O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қонун ижодкорлиги жараёнида халқ билан бамаслаҳат иш тутамиз

17.07.2017

Жорий йил 12 июль куни Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев сенаторлар, депутатлар, халқ вакиллари билан ўтказган видеоселекторда мамлакатимизни демократлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, жамиятда адолат тамойиллари устуворлигини таъминлаш борасида миллий парламентнинг ўрни ҳақида қатор танқидий фикр-мулоҳазалар билдирди.

Президент маърузасида жуда ҳаётий ва долзарб масалалар ўртага ташланди. Жамиятимизда кечаётган жараёнлар, жумладан, бизнинг фаолиятимиз ҳам чуқур таҳлил қилиниб, асосли тавсиялар берилди. Билдирилган танқидий фикрлар ҳам ниҳоятда ўринли бўлди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун ўзимизга маҳлиё бўлиб, чапакбозлик билан кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз. Ҳар бир нарсани ўз номи билан атаб, масалага ҳаққоний ёндашсаккина, ниятларимиз тўла-тўкис рўёбга чиқади. Энг муҳими, халқда бугунги ва эртанги кунга ишонч, дахлдорлик ҳисси пайдо бўлади. Бугун ҳар биримиз кўриб, сезиб турибмизки, одамларимиз, халқимиз жонланди, барча соҳада ўсиш суръатлари, тараққиёт жадаллашди. Ўзимизга ва ёнимиздагиларга бўлган муносабатимиз, талабимиз ҳам тубдан ўзгараяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг сўнгги олти ойлик фаолиятини кузатарканмиз, халқ вакиллари фаолиятида жиддий янгиланишлар содир бўлганини яққол сезаяпмиз. Сенаторларимиз нафақат қонунчилик соҳасида, шунингдек, ташқи сиёсат ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу ҳол бизни хурсанд қилиши баробарида, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди, албатта. Энг аввало, қачон, қаерда бўлмайлик, доимо адолат туйғусига таяниб ишлашимиз, яшашимиз лозимлигини англаб турибмиз.

Улуғ шоирлардан бири “Мен жамиятнинг эркатойи бўлгандан кўра, қонун устувор бўлган мамлакатда яшашни афзал кўраман”, деган эди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, айни кунда бу қараш ҳамюртларимиз онгу шуурида ҳам акс садо бераяпти. Халқимиз юртимизда олиб борилаётган сиёсат моҳиятида “Энг олий ҳакам — Қонун ва у ҳаммага бир”, деган адолатли ақида ётганини эътироф этаяпти.

Бугун дунё ўзгараяпти. Биз ҳам шунга ҳамоҳанг равишда ўзимизни ўзгартиришимиз шарт. Қонунларимиз такомиллашаётгани, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлардаги турли зиддиятлар бартараф этилаётгани, халқимизга кенг имкониятлар эшиги очилаётгани энг илғор мамлакатлар билан бўйлашишимизга пойдевор бўлади. Табиийки, мазкур жараёнда биз, халқ вакиллари — сенатору депутатлар энг олдинги сафда бўлишимиз лозим. Акс ҳолда, бизни эртага халқ, келажак авлод кечирмайди. Турли важ-карсонларни рўкач қилиб, одам ўзини афв этиши мумкиндир, аммо халққа ҳеч қандай баҳона ўтмайди. Бу — ўзини билган одам учун энг оғир жазо, энг ёмон исноддир.

Ўринли танқидлардан чиқарадиган хулосамиз шуки, биз, сенаторлар қонун ижодкорлиги йўлида изланишимиз, ташаббускор бўлишимиз, халқимизни ўйлантираётган муаммоларни ўз вақтида муҳокамага олиб чиқишимиз керак. Ана шу мақсадларни амалга ошириш йўлида, авваламбор, аҳолининг қонунлар юзасидан таклиф, мулоҳаза, эътирозларини қабул қилиш ва янги қонунлар яратиш зарурати юзасидан Олий Мажлис Сенатининг махсус порталини ташкил этиш, шунингдек, ҳар бир сенаторнинг алоҳида электрон почтасини очиб, халққа маълум қилиш даркор. Қабул қилиниши кўзда тутилган янги қонунларнинг телевидение ва радиода барча аҳоли қатламларининг мунозара, мулоҳазасини ифода этадиган кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланишини йўлга қўйиш бугунги куннинг асосий талабидир. Айниқса, аҳоли ўртасида ҳар бир қонун бўйича ижтимоий сўров ўтказилишини тизимли жорий этиш фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Қонунлар моҳиятини тушунтирадиган изчил тадбирлар уюштириш мақсадида таълим муассасалари билан ишлашни кучайтиришимиз фойдадан холи эмас. Масалан, қонунга ҳурмат туйғусини шакллантириш учун боғча ёшидан Конституцияга содда шарҳлар, болаларнинг эсида қоладиган ижодий изоҳлар ифода этилган суратли китобчалар чоп этиб, уни ўқитишни йўлга қўйиш белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш имконини беради.

Зеро, Ўзбекистон тарихида янги давр бошланди. Биз ислоҳотлар юксак шиддат билан давом эттирилаётган ана шундай паллаларда Юртбошимизга елкадош бўлиб, фидойилик кўрсатиб меҳнат қилишимиз зарур. Ана шундагина Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган олий мақсадларга эриша оламиз.

Иқбол МИРЗААЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10650-onun-izhodkorligi-zharajonida-khal-bilan-bamasla-at-ish-tutamiz

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati