O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Халқ вакиллари фаолиятида туб бурилиш бўлади

14.07.2017

Бугун юртимизнинг барча ҳудудини қамраб олган жадал ўзгаришлар, янгиланишларда миллий парламентимиз ўрни қандай бўлаяпти?

Ушбу ислоҳотлар жараёнида сенаторлар, депутатлар ташаббуслари сезилаяптими? Куни кеча Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан биз, халқ ноибларининг давлатимиз раҳбари ёнида туриб, ислоҳотларга кўмакчи бўлиш ўрнига ҳали ҳам сусткашликка йўл қўяётганимиз, тадбир ва мажлисбозлик билан шуғулланаётганимиз, майда ишлар билан ўралашиб қолаётганимиз аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиб берилди.

Албатта, бу тўғри гап. Президентимиз давлат бошлиғи сифатида олий қонун чиқарувчи орган фаолиятидаги нуқсон ва камчиликларни очиқ-ойдин кўрсатиб берди. Бундан барча бўғиндаги депутатлар, халқ вакиллари тўғри хулоса чиқаришимиз лозим.

Алоҳида қайд этилганидек, ҳозирги вақтда деярли ҳар куни мамлакатимиз тараққиётининг турли соҳалари бўйича камида 2-3 та қарор ёки Фармон чиқарилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси кундалик турмушимизда муаммолар кўплиги ва уларни ҳал қилиш зарурати туфайлидир. Авваламбор, давлат органларини халққа хизмат қиладиган, уларнинг дардини эшитадиган тизимга айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар амалга оширилаяпти. Ҳудудларни, айниқса, олис, ижтимоий вазият оғир, ишсизлик юқори бўлган туманларнинг салоҳиятини ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш орқали социал муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ манзилли дастурлар ҳаётга татбиқ этилаяпти.

Ҳудудлар манфаатларини олий қонун чиқарувчи органда ҳимоя қилиш, уларнинг умумдавлат манфаатларига уйғунлигини таъминлаш асосий вазифаси бўлган сенаторларнинг мазкур жараёнда фаол иштирок этиши жуда муҳим ҳисобланади. Афсуски, биз, сенаторлар бу ўзгаришларда шунчаки томошабин бўлиб қолаяпмиз, десак, муболаға эмас. Биргина мисол, Олий Мажлис Сенати томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 16 та қонун маъқулланди, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Аммо тан олишимиз керакки, уларнинг муҳокамасини ҳудудлардаги ҳақиқий аҳвол, сайловчилар фикрлари асосида ташкил қила олмадик. Бунда, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган янги механизм — ҳар ойда 10 — 12 кун давомида муайян туманда бўлиб, одамлар билан тўғридан-тўғри мулоқот натижаларидан унумли фойдалана олмаяпмиз. Чунки ўринли танқид қилинганидек, парламентимиз жойларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий аҳволини таҳлил қилишда бир қолипга тушиб қолди. Кўпинча республика ва вилоят даражасидаги масалалар ўрганилмоқда, деб ахборот берамиз. Бироқ қарийб 6 ойдан буён 2 мингдан ортиқ муаммолар ҳал этилмасдан қолмоқда. Бунинг сабабини, албатта, ўзимиздан, фаолиятимиздан излашимиз лозим. Негаки, жойлардаги ўрганишларимиз кўп ҳолларда расмиятчилик ва кўзбўямачилик, сохта ҳисоботлар бериш, учрашувларга ўз ўрнига бошқа одамларни юбориш, масаланинг туб илдизига етиб бормаслик сингари салбий ҳолатлардан холи ўтмаяпти. Ҳар бир сенатор билдирилган танқидий фикрларни теран англаб етиши, ўзи учун аниқ хулоса қилиши, таъбир жоиз бўлса, уйғониши керак. Бу — давр талаби.

Сенаторлар баландпарвоз гап-сўзларга берилмасдан, муайян туман ёки маҳалла миқёсида ўз амалий ишини кўрсатиши керак. Шу маънода, Президентимиз парламент юқори палатаси, шу жумладан, сенаторлар фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида асосли таклифларни илгари сурди. Масалан, Олий Мажлис Сенатида барча даражадаги ҳокимларнинг ҳудудларни ривожлантириш борасидаги ҳисоботларини эшитиш амалиётини йўлга қўйиш таклифи юқори палата фаолияти мақсадлари билан уйғун. Бунда парламент эшитувларининг натижаси фақат марказда эмас, балки жойларда, энг чекка ҳудудларда ҳам сезилишига эришиш биздан катта масъулият талаб қилади.

Бугун мамлакатимиз мутлақо янги воқеликлар, талаблар асосида ривожланмоқда. Президентимиз турли йиғилишларда “Биз икки йил давомида фавқулодда сафарбарлик ҳолатида ишлашимиз керак”, деган фикрни доимо айтиб келади. Ўйлайманки, биз, сенаторлар бугундан бошлаб мана шундай маромда ишлашимиз, ўз чиқишларимиз, амалий ҳаракатларимизда ташаббускорлик, фидойиликни намоён этишимиз шарт. Шундагина халқимиз ишончини муносиб равишда оқлаган бўламиз.

Анорбой ЭШМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10641-khal-vakillari-faoliyatida-tub-burilish-b-ladi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati