O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Давлат хизматлари сифати тубдан яхшиланади

19.12.2017

Авваллари тадбиркорликни йўлга қўйиш учун бирор фирма ёки корхона очишни ният қилган одам ҳужжат тўғрилайман, деб кўп сарсон-саргардон бўларди. Сабаби маълум, минг бир идорага бош суқиб, керагу кераксиз маълумотнома ва бошқа ҳужжатлар йиғиб келарди. Қолаверса, ҳар бир муассасада соатлаб сарғайиб навбатда турар, устига-устак, мутасаддиларнинг беписанд муомаласига дуч келиб, хуноби ошарди.

Тадбиркорларни ўз бизнеси ёки бошқа муаммолари эмас, мана шундай қоғозбозлик, оворагарчиликлару югур-югурлар тинкасини қуритарди. Олтинга тенг вақтини бой берарди. Оддий фуқароларни-ку, айтмаса ҳам бўлади.

Тараққиёт ғилдирагини секинлатиб турган ушбу долзарб масалага давлатимиз томонидан ўз вақтида эътибор қаратилди. 2003 йилда туманлар ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари ташкил этилиб, “ягона дарча” тамойили бўйича хизмат кўрсата бошлагач, бу борадаги ишларда силжиш кузатилди. 2016 йил 1 январдан эса, мазкур инспекциялар негизида ташкил қилинган Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари томонидан янада соддалаштирилган хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Жорий йил 1 февралдан Ягона марказлар Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги муҳим қадам бўлди. Вертикал бошқарувни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бундай тизим ишга тушгандан сўнг тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди.

Бу нимани англатади? Илгари бир қучоқ ҳужжат йиғиб келган тадбиркор саноқлигина хизмат туридан фойдаланган бўлса, Ягона марказлар иш бошлагач, саноқлигина ҳужжат тақдим қилган ҳолда, бир олам хизмат туридан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Давлат хизматларини кўрсатиш борасида қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ана шундай самарали чора-тадбирлар туфайли юртимизда ижобий натижалар қўлга киритилди. Биргина мисол, 2017 йил 1 апрелдан эътиборан рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини яратувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилгани “Doing Business 2018” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга кўтариш имконини берди. Бу дунё миқёсида ҳавас қилса арзигулик кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Албатта, қўлга киритилган натижа, ютуқ бизни фақатгина бугун қаноатлантириши мумкин. Эртани, келажакни ўйлаган халқ эса узоқни кўзлаб иш юритади. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда бу борада йиғилган тажрибани янада бойитиб, тартиб-таомилларни такомиллаштириш, энди нафақат тадбиркорлар, балки оддий фуқаролар учун ҳам бир жойда, бир зумда давлат хизматларини кўрсатишга шароит яратади, десак, асло янглишмаймиз.

Бинобарин, ушбу ҳужжатда тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга хизматларни тақдим қилувчи Давлат хизматлари марказларига айлантириш белгиланди. Мазкур марказлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритиши эса айни муддао бўлди. Чунки давлат хизматлари кўрсатишда ўзига хос институт бўлган Халқ қабулхоналари қисқа муддатда фуқароларимизнинг миллионлаб муаммо ҳамда масалаларига ечим топиб, давлат ва халқ ўртасида ишонч кўприги бўла олди. Энди Халқ қабулхоналари ҳамда Давлат хизматлари марказлари туман (шаҳар) миқёсида яхлит фаолият олиб бориб, давлат хизматлари кўрсатишнинг янада самарали тизимини шакллантиришга имкон бериши, шубҳасиз.

Мазкур соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш масъулияти юкланган алоҳида давлат органи — Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бўлинмалари билан ташкил этилгани яна бир муҳим янгилик бўлди. Бу рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг уйғунлиги ва изчиллигини таъминлайди, давлат хизматларини сифатли бажариш учун ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг жавобгарлигини оширади.

Эндиликда “ягона дарча” тамойили нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки бевосита фуқароларга ҳам хизмат кўрсатишда амал қилади. Сабаби, 2018 — 2020 йилларда жорий этилишига қараб Давлат хизматлари марказларида “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган 58 та давлат хизматининг рўйхати тасдиқланган. Хусусан, уй-жойларнинг сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуришни амалга оширишга рухсатнома, тураржой бўйича рўйхатга олиш (прописка), рўйхатдан чиқариш ҳамда ҳисобга қўйиш, турли архив маълумотномалари, патентлар, гувоҳномалар ва расмий ҳужжатлар дубликатларини олиш каби аҳоли талаби юқори бўлган хизматлар шулар жумласидандир.

Демак, бундай кенг имкониятнинг яратилиши фуқароларимизнинг кундалик ҳаётини жиддий равишда енгиллаштириб, бюрократия ҳамда сансалорлик ҳолатларини бартараф этишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Қисқача айтганда, эндиликда “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили амалда мустаҳкам қарор топади. Давлат хизматлари бир нуқтада, сифатли, тезкор кўрсатилади.

Мухамет ДЖУМАГАЛДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси.

http://xs.uz/index.php/homepage/i-tisodijot/item/12668-1

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati