O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Одамларни кўпроқ даромад топишга ва шу асосда тўкис ҳаёт кечиришга ўргатиш — муҳим масала

17.10.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи, вилоят аҳли, жумладан, деҳқон ва фермерлар билан мулоқоти воҳа равнақида янги саҳифа очиб, одамларимизда эртанги кунга ишончни янада кучайтирди, десак, муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари халқимизни ҳаётидан рози қилиш учун давлат ҳамда жамоат ташкилотлари олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Ҳақиқатан ҳам, Хоразм воҳасида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Бугун вилоятга келган киши ҳудудда қишлоқ хўжалиги, йирик саноат корхоналари, транспорт ва коммуникация тизимлари, кичик бизнес салоҳияти ошиб, ички ҳамда ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганига гувоҳ бўлади. Айниқса, мураккаб иқлим шароитига қарамай, хоразмлик миришкорлар қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштираётганини Президентимиз алоҳида эътироф этди.

Хусусан, бу йилги ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам воҳа фермерлари машаққатли меҳнат эвазига барча экиндан юқори ҳосил етиштиришга эришдилар. Улар давлатга ғалла сотиш бўйича шартнома мажбуриятини мамлакатимизда биринчи бўлиб бажариб, режадагидан 17 фоиз кўп хирмон кўтардилар. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда шартномада белгиланган 238 минг тонна пахта хом ашёси юқори навларга сотилган бўлиб, қарийб 427 миллиард сўм даромад, 16 миллиард сўм фойда олиниши кутилмоқда.

Хўш, бундай натижаларга қандай эришилмоқда?

Албатта, деҳқончиликнинг ўзига яраша заҳмати бор. Буни, айниқса, хоразмлик фермерлар яхши билади. Чунки вилоятда 276,7 минг гектар суғориладиган майдон мавжуд бўлиб, унинг 191,3 минг гектарига ҳудуддаги асосий гидроиншоот — Тошсоқа -тизими орқали сув етказилади. Амударёда обиҳаёт камайган пайтларда, айниқса, эрта баҳор ва ёз ойлари бошида каналларда сув сатҳи жуда паст бўлиб, ғалла, пахта ҳамда бошқа экинларни насос ёрдамида суғоришга тўғри келади. Бу эса харажатни ошириб, -агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга халал беради. Устига-устак, тизимда таъмирлаш ишларини бажариш турли сабабларга кўра кечикиб келаётган эди.

Бундай шароитда давлатимиз раҳбарининг эътибори, муаммони теран тушунган ҳолда, воҳа фермерларига мунтазам камарбаста бўлиб келаётгани, айниқса, диққатга сазовор.

Президентимиз шу йилнинг январь ойида вилоятга ташриф буюрганида, Тошсоқа магистрал каналида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишиб, ушбу муаммоларни бартараф қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда таннархни камайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берган эди. Ўтган қисқа давр ичида вилоятдаги Тошсоқа, Шовот, Полвон ўазовот ҳамда ўазовот магистрал ва хўжаликлараро каналларининг 120 километри реконструкциялаштирилди. Режадаги гидротехник иншоотларнинг 318 таси янгидан қурилди. Умуман, ушбу лойиҳа тўлиқ якунлангач, 191 минг гектардан ортиқ ер сув билан кафолатли таъминланиши ҳар бир хоразмликни, миришкору фермерни жудаям мамнун қилади.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини изчил ривожлантириш, фермеру деҳқонларнинг манфаатдорлигини, иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида кўрилаётган мақсадли чора-тадбирлар кўлами ниҳоятда кенг. Чунки давлатимиз раҳбари қаерда бўлмасин, қишлоқ хўжалиги ҳақида сўз юритар экан, одамларни кўпроқ даромад топиш ва шу асосда фаровон турмушга ўргатиш, бунинг учун зарур шароитлар яратиб бериш бугунги кундаги энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлайди.

Президентимизнинг шу йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам ушбу йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун кенг йўл очиб беради. Қисқаси, фермер ҳамда деҳқон хўжаликларини ҳар томонлама ривожлантириш, уларни том маънода қишлоқ мулкдорига айлантириш учун шароит, ҳуқуқий имконият ва имтиёзлар яратиб берилмоқда. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш, фидойилик билан меҳнат қилиш — давр талаби.

Шарипбой РАЖАБОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11456-odamlarni-k-pro-daromad-topishga-va-shu-asosda-t-kis-ajot-kechirishga-rgatish-mu-im-masala

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati