O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ҳаётбахш ислоҳотлар, эзгу саъй-ҳаракатлар парламент юқори палатаси ялпи мажлисида кўрилган масалаларнинг мазмунини ташкил этади

21.12.2017

Аввал хабар қилинганидек, Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида жамиятни изчил янгилаш, аҳоли турмуш сифатини янада яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда рўёбга чиқаришга қаратилган қатор масалалар кўриб чиқилмоқда. Мухбиримиз уларнинг айримлари мазмун-моҳияти ҳақида сенаторлар фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Мухамет ДЖУМАГАЛДИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси:

— Мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ўзгаришлар жараёнида тинчлик, осойишталикни асраш, одамлар эмин-эркин ишлаши ҳамда яшаши учун ҳар томонлама шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди, десак, асло янглишмаймиз. Жумладан, иқтисодиётдаги ислоҳотлар Ўзбекистонни юзлаб, минглаб йирик ва истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётган бунёдкорлик майдонига айлантирди.

Албатта, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида келтирилганидек, бугунги кунда дунё миқёсида шафқатсиз рақобат тобора кескин тус олмоқда. Бундай мураккаб шароит аҳоли фаровонлигини юксалтириш, давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳасини барқарор ривожлантириш, Ватанимизнинг ёруғ келажагини бунёд этиш учун қатъий, чуқур ўйланган ва пухта иқтисодий, молиявий сиёсат олиб боришни тақозо қилади. Шу боис ҳам сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масала муҳокамасига алоҳида эътибор қаратишди.

Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатида маҳаллий ҳокимият органларининг молиявий мустақиллигини янада ошириш бўйича аниқ механизмлар кўзда тутилгани, айниқса, диққатга сазовор. Жорий йилдан бошлаб, маҳаллий бюджетларнинг прогнозлари ошириб бажарилган қисмини тўлиғича маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида қолдириш амалиёти йўлга қўйилгани бугун ўз самарасини бераяпти. Бундай рағбатлантириш тартиби натижасида жами маҳаллий бюджет даромадлари 2016 йилдагига нисбатан 20 фоиз кўпайди. Жорий йилнинг тўққиз ойида даромадларни белгиланган режа кўрсаткичларидан ортиғи билан бажариш натижасида 504 миллиард сўмлик маблағ маҳаллий ҳокимиятлар ихтиёрида қолдирилди. Бу саъй-ҳаракатлар келгуси йилда ҳам изчил давом эттирилиши ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жойларда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Мақсуда ВОРИСОВА,
Зангиота туманидаги “Назарбек” қишлоқ врачлик пункти мудири, сенатор:

— Саломатлик — бебаҳо бойлик. Бу давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборидаги масаладир. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, фуқаролар соғлиғини сақлаш, шу тариқа уларнинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга ҳар қачонгидан-да жиддий эътибор қаратилаяпти. Энг муҳими, тиббий хизмат бемор келишини кутиб ўтирмасдан, касалликнинг олдини олиш учун хонадонларга кириб бормоқда.

Жорий йилда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан яхшилаш учун ажратилаётган маблағлар ва бошқа ресурсларнинг кескин оширилгани, 2018 йилда биргина аҳолини сифатли дори-дармон билан таъминлашга ажратилаётган маблағни қарийб уч баробар ошириш назарда тутилаётганининг ўзи бу борадаги ишлар кўлами нечоғли кенг эканининг яққол далилидир.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати автотранспортини замонавий техника ҳамда аппаратура билан жиҳозлаш, республика шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасалари диспетчерлик хизматларининг ягона ахборот базаси ва маълумотлар узатиш тармоғини ташкил қилиш масаласи ҳам четда қолмаган. Мазкур тадбирлар учун келгуси йил Давлат бюджетида жами 141 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилиши назарда тутилган. Ҳомиладор аёллар ҳамда болаларда скрининг текширувларини тўлиқ ўтказиш мақсадида барча туман ва шаҳарларга юқори технологияли УЗИ-скрининг аппаратларини сотиб олишга 51,2 миллиард сўм, скрининг марказларини реактивлар, реагентлар ҳамда сарфлаш материаллари билан таъминлаш учун эса қарийб 28 миллиард сўм йўналтирилаётгани ҳам ана шу ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Солижон МЎМИНОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Бугун юртимизда давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш ва модернизация қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида электрон порталлар ва маълумотлар базалари яратилди. Хусусан, рухсат берувчи ҳужжатлар ҳамда лицензия олишни соддалаштириш учун махсус веб-сайтлар ишга туширилди. Давлат хизматларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш туфайли тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг тартиб-таомиллари 4 марта, рўйхатга олиш учун зарур вақт эса 30 дақиқагача қисқартирилди. Шу билан бирга, сўнгги йилда амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг холис таҳлили, давлат бошқаруви органлари фаолияти, аҳоли билан очиқ ҳамда тўғридан-тўғри мулоқот натижалари мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ҳал этишга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатди.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун ушбу муаммоларни тизимли ҳал қилган ҳолда, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлиги ҳамда очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш, жамият ҳамда бизнес билан ўзаро ҳамкорлик қилишда ортиқча маъмурий сарф-харажатларга барҳам бериш имконини яратади. Қонун амалиётга татбиқ этилиши билан давлат хизматидаги ўзбошимчалик, суиистеъмол қилиш, коррупция ва бошқа салбий ҳолатлар жиддий камаяди, маъмурий жараённинг шаффофлиги таъминланади.

Ботир МАТМУРАТОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:

— Президентимиз ташаббуси билан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизими — маъмурий судлар ташкил этилди. Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ушбу тизим фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Негаки, кўп йиллардан бери давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш Фуқаролик ҳамда Хўжалик процессуал кодексларига мувофиқ, фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилаётган эди.

Эндиликда фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат идоралари томонидан бузилса, улар ҳар бир туман ҳамда шаҳарда тузилган маъмурий судларга мурожаат қилишлари мумкин. Хабарингиз бор, илгари ҳеч бир туманда бундай судлар фаолият юритмагани туфайли одамлар ўз муаммоларига вақтида ечим тополмасдан сарсон бўларди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартибини белгилаш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий тартиб-таомилларини жорий этишга қаратилган.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни адолатли ҳал қилиш фуқароларнинг Конституция ҳамда қонунларимиз билан кафолатланган ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини муҳофазалашда алоҳида ўрин тутади. Шу боис бундай низоларнинг суд тартибида ҳал этилиши мамлакатда демократик тамойилларнинг амал қилишини янада кенгайтиради. Қисқача айтганда, фуқаро билан давлат ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этишда фуқаролар ҳуқуқларининг устуворлиги кафолатланади.

Тоҳир БАҲРОНОВ,
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Бухоро халқаро аэропорти директори, сенатор:

— Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси юртимиз учун том маънодаги тарихий аҳамиятга эга бўлган 2017 йилнинг якуни арафасида ўтказилаётганида ўзига хос маъно бор. Бу, барча қатори, сенаторларга ҳам ортда қолаётган йилда ўз фаолиятига холис ва танқидий баҳо бериш, олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб олиш имконини яратади.

Бинобарин, ўтаётган йилнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, Президентимиз томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимизда ғоят қисқа муддатда тарихий ўзгаришлар амалга оширилди ҳамда шу тариқа мисли кўрилмаган юксалиш йўлига қадам қўйилди. Энг муҳими, ҳаётбахш ислоҳотлар ва уларнинг шиддати жамиятнинг барча жабҳасини бирдек қамраб олди ҳамда амалий натижалар ҳам шунга мос равишда тез фурсатларда кўзга ташланди. Чунончи, давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган янги ва прагматик ташқи сиёсат, авваламбор, Ўзбекистон учун жаҳоннинг илгари очилмаган эшикларини очди. Ўз навбатида, Ўзбекистон дунё миқёсидаги долзарб масалалар муҳокама этиладиган, эзгу мақсадлар йўлида халқаро ҳамжамиятнинг бошини қовуштиришга қодир бўлган маконга айланди. Бунда яқин қўшниларимиз билан алоқалар ҳамда ҳамкорлик мутлақо янги босқичга олиб чиқилди. Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган долзарб масалалар, жумладан, қатор халқаро шартнома ҳамда ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам ушбу йўналишда эришилган ютуқ ва марраларимизни мазмунан бойитиш, олдимизда турган вазифаларнинг ҳуқуқий негизини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шарипжон ЮЛДАШЕВ,
“Қўқон механика заводи” акциядорлик жамияти директори, сенатор:

— Поёнига етаётган 2017 йилда мамлакатимиз иқтисодиёт соҳасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар тараққиётнинг янги уфқларини очди. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бугун юртимизда тадбиркорлик ҳамда кичик бизнес ривожига халал берувчи бирор-бир сунъий тўсиқ қолмади. Албатта, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмлари тобора такомиллашиб бораётгани диққатга сазовордир.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда миллий суд тизимида янги маъмурий ҳамда иқтисодий судлар ташкил этилди. Қолаверса, ушбу институционал ўзгаришлар амалда бўлган маъмурий, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий қонунчилигини такомиллаштиришни талаб этди. Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси амалдаги Хўжалик процессуал кодексидаги камчиликларни бартараф қилиб, унинг нормаларини замон талабларига мос равишда такомиллаштирган ҳолда, иқтисодий судларимизда суд иш юритувини амалга ошириш тартибини белгилаб бераяпти. Кодекснинг янгиликларидан бири шундаки, иқтисодий судларга мурожаат этиш шакллари аниқ белгилаб берилмоқда. Унга кўра, иқтисодий судларга фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан вужудга келадиган низолар бўйича даъво аризаси билан, буйруқ тартибида иш юритиш, алоҳида тоифадаги ишлар бўйича ариза билан ҳамда апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига шикоят (протест) шаклида мурожаат этиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12720-79

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati