O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Марказий Осиёда дўстлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорлик муҳити шаклланмоқда

15.11.2017

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий ташқи сиёсат олиб борилаётганининг ва Ўзбекистон ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ҳамда аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш бўйича қатъий қадамлар ташлаётганининг яққол ифодаси бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев конференцияда алоҳида қайд этганидек, бизнинг бош мақсадимиз — умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат.

Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган минтақамиз халқларини ягона тарих, дин, умумий маданият ҳамда қардошлик ришталари боғлаб туради. Минтақа аҳолиси икки дарёдан сув ичган, яхши ва ёмон кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Халқаро анжуман қатнашчилари якдиллик билан эътироф этганидек, Марказий Осиё улкан имконият ҳамда салоҳиятга эга бўлган муҳим минтақадир. Бу ерда савдо-сотиқ, транспорт логистикаси ва туризмни ривожлантириш учун ишга солинмаган имкониятлар кўп.

Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон яқин қўшничилик, дўстлик тамойилларига таянган ҳолда, фаол ҳамда прагматик сиёсат олиб бормоқда.

Юртбошимиз ташаббуси туфайли минтақа мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб бораяпти. Масалан, йил бошидан буён Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан товар айланмаси ўртача 20 фоиз, айрим давлатлар билан эса қарийб 70 фоиз ўсгани ҳам бу саъй-ҳаракатларнинг амалий тасдиғидир.

Форум иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистон баҳсли, таъбир жоиз бўлса, ўта жиддий ҳамда нозик масалаларни тезроқ ҳал қилиш ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш бўйича сиёсати ҳамда интилиши қатъий эканлигини сўзда эмас, амалий ишлари билан исботламоқда. Ўзбек — қирғиз давлат чегарасининг 85 фоизи бўйича келишувга эришилгани, чегара-ўтказиш постлари фаолияти қайта тиклангани, чегарадош вилоятлар аҳолисининг ўзаро борди-келдиси анча енгиллашгани бунинг яққол тасдиғидир. Буларнинг барчаси Марказий Осиёда сиёсий ишонч муҳитини мустаҳкамлади, одамларимизнинг келажакка бўлган ишончини янада кучайтирди.

Давлатимиз раҳбари халқаро конференцияда минтақада тинчлик ва барқарорликни, давлатлар ўртасида ҳамкорлик ҳамда мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган амалий ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг ўзаро маслаҳатлашувлари бўйича учрашувларни мунтазам ташкил қилиш таклифи конференцияда иштирок этган минтақа давлатлари вакиллари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Ушбу механизм бугунги кунда минтақада умумий муаммоларни ҳал қилишнинг йўлларини биргаликда излаб топишга реал зарурат мавжуд эканини англашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги билан диққатга сазовордир. Чунки Президентимиз қайд этганидек, Марказий Осиёдаги долзарб масалаларни мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатларини умумий масъулият тамойили асосида бирлаштириш орқалигина ҳал этиш мумкин.

Халқаро анжуманда сўз олган экспертлар минтақада хавфсизликка эришиш учун қўшни давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, фаол маданий-гуманитар мулоқотни давом эттириш, мамлакатларимизда маданият кунлари ва турли ижодий тадбирларни мунтазам ташкил қилиш, таълим ҳамда сайёҳлик соҳасидаги алмашувларни “халқ дипломатияси”нинг энг муҳим воситаси сифатида ривожлантириш Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим омили ҳисобланишини таъкидлади. Шу маънода, оддий ҳамда очиқ инсоний мулоқот — минтақада дўстлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлайдиган энг ишончли усулдир.

Ўзбекистон раҳбари илгари сурган эзгу ташаббуслар пировардида олий мақсадга, яъни “Марказий Осиё” деб аталган умумий уйимизда тинчлик ҳамда барқарорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Биз, сенаторлар Президентимиз ташаббусларини кенг тарғиб этиш, бу жараёнда парламент дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланишимиз айни муддаодир.

Зайнаб БЕРДИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12001-markazij-osijoda-d-stlik-amzhi-atlik-va-bar-arorlik-mu-iti-shakllanmo-da

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati