O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ижтимоий адолатни қарор топтириш

19.09.2017

Янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонундан кўзланган асосий мақсаддир

Бугун давлат органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар тобора қизғин суръат касб этмоқда. Айни пайтда халқ билан доимий ҳамда очиқликка асосланган мулоқотлар олиб бориш, аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал қилишни биринчи даражали вазифа, деб билиш улар -фаолиятининг бош мезонига айланаяпти.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрда имзоланган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони -фуқаролар ҳамда давлат ўртасидаги муносабатларда очиқликни, шаффофликни таъминлашда янги саҳифа очди. Раҳбар ва мансабдор шахсларда одамлар дарду ташвишларига ечим топишга нисбатан ўзибўларчилик, совуққонлик ҳамда бюрократик ёндашувга чек қўйишга туртки берди. Бинобарин, мурожаатларнинг салмоқли қисмини ислоҳотларнинг жойларда ўз амалий тасдиғини топмаслиги, қонунлар ижросидаги камчиликлар, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ шикоят, талаб ҳамда истаклар ташкил этиши барчамизга яхши аён.

Фармон доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, ҳудудларда эса Халқ қабулхоналари йўлга қўйилгани мурожаатлар билан ишлашнинг натижадор, ҳаётий механизмини яратди. Жамиятда ижтимоий адолатни, қонун устуворлигини қарор топтиришда дадил қадам қўйилди. Ушбу институт жорий қилинганига у қадар кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин у туфайли ҳозирги кунда одамларимизда ўз мурожаати эътибордан четда қолиб кетмаслигига ишонч ортиб бормоқдаки, буни шу йилнинг ўтган етти ойида Виртуал қабулхонага 1 миллиондан ортиқ, Халқ қабулхоналарига эса 222 мингта мурожаат келиб тушгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги бундай залворли ўзгаришлар амалдаги қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини давр талаблари ва илғор хорижий тажрибалар таҳлилидан келиб чиқиб, янада такомиллаштиришни тақозо этиши табиий. Шу нуқтаи назардан, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида “Жисмоний ва юридик -шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгилангани айни муддао бўлди.

Албатта, мамлакатимизда фуқароларнинг ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ҳамда шикоятлар билан мурожаат қилишга доир конституциявий ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида қатор қонунлар, қонуности ҳужжатлари амалиётга йўналтирилган. Бироқ бугунги шиддатли ислоҳотлар жараёни ушбу қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирди. Хусусан, 2014 йилдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун нормаларининг амалий доираси чекланган бўлиб, фақат давлат органларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаатлар юзасидан ижтимоий муносабатлар тартибга солинган. Ваҳолонки, ўрганишлар халқимизни ташвишлантираётган масалалар нафақат давлат, балки хўжалик бошқаруви органлари, компаниялар, банклар, деҳқон бозорлари, касаба уюшмалари каби нодавлат тузилмалар фаолиятига ҳам дахлдор эканини кўрсатди.

Қисқаси, жисмоний ҳамда юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизимидаги мавжуд бўшлиқлар кўплаб фуқароларнинг норозилик кайфиятида давлат органларига такроран мурожаат этишига олиб келаётганди. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 сентябрдан кучга кирган янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни шу каби кўплаб ечимталаб масалаларни бартараф этиши билан ғоят аҳамиятлидир.

Қонунда мурожаатларнинг янги шакллари белгиланиши баробарида, уларни кўриб чиқиш тартиблари ҳам аниқлаштирилди. Жумладан, ариза, таклиф, шикоят, аноним мурожаат, видеоконференцалоқа, давлат иштирокидаги ташкилот, мурожаатнинг дубликати, оммавий қабул, такрорий мурожаат, электрон мурожаат каби муҳим тушунчалар ҳуқуқий жиҳатдан тавсифлаб берилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ваколатига эга субъектлар доираси кенгайтирилиб, давлат органлари ҳамда муассасаларидан ташқари, давлат иштирокидаги ташкилотлар, яъни устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилоти ёхуд тўлиқ ёки қисман давлат органи томонидан ташкил қилинган ёки таъсис этилган нотижорат ташкилоти ҳам киритилди.

Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ўтказувчи давлат органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари ёки бошқа мансабдор шахслари ҳар қандай, шу жумладан, ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича ҳам мурожаат қилинганда, қабулни рад этишга ҳақли эмаслиги Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Қолаверса, жисмоний шахсларни ҳамда юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби такомиллаштирилди. Сайёр шахсий қабуллар, оммавий қабуллар, зарур ҳолларда, қабул қилиш жадвалларидан ташқари ҳам ўтказилиши, оммавий қабуллар ҳовлиларга (квартираларга), бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ташкил этилиши мумкин.

Бу Қонуннинг яна бир ўзига хослиги шундаки, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ҳамда Виртуал қабулхонасининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда иш тартиби аниқ қилиб қўйилди. Бундан ташқари, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, муддатлари ҳам батафсил баён этилди. Шу билан бирга, Қонунда мурожаатларнинг кўриб чиқилишини мониторинг ҳамда назорат қилиш, ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлилдан ўтказиш, натижаларини давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш бўйича нормалар ўрин олди. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шунингдек, туҳмат ҳамда ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик муайян тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Мазкур ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши мурожаатларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ўз вақтида, тўлиқ, беғараз ўрганилиши ҳамда улар юзасидан қонуний чоралар кўрилишини таъминлайди. Мурожаатлар соҳасидаги қонунчилик талабларининг бажарилиши эса халқнинг адолатга, бошқача айтганда, -давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Пировардида “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган-устувор тамойил барча жабҳада амалий тасдиғини топади.

Исломиддин АБРАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11159-izhtimoij-adolatni-aror-toptirish

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati