O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

17.05.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган давлат ташрифи ўз мазмунига, кўламига кўра мамлакатларимиз муносабатларида янги саҳифа очди. Ўзбекистон Республикаси делегацияси аъзоси, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мазкур ташрифнинг аҳамияти ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Президентимизнинг давлат ташрифи яна бир муҳим тадбир, яъни 14-15 май кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форумига боғланиб кетди. Ушбу форумда 130 давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, 30 га яқин мамлакатлардан давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси делегацияси ташрифига алоҳида эътибор қаратилди. Буни ўтказилган учрашувлар, эришилган келишувлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ҳақда хитойлик ҳамкорларимиз ҳам алоҳида қайд этишди.

Маълумки, давлат ташрифи икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этадиган сиёсий тадбир ҳисобланади. Бундай ташрифлар моҳиятан давлатлараро муносабатларни янги поғонага олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифининг бир қатор жиҳатларини алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиз. Аввало, ташриф сиёсий мулоқотни янада фаоллаштириш, яъни икки томонлама алоқаларда ўзаро ишонч ва тушуниш муҳитини яратиш, стратегик шерик давлатлар сифатида долзарб муаммоларга нисбатан муштарак ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.  

Айни пайтда ташриф узоқ муддатли истиқболда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга доир ҳуқуқий асосларни бойитишда муҳим роль эгаллади. Маълумки, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини қатор ҳужжатлар, жумладан, Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги қўшма декларация, Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги Қўшма декларация, 2014 — 2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ҳамда 2016 йилда имзоланган Қўшма баёнот ташкил қилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташрифи доирасида яна 12 та қўшма ҳужжат имзолангани ҳам икки томонлама муноса-батларни мустаҳкамлашда улкан тарихий аҳамиятга эга бўлиб, ниҳоятда кенг кўламлидир.

Ташрифнинг яна бир эътиборли жиҳати, шубҳасиз, иқтисодий ҳамкорлик соҳасида эришилган келишувларда намоён бўлади. Халқларимиз азал-азалдан ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиб келган. Буюк Ипак йўли дунё тарихидан чуқур ўрин эгаллашида айнан савдо-сотиқ муносабатларининг таъсири катта бўлган. 

Хитой иқтисодиётимизга энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 7,8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритган. 2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил қилди. Умуман, Хитой Ўзбекистоннинг вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкори эканлигини таъкидлаш лозим.

Ташриф доирасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги умумий қиймати 23 миллиард АҚШ долларидан ошадиган юздан зиёд ҳужжатлар имзолангани савдо-иқтисодий, инвестициявий ва техник ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Бу битимлар, рақамлар замирида янги иш ўринларини яратиш, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларига замонавий технологияларни ва инновацияларни жорий қилиш, юртимиз ишлаб чиқарувчиларининг экспорт салоҳиятини кучайтириш, пировардида халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш мақсади мужассамлиги диққатга савозор.

Гуманитар соҳада ҳамкорликни янада кенгайтириш, айниқса, туризм, таълим -соҳаларида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари ташриф доирасида музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси, қолаверса, табиий жойлашуви хитойлик сайёҳлар учун ҳам жозибадор ҳисобланади. Сир эмас, ҳар йили юз миллиондан ортиқ хитойлик чет элга саёҳат қилади. Ўзбекистон ҳам ана шундай катта сайёҳлик оқимини жалб этиш учун барча имконият ва шарт-шароитларга эга. Икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги ваколатли органлари ўртасида битим имзолангани ушбу йўналишда айни муддао бўлди.

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси ҳақида сўз кетганда, шуни айтиш керакки, у ҳар бир давлатнинг ўз имкониятларидан тўла фойдаланиш, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириш, савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун кенг йўл очади. Биз, Президентимиз алоҳида қайд этганидек, табиий, ишлаб чиқариш ва инсон ресурсларига ғоят бой бўлган минтақамизда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юксак технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутамиз.

«Халқ сўзи» мухбири

Қобил ХИДИРОВ 

ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10179-zbekiston-khitoj-amkorligi-yangi-bos-ichga-chi-mo-da

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati