O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Балиқчилик тармоғини ривожлантириш йўлида муҳим қадам

11.05.2017

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нуфуси тобора ортиб бораётган аҳоли эҳтиёжларига мос равишда сифатли ҳамда тўйимли истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бугун кўплаб давлатлар учун энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Чунки кишилар саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш, одамлар умрини узайтириш, соғлом авлод туғилиши ва камолга етиши кўп жиҳатдан озиқ-овқат хавфсизлиги билан узвий боғлиқдир.

Юртимиз аҳолиси 32 миллион нафардан ортиб, турмуш даражаси яхшиланиб борар экан, бунга мутаносиб равишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, одамларнинг овқатланиш рационини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, истеъмол бозорига балиқ ҳамда балиқ маҳсулотлари етказиб бериш долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда.

Балиқ гўшти инсон саломатлиги учун жуда фойдали бўлиб, бу парҳезбоп маҳсулотни доимий истеъмол қилиш керак. Халқимиз балиқни луқмаи ҳалол деб аташида катта ҳикмат бор. Унинг таркибида инсон саломатлиги учун жуда муҳим бўлган элементлар, -витаминлар мавжуд. Экспертлар бир киши йил давомида камида 16 килограмм балиқ ейиши кераклигини айтишади. Бугунги кунда, ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун йилига камида 500 минг тонна балиқ етиштириш зарур.

Юртимизда 2016 йилда 76 минг тоннага яқин балиқ етиштирилганини инобатга олсак, ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, яъни балиқчиликни ривожлантириш учун комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати яққол кўринади.

Таҳлилларга қараганда, балиқ чавоқлари ишлаб чиқариш ҳамда табиий сув ҳавзалари ва сунъий кўллардан самарасиз фойдаланиш балиқчилик тармоғининг энг заиф бўғини ҳисобланади. Натижада сунъий кўлларнинг ҳосилдорлиги бир гектарда 20 центнердан ошмайди, бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан анча пастдир. Балиқчилик соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, интенсив технологияларни кенг жорий этиш ҳамда балиқ етиштиришнинг юқори технологик усулларидан фойдаланиш алоҳида ёндашувни талаб қилади.

Шу сабабли ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини янада ошириш, халқимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик каби тармоқлар ривожига катта аҳамият берилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги ўзгаришларга йўл очди. Ушбу дастуриламал ҳужжатда балиқчиликни ривожлантиришда асосий муаммолар чуқур -таҳлил этилган ва улар юзасидан амалий, ташкилий-ҳуқуқий чоралар аниқ белгиланган.

Қарорга мувофиқ, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил қилинди, унинг таркибига жойларда балиқчилик тармоғи ташкилотлари ишларини мувофиқлаштирувчи 13 та ҳудудий “Балиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти киради. Бундай институционал чора балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ташкилий-технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, балиқ чавоқларини такрор кўпайтириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, табиий сув ҳавзалари ҳамда сунъий кўлларнинг ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, балиқ етиштириш жараёнига илмий асосланган усулларни ва интенсив технологияларни жорий қилишда муҳим ўрин тутади. Чунки балиқчилик ихтисослаштирилган инфратузилмани талаб этади. Бу вазифаларни бажариш учун фермер хўжаликлари ёки балиқчилик соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг салоҳият ҳамда имкониятлари етарли даражада эмас. Шунинг учун соҳанинг эгаси, мувофиқлаштириб турадиган институти бўлиши ниҳоятда зарур.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати ҳақида тўхталиб ўтишни истардик. Маълумки, балиқ гўшти тез бузилади. Балиқлар сифатли сақланиши лозим. Бунинг учун катта ҳажмда музлаткичлар керак. Балиқчилик хўжаликларини қийнаб келаётган муаммолардан бири ҳам шудир. Қолаверса, балиқ гўштининг сотилмай қолган қисмини қайта ишлаш ҳам йўлга қўйилса, яна бир муаммо барҳам топади. Бунинг учун янги бизнес лойиҳалар, замонавий технологияларни ҳаётга татбиқ қилиш лозим. Шу маънода, қарорда “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банкининг инвестицион компаниясини ташкил этиш маъқуллангани айни муддаодир. Мазкур ташаббус тармоқ лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш, шунингдек, маслаҳат, ахборот-таҳлил ва маркетинг хизматлари кўрсатиш йўли билан балиқчиликни ривожлантириш дастурлари амалга оширилишига кўмаклашишда қўл келади. Қолаверса, тармоқ корхоналари учун 2023 йилнинг 1 январигача уруғ, балиқ чавоқлари ҳамда товар балиқ етиштиришдан, балиқ маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашдан олинган даромадлардан ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзлар берилаётгани диққатга сазовор. Бунда бўшайдиган маблағлар, биринчи навбатда, белгиланган тартибда балиқчилик ташкилотларини иқтисодий қўллаб-қувватлашга, балиқчилик тармоғининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ва соҳа ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.

Қарор билан 2017 — 2021 йилларда балиқчилик тармоғини янада комплекс ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ички бозорга узлуксиз равишда кенг ассортиментдаги арзон ҳамда сифатли балиқ маҳсулотлари етказиб берилишини таъминлайди.

Мазкур қарор ижроси соҳада ягона бошқарув тизими ташкил этилишига, аҳолининг балиққа бўлган эҳтиёжи тўла таъминланишига, янги иш ўринлари яратилишига, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий равнақига хизмат қилади. Парламент юқори палатаси аъзолари ушбу ислоҳотнинг мазмун-моҳиятини, айни йўналишда тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзларни кенг тарғиб қилиш, ҳужжатда кўзда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда самарали рўёбга чиқарилиши учун парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан унумли фойдаланиш чораларини кўради

Баҳодир ТАЖИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари.

http://xs.uz/index.php/homepage/i-tisodijot/item/10121-bali-chilik-tarmo-ini-rivozhlantirish-j-lida-mu-im-adam

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati