> Асосий мақсад — халққа қулайлик яратиш
O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Асосий мақсад — халққа қулайлик яратиш

15.12.2017

Мамлакатимизда валюта сиёсати такомиллаштириб борилаётгани ҳар бир юртдошимизни мамнун қилмоқда. Бу, айниқса, иш юзасидан, саёҳат ёки бизнес мақсадларида хорижга бориш истагидаги ҳамюртларимиз учун қанчалик қулайлик яратса, Ватанимизга ташриф буюрадиган чет элликлар учун ҳам шунчалик имконият тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 декабрдаги “Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур ҳужжатга кўра, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали нақд хорижий валютани олиб кириш ҳамда олиб чиқиб кетиш тартиби соддалаштирилди. 2018 йил 1 январдан эътиборан жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 2 минг АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани юртимизга олиб кириш ёки олиб чиқиб кетишда ёзма мажбурий декларация тақдим этиш тартиби бекор қилинди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларнинг нақд хорижий валютани мамлакатимиз ташқарисига олиб чиқиб кетишларига рухсатнома бериш амалиёти ҳам барҳам топди. Эндиликда 5 минг АҚШ долларигача бўлган нақд хорижий валютани республикамиздан ташқарига олиб чиқиб кетиш учун ҳеч қандай рухсатномалар талаб этилмайди. Энг муҳими, жисмоний шахслар четдан нақд хорижий валютани чекловларсиз олиб киришлари мумкин.

Бу янгилик мамлакатимиз иқтисодиётига, тадбиркорларимизга, умуман, юртдошларимизга катта енгиллик яратади. Чет элларга ўқишга, ишлашга, саёҳат қилиш учун борадиган фуқароларимизнинг ўз эҳтиёжларига етарлича хорижий валютани ёнида олиб юришига шароит пайдо бўлади. Божхона декларациясини тўлдиришда рухсат берилган валюта суммасидан ортиғини яшириб қолиб, божхона тартиб-қоидаларини бузиш, жиноят содир этиш эҳтимоллари камаяди.

Қолаверса, банкдан рухсатнома олишга ортиқча вақт сарфланмайди.

Азалдан ташқи дунё билан савдо-сотиқ ишларини яхши йўлга қўйган мамлакатларда давлат бой бўлган, халқ бадавлат ва фаровон ҳаёт кечирган. Сабаби, чет элга бир сўм билан кетган тужжор ўз юртига ўн сўм олиб келган. Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан нақд хорижий валютани олиб кириш ҳамда олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш бўйича ўрнатилаётган янги тартиб, айниқса, савдо-сотиқ ишлари билан хорижга бориб келадиган ана шундай ишбилармонларимиз учун анча енгиллик яратиши, шубҳасиз.

Албатта, ҳар бир янгилик — ислоҳотлар замирида халққа қулайлик туғдириш, оғирини енгил қилиш мақсадлари мужассам бўлиши табиий. Шундай экан, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг бугунги суръатлари билан мос равишда халқимизнинг тобора ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондиришда муҳим дастуриламал бўлади.

Шукуржон МАМАТҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12597-14

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati