O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ижод аҳлига юксак эътибор

17.08.2017

Президентимиз қайси соҳа вакиллари билан учрашмасин, энг аввало, уларни қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар ва эътиборимиздан четда қолиб келган камчиликларга диққат қаратиб, одилона ечимларини кўрсатади, чуқур таҳлил ва танқидий ёндашув асосида ўз ишимизга масъулият билан қарашга, зиммамиздаги вазифани виждонан бажаришга ундайди.

Бу эса ўзининг ҳаётбахш самарасини бераётганига бугун барчамиз гувоҳмиз: йиллар давомида ҳар биримизни ўйлантириб келаётган муаммолар аста-секин барҳам топаётгани, ҳар соҳада қонун ва унинг адолатли ижроси сабаб тартиб-интизом юзага келаётганидан халқимиз ниҳоятда мамнун.

Давлатимиз раҳбарининг ижодкор зиёлилар билан учрашувида ҳам биз, қалам аҳли дилида тугун бўлиб юрган дардларимизга, ижоддан ташқаридаги ҳаётий муаммоларимизга ҳам адолатли ечим топилди. Шу пайтгача пенсия ёшидаги ёки нафақага чиққан, узоқ вақт давомида тажриба ва маҳорати сайқалланган ёзувчи-шоирлар неча йиллик ижод ҳамда машаққатли меҳнат маҳсули бўлган асарларини китоб ҳолида чоп эттиришга ошиқмас, рости, бунинг ортида моддий рағбатни кўрмас, кўнгилдаги иштиёқ, ҳафсала бора-бора сўниб кетарди.

Уй-жой, шаҳар пропискаси туфайли ижод оламига эндигина кириб келаётган ёшларнинг аксарияти эса пойтахт адабий муҳитидан йироқлашиб, ўз вилоятига, қишлоғига қайтишга мажбур бўлаётганини ҳам яширишнинг ҳожати йўқ. Ҳаттоки назмда ёки насрда қалами чархланиб бораётган, адабиётимизнинг эртаси бўлишига ишониб турган истеъдодли йигитларимиз орасида рўзғор ташвиши билан пул топиш илинжида яқин ва узоқ ўлкаларга чиқиб кетганлар бор.

Ижодкорларнинг юрагидаги, ўй-хаёлидаги ана шундай ташвишларни англаган Президентимизнинг адабиёт, маданият ва санъат, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларини қўллаб-қувватлашга астойдил бел боғлагани чинакам маънавий жасоратдир. Давлатимиз раҳбарининг куни кеча матбуотда эълон қилинган “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу эзгу ҳаракатларнинг узвий давоми бўлди.

Биз Ёзувчилар уюшмасида ёшлар билан бирга ушбу ҳужжатнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида давра суҳбати ўтказдик. Очиғи, ёшларимизнинг қалбидаги чексиз қувонч, ҳаяжон кўзларида яққол акс этиб турарди. Ахир бу қарор ижодкорлар меҳнатига яраша эътибор ва эъзоз топиши, турмушнинг турли майда ва катта ташвишларидан ҳимояланиши ҳамда муносиб рағбатлантирилишини ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берди-да!

Китобхон қалбини алангалатиш учун ижодкорнинг қаламидан ўт сачраб туриши керак. Унинг ўзи тушкун ва умидсиз аҳволда бўлса, қандай қилиб илинж билан қўлига китоб олган ўқувчи кўнглини кўтарадиган, қалбида умид чироғини ёқадиган сўзни айтади? Ёки яшашга, курашишга, мақсад томон интилишга илҳомлантира олади?

Бугунги ўзгаришлар, ижодкорларнинг мана шундай қўллаб-қувватланиши уларда кузатилаётган ҳафсаласизлик аталмиш иллатни тумандай тарқатиб юборди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида ягона бадиий кенгаш тузилса ва бу кенгаш йил бўйи чоп этиладиган китоблар режасини ишлаб чиқса, таниқли ёзувчи-шоирлар билан бирга ёш ижодкорларнинг катта-кичик асарлари кўпчиликнинг маслаҳати, таклифи ва танқидий нигоҳидан ўтган ҳолда китоб ҳолида чоп этилса, нур устига нур бўларди. Шунда адабиётимизнинг бадиий савиясини ҳаминқадар, олди-қочди, ғариб “асар”лардан асраган, иқтидор эгаларига қанот бағишлаган бўлар эдик. Асосийси, дурдона асарлардан завқ олиш имконияти яратилади. Бинобарин, яхши китоб ўқувчи дидини ўстиради, маънавий юксалтиради. Ана шунда адабиётнинг ҳам қадри кўтарилади. Китобни одамлар меҳр билан варақлайдиган, асраб-авайлайдиган бўлади.

Дунё мамлакатларида ижодкорларга давлат томонидан қандай имтиёзлар берилаётгани билан қизиқиб кўрдим. Юртимиздаги бундай имконият, бундай қулайликларни ҳеч ерда учратмадим. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги амалиёти тенгсиз. Энди биз, ижодкорлар ҳам шу ғамхўрликка жавобан юксак тафаккур ва илҳом маҳсули бўлган асарлар яратишимиз даркор.

Иқбол МИРЗААЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати аъзоси.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati