> Адолат энг устувор тамойилга айланади
O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Адолат энг устувор тамойилга айланади

14.12.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат ва жамиятни жадал суръатда тараққий топтиришнинг муҳим йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, “Халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни биз биринчи даражали вазифамиз, деб ҳисоблаймиз”, дея барча жабҳада, аввало, инсон манфаатлари ҳамда адолат устуворлигига эришиш заруратини алоҳида таъкидлайди. Бу бежиз эмас, албатта.

Аслида, одам бошига тушадиган кўргиликларни енгишга қодир ва баъзида мажбур ҳам. Зотан, ҳар қандай қийинчиликнинг давоси — вақт. Дейлик, деҳқон ноқулай об-ҳаво туфайли ҳосилини йўқотди. Бироқ у келгуси йил хосиятли келишига умид қилади, зарар ўрнини қоплашга интилади ҳамда меҳнати зое кетмаслигига ишонади. Аммо оиладан тортиб, жамиятнинг энг юқори бўғинигача адолат тамойилларининг заррача бузилишига инсон асло тоқат қила олмайди.

Жамиятда адолат ҳамда инсон қадру қиммати тантанаси бугунги замонда кўпроқ “адолат посбонлари” дея таърифланадиган суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига боғлиқ бўлиб қолаётгани ҳаммага бирдек маълум.

Шу боис мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида айнан шу органлар фаолиятини такомиллаштиришга қайта-қайта аҳамият қаратилмоқда. Жамиятдаги ҳар қандай адолатсизлик, нопоклик, маънавий-ахлоқий таназзул кўринишларига ҳамда бошқа иллатларга барҳам беришга йўналтирилган мазкур тузилмалар ишида қонунийликни мустаҳкамлаш борасида ҳақчил сиёсат юритилмоқда. Айни дамда ҳуқуқ-тартибот органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини ошириши ғоят долзарб ўрин тутаётир.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони адолат тамойиллари -устунлигини таъминлашга қаратилган яна бир тарихий ҳужжат бўлди.

Унинг моҳияти ҳамда аҳамияти нималарда яққол намоён бўлади?

Бизнингча, биринчидан, Фармон ижроси доирасида кўриладиган ҳуқуқий, ташкилий чора-тадбирлар натижасида ҳуқуқ-тартибот ҳамда суд органлари учун қонун нормаларини аниқ ижро этиш ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш имконини берадиган шарт-шароитлар бутунлай барҳам топади.

Иккинчидан, қонунни бузган ҳолда ёки ноқонуний усуллар билан олинган кўрсатувлар, “далил”лар асосида инсонни муайян бир жиноятни содир этганликда айблашга бундан буён йўл қўйилмайди.

Учинчидан, қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардан ташқари, кимнингдир хоҳиши билан судларда жиноят ишлари жамоатчилик, аниқроқ айтсак, халқ кўзидан панада кўрилмайдиган бўлади.

Тўртинчидан, фақат бир одамни қаматиш учунгина ўйлаб топилган ёлғонлар, қалбаки тарзда тайёрланган “далиллар” эндиликда суд ҳамда тергов ҳужжатлари (ҳукмлари) учун асос бўлмайди. Аксинча, бундай қабиҳлик учун жиноий жавобгарлик муқаррардир.

Бешинчидан, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда, тергов ва суд жараёнида инсон ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга қаратилган энг замонавий, шаффоф ҳамда адолатли механизмлар жорий қилинади.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган, ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши устидан тизимли равишда парламент назорати олиб борилади.

Р. САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати девони масъул ходими.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12562-1

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati