O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Халқ вакиллари халққа яқин бўлмоқда

17.04.2017

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришда тарихий аҳамият касб этади, десак, муболаға бўлмайди. Зотан, бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида кечаётган жадал суръатдаги ўзгаришлар, одамларни ўйлантираётган, қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни бартараф этишга устувор эътибор қаратилаётгани юртдошларимизнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини оширмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ҳам фуқаролар билан очиқ амалий мулоқотларни олиб бориш орқали ижтимоий-иқтисодий жабҳалардаги муаммо ва камчиликларни чуқур ўрганмоқда, уларнинг бартараф этилиши юзасидан парламент назоратининг таъсирчан механизмини татбиқ қилмоқда, зарур ҳолларда фуқароларга тушунтириш ва тавсиялар берилмоқда.

Буларга ҳамоҳанг равишда парламентимизнинг юқори палатасида тизимли жадвал асосида сенаторлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг қабули йўлга қўйилган.

Ушбу қабуллар жараёнида баён этилаётган турли ҳаётий масалалар тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутасаддиларини жалб этган ҳолда атрофлича  муҳокама қилиниб, ижобий натижаларга эришилмоқда.

Таҳлиллар жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўлланаётган мурожаатларнинг салмоқли қисми суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан боғлиқлигини кўрсатаяпти. Бу тоифадаги мурожаатлар кўпроқ  Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда  пойтахтимиз аҳолиси ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, ижтимоий таъминот, яъни нафақа ва пенсиялар олиш билан боғлиқ масалалар бўйича келиб тушган мурожаатлар сони ҳам нисбатан кўпдир. Бундай мурожаатлар эса асосан Қашқадарё ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келиб тушмоқда.

Бундан ташқари, ишга жойлашиш, тадбиркорлик ва банклар фаолиятига доир мурожаатлар ҳам оз эмас. Ишга жойлашиш масаласида Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан, тадбиркорлик бўйича Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан, банк фаолиятига оид муаммолар эса пойтахтимиз ва пойтахт вилояти мурожаатларида акс этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу мурожаатлар юзасидан Сенат қўмиталари томонидан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида қатор фуқароларнинг муаммолари барҳам топмоқда.

Мисол учун, Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролар Н.Абраева ва Ш.Мирзаев, Самарқанд вилоятидан М.Қаршиеванинг нафақа пулларини тайинлаш тўғрисидаги мурожаатлари Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ҳамда Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари саъй-ҳаракати билан тўлиқ қаноатлантирилган.

Бухоро шаҳридан М. Ядгаров, Термиз шаҳридан М. Хурсандовнинг фирибгарларга нисбатан тегишли чора кўриш ҳақидаги мурожаатлари ҳам Сенат қўмиталарининг ёрдамида қонун доирасида ҳал этилган.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан олиб борилган ишлар натижасида, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида истиқомат қилувчи фуқаро М. Мингбоеванинг турмуш ўртоғи паспортини қайтариб бериш ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилган.

Бундан ташқари, Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 2014 йилда юрак туғма нуқсонининг мураккаб тури билан туғилган М. Йўлдашеванинг академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида жарроҳлик йўли билан даволаниши учун апрель ойи ҳисобидан имтиёзли йўлланма ажратилишига эришилган.

Шунингдек, қўмиталар томонидан фуқаролар Ш. Аҳмедованинг ишга жойлашиш, Х. Примованинг соғлиғини тиклаш, З. Қўлдошевнинг мулк ҳуқуқини белгилаш ҳамда Қарши шаҳар, “Шойхўжа-2” массивида яшовчи фуқароларнинг электр, газ ва ичимлик сувини улаб бериш ҳақидаги, Касби тумани “Чўлқувар” қишлоғида яшовчи фуқароларнинг йўлни таъмирлаб бериш тўғрисидаги мурожаатлар юзасидан ҳам зарур чоралар кўрилди.

Буларнинг барчаси  Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, оилалар мустаҳкамлиги ва жамиятимиз барқарорлигини таъминлаш борасида аниқ манзилли ҳамда самарали ишлар рўёбга чиқарилаётганидан далолат беради.

Бироқ, айтиш керакки, айрим идора ва ташкилотлар мурожаатларнинг кўриб чиқилишида масъулиятсизлик билан ёндашиши, инсонлар дардига бефарқ муносабатда бўлаётгани такрорий мурожаатлар сони ортишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Н. Туйчиеванинг такрорий мурожаатига кўра, унинг нафақа тайинлаш тўғрисидаги мурожаати жойлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан тўлақонли ўрганилмаган.

Термиз шаҳри “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси фаолиятидан норози бўлган фуқаролар эса Олий Мажлис Сенатига уч маротаба шикоят йўллаган. Афсуски, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Бундан кўринадики, жойлардаги барча раҳбар ва мансабдор шахслар ўз вазифаларига жиддий ёндашиши, биринчи галда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялашни, халқ бахту саодати учун хизмат қилишни фаолиятининг энг муҳим мезонига айлантирмоғи айни заруратдир.

Сенат девони
Жисмоний ва юридик шахсларнинг
мурожаатлари билан ишлаш бўлими

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati