O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Депутат «юқори»дан топшириқ кутмаслиги керак

19.07.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига янгича мазмун киритиб, ушбу йўналишда туб бурилиш ясади.

Гап шундаки, тараққиётимизнинг ҳозирги шиддатли босқичида барча ҳудуд, айниқса, субвенция оладиган, иқтисодий қолоқ, марказ эътиборидан узоқ йиллар давомида четда бўлган туманларда ҳам ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари тобора изчиллик касб этмоқда. Жумладан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Бу саъй-ҳаракатлар самарадорлиги, шубҳасиз, маҳаллий депутатларнинг фаоллиги, қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва ваколатлардан унумли фойдаланишига бевосита боғлиқ. Чунки ҳар бир туманнинг иқтисодий салоҳияти, ишга солинмаётган ресурслари, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш механизмлари, мансабдор шахсларнинг ўз фаолиятини нечоғли бажараётганини ўша ҳудуд депутатлари жуда яхши билади.

Афсуски, Президентимиз ўринли танқид қилганидек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ислоҳотлар жараёнида “кузатувчи” бўлиб

Ўрганишларимиз шуни кўрсатаяптики, аксарият маҳаллий Кенгашларда депутатлар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда депутат сўрови имкониятларидан самарали фойдалана олмаяпти. Шунингдек, мансабдор шахслар томонидан депутат сўровларини кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйилмоқда, жавоблар очиғи, аксарият ҳолларда юзаки берилмоқда. Кўпинча маҳаллий Кенгашлар депутатлари мазкур ҳуқуқдан жойларда қонунлар ва бошқа давлат қарорларининг ижро этилишини назоратда тутиш ўрнига, балки шахсий масалалар юзасидан мурожаат этган сайловчиларда юзага келаётган алоҳида муаммоларни ҳал қилишга амалий кўмак кўрсатиш мақсадида фойдаланмоқда, холос. Табиийки, бу мавжуд муаммоларни тизимли ҳал қилиш имконини бермаяпти. Жойлардаги депутатларимиз сўзи, талаби етарли таъсирга, кучга эга эмаслиги қатор объектив ва субъектив омиллар билан ҳам боғлиқ.

Масалан, ҳозирги вақтда вилоят ва туман депутатларининг аксарияти маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари, айниқса, турли давлат тузилмалари раҳбарлари ҳисобланади. Табиий савол туғилади: депутатнинг ўзи ижро ҳокимияти вакили бўла туриб, маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириши мумкинми? Йўқ, албатта. Чунки маҳаллий ижро органлари раҳбарлари кўзига ёмон кўриниб қолмай, деган андиша билан сайловчилар, электорат манфаатларини фаол ҳимоя қилолмайди. Лекин бу депутат “юқори”дан топшириқ кутиб, ўзи қўл қовуштириб ўтириши керак, дегани эмас.

Шу маънода айтганда, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари сессиялари кун тартибига долзарб масалаларни киритишда доимий комиссиялар, партия гуруҳларининг ташаббускорлиги сезилмаяпти. Қолаверса, у ёки бу қарор қабул қилиниши жараёнида депутатлик одоби регламентини сақлаган ҳолда, қизғин мунозаралар, тортишувлар қолиб, ўрнига бир овоздан маъқуллаш ёки “кутиб туриш позицияси” ҳамон сақланмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар сессиялари, доимий комиссиялар йиғилишларида очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида муҳокамалар жараёни ҳақида шунчаки хабар бериш билан чекланмай, телевидение ва радиода, газета саҳифаларида батафсил ҳисобот бериб бориш, аҳолини қонун ва қарорлар мазмун-моҳияти билан чуқурроқ таништириш мақсадга мувофиқдир.

Депутат учун очиқлик нимага керак? Унинг сайловчилар билан алоқаси давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг муҳим жиҳати саналади. Сайловчилар билан учрашувларда депутат аҳолини Кенгаш фаолияти, қабул қилинаётган қарорлардан хабардор қилади. Мулоқот чоғида сайловчиларга уларнинг таклифлари бажарилиши, сайловчилардан келиб тушган ариза ва шикоятларнинг кўриб чиқилиши ҳақида ахборот, ўз иши тўғрисида ҳисобот беради. Натижада депутатнинг ўзига талабчанлиги ошади. Бундан ташқари, сиёсий партиялар фақат сайлов кампаниялари даврида ва марказда эмас, балки мунтазам, ҳудудларда ҳам “теледебат”лар ўтказиши айни муддаодир.

Албатта, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати вилоят ва туманларда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини намунали ташкил қилиш бўйича аниқ-чора тадбирларни амалга оширади. Жумладан, ҳар йил якуни бўйича аниқ мезонлар асосида мамлакатимиздаги халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари орасидан 14 та, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллик органлари ўртасидан эса битта намунали кенгашни аниқлаб, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиш ҳамда рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш устида ишларни бошлаб юбордик. Бунда тегишли қўлланмаларни ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бугун, ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи бошланди. Биз, депутат ва сенаторлар бу жараёнда янада фаолроқ бўлишимиз, иш фаолиятимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз лозим. Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек, мудроқ уйқудан уйғониб, халқ манфаатларига тўла мос келадиган фаолият олиб боришимиз, жумладан, қонунлар қабул қилиниши, уларнинг ижросини таъминлашда бир жамоа бўлиб, фақат фидойилик билан ишлаш нафақат бурчимиз, балки халқимиз олдидаги улкан масъулиятимиз ҳамдир.

Муҳаммаджон МАҚСУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10673-deputat-yu-ori-dan-topshiri-kutmasligi-kerak

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati