O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ишончли таянч

09.02.2017

Президентимизнинг шу йил 3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юртдошларимиз томонидан чексиз мамнуният билан кутиб олингани, унда белгиланган мақсад ва вазифаларни кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан ўрганаётгани барчамизга яхши маълум. 

Жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳасида ўзгариш ҳамда янгиланишлар изчил амалга ошаётган, халқ билан мулоқот қилиш ва шу аснода ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни зудлик билан ҳал этиш жараёни қизғин тус олган айни пайтда мазкур ҳужжат негизида аниқ чора-тадбирларнинг амалиётга татбиқ қилиниши ғоят муҳимдир. 

Адолат ҳамда инсонпарварлик тамойилларига асосланган фуқаролик жамиятини жамоатчиликнинг иштироки ва назоратисиз ривожлантириб бўлмайди. Айнан жамоатчилик назорати давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фао-лиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқаришда қонунчилик талабларига риоя этилишини, қисқача айтганда, инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили саналади. Мамлакатимизда фуқаролик жамияти тузилмалари, айниқса, маҳалла институтининг ривожланиши жамоатчилик назорати самарадорлигига замин яратади. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Фармони ўзини ўзи бошқаришнинг миллий шакли ҳисобланган маҳалланинг давлат ҳамда жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашда дастуриламал бўлади.

Айтиб ўтиш керакки, мамлакатимизда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларини аниқ манзилли ижтимоий ҳимоялаш, оилаларни мустаҳкамлаш, аҳоли, жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларига айлантириш, уларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини самарали олиб бориши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароит мавжуд. Шу билан бирга, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг ҳозирги босқичида маҳалла институтининг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш, тизимда моддий-техник таъминотни давр талабига яраша такомиллаштириш, тизимда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш тақозо этилмоқда. Фармон замирида ана шу мақсадлар тўлиқ  ўз ифодасини топган.

Ушбу ҳужжатда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақомини берган ҳолда, уни фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этиш назарда тутилгани, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда тузилган кенгашлар эса Республика кенгашининг таркибий тузилмалари ҳисобланиши яна бир аҳамиятли жиҳатдир.

Дарҳақиқат, жамиятда ижтимоий-маънавий соғлом муҳитнинг қарор топиши маҳалла институти фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш, миллий қадриятларимизга кўра тўй-маърака, ҳашарларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш каби анъаналар маҳалла ҳаётида ёрқин акс этади. Шунинг учун ҳам маҳалла ҳаётидаги ҳар бир ўзгариш ва янгиланишга бефарқ қарай олмаймиз. Фармон доирасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида амалга ошириладиган ислоҳотларга барчамиз бирдек дахлдорлигимиз боиси ҳам шунда.

Хусусан, биз, халқ вакиллари одамлар билан очиқ мулоқотлар олиб боришимизда, уларнинг муаммолари ва таклифларини ўрганишимизда, шубҳасиз, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагига суянамиз. Зеро, бу институт ривожи ва парламентнинг у билан ўзаро ҳамкорлиги барча соҳада инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳаммаджон  ЗУФАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9448-fu-arolik-zhamiyatini-rivozhlantirishda-ishonchli-tayanch

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati