O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир

09.11.2017

Кимки элу юрт равнақи йўлида куч ва меҳнатини, билиму салоҳиятини сафарбар этар экан, ҳеч шубҳасиз, ўзининг қадри ҳам юксалиб бораверади. Халқ бундай фидойи фарзандини асло унутмайди ҳамда унинг номи авлодлар ва замонлар оша мангуликка муҳрланади. Бунинг ҳаётий тасдиғини буюк давлат ҳамда жамоат арбоби Шароф Рашидов шахсига бўлган беқиёс ҳурмату эъзозда ҳам яққол кўриш мумкин.

Маълумки, мустабид тузум даврида, жуда оғир йилларда Шароф Рашидов республикамизга раҳбарлик қилди. Узоқни кўра билиш, юксак ақлу заковат, олижаноблик, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишдек фазилатларга эга бу инсоннинг мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожига қўшган ҳиссаси нечоғли улкан экани бугун барчамизга кундай равшан.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили Жиззах вилоятида сайловчилар билан учрашувда халқимизнинг оташқалб фарзанди Шароф Рашидовнинг давлатимиз олдидаги хизматларига ҳаққоний муносабат билдириб, унинг босиб ўтган ҳаёт йўлини авлодларга ибрат этиб кўрсатиш борасида ташаббус кўрсатди. Мана шу эзгу ташаббус маҳсули сифатида Президентимизнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шундан буён ўтган қисқа вақт мобайнида халқимизнинг буюк фарзанди таваллуд топган Жиззах шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, шаҳарнинг қоқ марказида Шароф Рашидов номи билан аталувчи сўлим хиёбон янгидан барпо этилди. Унга туташ кўчалар, атрофдаги ўнлаб иншоотлар замонавий меъморчилик анъаналари асосида таъмирланди. Ён-атроф ободонлаштирилди, рангли фаввора қурилди.

Ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан саналмиш Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси, Шароф Рашидовнинг мемориал музейи ташкил қилинди.

Шароф Рашидов номидаги хиёбоннинг очилиш маросимига Ватанимизнинг турли ҳудудларидан юртдошларимиз ташриф буюрди. Айниқса, улуғ инсон хотирасига яна бир бор эҳтиром кўрсатиш, қолаверса, ўша суронли йилларда фидойи раҳбар амалга оширган хайрли ишларни ёдга олиш ниятида келган нуронийлар чеҳрасидаги мамнунлик, шукроналик тафтини илғаш қийин эмас эди.

Президентимизнинг Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини ҳар бир юртдошимиз ҳаяжону хайрихоҳлик билан кутиб олгани шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари “Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади”, дея яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик эканини алоҳида таъкидлади.

Чиндан ҳам, Шароф Рашидовдек бутун умрини эзгуликка, эл-юрт фаровонлигига бахшида этган улуғ инсон халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди. Унинг ҳаёт йўли, она-Ватанига чексиз меҳри ва садоқати, шунингдек, бетакрор адабий мероси келажак авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Гулнора ТЎРАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари,
вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11891-yakhshilikning-mukofoti-yakhshilikdir

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati