> Инсон ҳаёти, инсон манфаати билан боғлиқ соҳаларда майда нарсанинг ўзи йўқ
O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Инсон ҳаёти, инсон манфаати билан боғлиқ соҳаларда майда нарсанинг ўзи йўқ

12.12.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини тинглаган, ўқиган ҳар бир инсон — шу юртнинг истиқболига бефарқ бўлмаган фуқаро тўлқинланиб кетгани рост. Маърузани диққат билан эшитганимиз, қувонганимиз бежиз эмас. Сабаби, давлатимиз раҳбари тилга олган барча фикр ва далилнинг ҳаётийлигини ўтган бир йил давомида амалда кўрдик, ўз ҳаётимизда ҳис қилдик.

Хусусан, ислоҳотларнинг қоғозда эмас, оддий одамлар, халқимизга нафи тегадиган тарзда юритилганининг гувоҳига айландик. Қайси соҳа бўлмасин, у суд-ҳуқуқ бўладими, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда бўладими — барчасида тўпланиб қолган кўплаб масалаларга қисқа муддатда ечим топилди. Жумладан, нақд пул масаласи ҳал этилгани, хорижий валютанинг эркин конвертациясига йўл очилгани, яна бир ўта муҳим масала — фуқароларнинг мурожаат қилиш имконияти кенгайгани ҳамда уларни ҳал этишга эътиборнинг кучайтирилгани энг катта янгилик ўлароқ, халқимизнинг давлатга ишончини янада мустаҳкамлади. Ортда қолган бир йилнинг ўзида ўтказилган шиддаткор ислоҳотлар туфайли камида ўн-ўн беш йилда эришиш мумкин бўлган улкан натижалар қўлга киритилди.

Бугун мамлакатимизда қайси соҳа ва йўналишда ислоҳот юритилмасин, қандай янгилик, қулайлик, имконияту имтиёз жорий қилинмасин, у аввало, халқимиз учун йўналтирилмоғи лозим, деган тамойилга риоя этилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бизнинг мақсадимиз — халқ ҳокимиятини сўзда эмас, амалда таъминлашдан иборат. Бу — биз яшаётган бугунги мураккаб даврнинг асосий талабидир. Шу сабабли биз ўз фаолиятимизни “Буюк келажагимиз бугундан бошланади” деган шиор асосида ташкил қилишимиз, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч ҳамда салоҳиятимизни ишга солишимиз зарур.

Сенат аъзоси сифатида яна бир далил эътиборимни тортди: Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўз моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳасидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айлана олди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонунлар ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ҳар бир Қонун муайян бир соҳадаги ечилмай турган масалаларни ҳал этишга қаратилишини ҳисобга олсак, бу рақамлар ортида қанчадан-қанча ижобий ўзгаришлар турганини тасаввур қилиш қийин эмас. Яъни бу ҳар биримизнинг ҳаётимизга дахлдор бўлган камида 20 дан зиёд энг муҳим ҳамда долзарб соҳалар, 700 дан ортиқ тармоқ ёки жабҳада халққа нафи тегадиган янгиликка ҳуқуқий пойдевор қўйилганини англатади.

Биз сенаторлар давлатимиз раҳбари маърузасида қўйилган, бирма-бир санаб ўтилган устувор вазифаларнинг ҳар бири мағзини чақиб, галдаги фаолиятимизнинг муҳим мезони сифатида қабул қилмоғимиз шарт. Хусусан, давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойилни сўзсиз таъминлашимиз лозим. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланишига эришишимиз керак. Халқ ҳокимиятчилиги, аҳоли саломатлигини сақлаш, ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш, фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигини кафолатлаш, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш, юртимиз ҳудудида ҳам, мамлакат ташқарисида ҳам ўз фуқароларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш ҳақидаги конституциявий қоидаларнинг ижроси сўзсиз -таъминланишига эришишимиз даркор.

Умуман олганда, гап фуқаролар ҳаёти ҳамда уларнинг манфаати устида борар экан, ҳар қандай масалага жиддий, фидокорона ёндашиш, юртдошларимизнинг оғирини енгил қилишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Биз шунга бурчлимиз. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, инсон ҳаёти, инсон манфаати билан боғлиқ соҳаларда майда нарсанинг ўзи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

Тоҳир БАҲРОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12502-1

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati