимиз узра дўстлик деб аталган йўлчи юлдуз чарақлаб турибди.

Иқбол МИРЗААЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10234-sar-ad-bilmas-d-stlik

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati