O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Мурожаатлар — сенаторлар назоратида

19.10.2017

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида келтирилганидек, мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган чуқур ислоҳотлардан кўзланган мақсад “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборатдир.

Мана шу улуғвор мақсад бугун ҳаётимизда юз бераётган жадал ўзгаришларга, аҳоли кенг қатламида ижтимоий фаоллик сезиларли равишда ортишига ва ўз навбатида, давлат органларининг халқ олдидаги масъулияти кучайиб боришига замин яратмоқда. Айниқса, фуқаролар билан доимий ва очиқликка асосланган мулоқотларнинг йўлга қўйилгани, уларни ўйлантираётган, қийнаётган масалаларни ҳал этиш давлат ва жамият тузилмалари олдидаги биринчи даражали вазифага айлангани халқимизда ўз орзу-истаклари рўёбга чиқишига, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилаяпти.

Хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида мурожаатларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашда юзакичилик, “Мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилидаги ёндашув, расмиятчилик, сансалорлик каби ҳолатларнинг олди олиниб, одамларнинг оғирини енгил, турмушини фаровон қилиш учун барча омил сафарбар этилаётир. Бир пайтлар раҳбар ёки мансабдор қабулига кира олмай, ойлаб, йиллаб дарду ташвиши билан сарсон бўлган фуқароларнинг мурожаатлари ҳар томонлама ўрганилиб, адолатли ечим топилмоқдаки, бу пировардида жойларда қонун ҳужжатлари ижросидаги бўшлиқ ва камчиликларга барҳам бераяпти.

Мурожаатлар соҳасидаги қонунчилик талабларининг бажарилишида парламент вакиллари, жумладан, сенаторларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги айни заруратдир. Бинобарин, фуқароларнинг муаммо ва ташвишларини ўрганиб, олинган хулосалар ва жамоатчилик таклифларини янги қонунлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш жараёнида татбиқ этиш, парламент назоратининг самарадорлигини кучайтириш улар зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига жисмоний ва юридик шахслардан 6 минг 238 та мурожаат келиб тушган бўлиб (1 минг 249 таси электрон шаклда юборилган), уларнинг салмоқли қисми юқори палатанинг тегишли қўмиталари саъй-ҳаракати билан қонун доирасида ҳал этилган. Бунга ҳамоҳанг равишда сенаторлар томонидан фуқаролар қабули йўлга қўйилган. Таъкидлаш жоизки, ушбу қабулларда кўтарилган ижтимоий-иқтисодий долзарб масалалар масъул вазирлик, -идора ва ташкилотлар мутасаддилари иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, ижобий натижаларга эришилмоқда.

Таҳлиллар Олий Мажлис Сенатига жисмоний ва юридик шахслар йўллаётган мурожаатларнинг ярмидан кўпи — 62,6 фоизи суд, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан боғлиқлигини кўрсатаяпти. Ҳудудий кесимда олиб қараганда, бундай мурожаатлар кўпроқ Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё ва -Самарқанд вилоятлари аҳолиси ҳиссасига тўғри келаётир. Ижтимоий таъминот, яъни нафақа ва пенсиялар олиш, ишга жойлашиш, шунингдек, банклар хизматидан фойдаланишда сунъий тўсиқ ва оворагарчиликлардан чарчаган, қонуний манфаатини ҳимоя қилишларини сўраётган ҳамюртларимиз ҳам оз эмас. Айни мазмундаги -мурожаатлар асосан Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахтимиздан келиб тушмоқда.

— Сўнгги пайтларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятига оид мурожаатлар сони кескин ошиб бораяпти, — дейди Олий Мажлис Сенати девони -Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири Б. Мусаев. — Бу эса ҳудудлардаги айрим идора ва ташкилотларда ҳамон мурожаатларга, демакки, инсонлар дардига, тақдирига бефарқ қараш, бугунги кун талаби — халқни рози қилиш -масъулиятини етарлича ҳис этмаслик ҳолатлари учраётганидан далолат беради. Албатта, ушбу мурожаатлар юзасидан олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар натижасида қатор фуқароларнинг муаммою ташвишлари ечимини топмоқда. Парламент аралашуви билан турли соҳалардаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, авваламбор, инсон ҳуқуқ ва -манфаатлари таъминланмоқда.

Мисол учун, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан О. Ҳасановнинг ички ишлар тизимидан ноҳақ бўшатилгани тўғрисидаги мурожаати Сенатнинг Мудофаа ва -хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди. Ушбу фуқаро муаммоси белгиланган тартибда ўрганилди ва мурожаатда келтирилган важлар асосли, деб топилди. Ниҳоят бир инсон яна ўз севган касбига қайтди.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан бўлган С. Рустамованинг эса тоза ичимлик суви таъминотидаги узилишларни бартараф этиш ва ўзи яшаётган ҳудудда тармоққа -ноқонуний уланиб олган шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш ҳақидаги мурожаати Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди. Ўрганишлар ниҳоясида С. Рустамованинг талаби қаноатлантирилди.

Бундан ташқари, Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси кўмагида Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридан М. Муратованинг қизи Республика онкология марказида операция қилиниб, саломатлиги тикланди.

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида яшовчи фуқаро С. Қўшматовнинг мурожаатига кўра, “Жамуродов Шоҳрух” фермер хўжалигига асоссиз равишда олиб қўйилган 6 гектар ер майдони боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланиш учун қайтарилди. Шунингдек, қўмиталар томонидан қатор фуқароларнинг электр, газ ва ичимлик суви таъминотини, ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилашга доир мурожаатлари юзасидан зарур чоралар кўрилди. Буларнинг барчаси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли турмуш фаровонлигини изчил юксалтириш, оилаларда муносиб ҳаёт даражасини кафолатлаш йўлида аниқ манзилли ишлар кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади.

— Лекин, мурожаатлар билан танишиш асносида уларда келтирилган муаммоларнинг жуда кўп қисмини энг қуйи бўғинда — маҳалла ва туман даражасида ҳал қилиш мумкин бўлган масалалар ташкил этаётганини ҳам айтиб ўтиш керак, — дейди Б. Мусаев. — -Масалан, Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида яшовчи У. Бегулиев бошчилигида ядро полигонларида хизмат қилган тўққиз нафар меҳнат фахрийсининг бепул ойлик йўл чипталари ажратиш ҳақидаги мурожаати Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди. “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг ўз ички имконияти ва ҳомийлик асосида ушбу фуқароларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ойлик йўл чипталари ажратилиши таъминланди. Ваҳолонки, бу масала мутасаддилар томонидан ўз вақтида ҳал қилинганида, бу инсонлар ортиқча овора бўлмас, сенаторлар аралашувига ўрин қолмасди. Қолаверса, амалиётда такрорий мурожаатлар ҳам тез-тез учрайдики, бу маҳаллий ҳокимликларнинг, манфаатдор идора ва ташкилотлар раҳбарларининг фуқаролар мурожаатларига янада жиддий эътибор қаратиши зарурлигидан далолат беради. Шу ўринда жорий йилнинг августида мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. У мурожаатлар борасидаги вазиятни яхшилаш орқали халқимизга қулайликлар яратишда мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги қонунчилик талабларининг қатъий бажарилиши халқ билан давлат идоралари ўртасида шаффоф муносабат ўрнатилишига хизмат қилади

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/11492-murozhaatlar-senatorlar-nazoratida

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati