O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Дўстлик ришталари янада мустаҳкамланади

08.09.2017

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи икки қардош халқ учун улкан тарихий воқеликка, чинакам байрамга айланди.

Айниқса, водий, хусусан, Қирғизистон билан 447,4 километрлик чегара ҳудудига эга Фарғона вилояти учун чегара муносабатлари ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга эканлиги барчамизга аён. Шу боисдан ҳам икки давлат раҳбарларининг учрашувини халқимиз оммавий ахборот воситалари орқали катта ҳаяжон, қизиқиш ва юксак ишонч билан кузатиб борди.

Жумладан, Фарғона вилояти, Сўх тумани ҳамда Фарғона туманининг Шоҳимардон, Ёрдон қишлоқлари аҳолиси учун чегарадаги борди-келди муносабатлари ғоят оғриқли масалага айланиб бораётган эди. Учрашувлар чоғида азал-азалдан дўст, биродар бўлиб яшаган, бир ариқдан сув ичган, қуда-анда, оға-ини бўлиб кетган, орзу-мақсадлари, миллий анъанаю қадриятлари муштарак икки халқнинг аҳиллигига соя ташлаётган ушбу муаммоларни ижобий ҳал этишга келишиб олингани ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги, жипслиги ҳамда ҳамжиҳатлиги йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Юртбошимизнинг учрашувлар чоғида: “...Ҳозир одамлар: “Наҳотки, биз авваллари бўлгани каби Андижон ва Ўшга бориб-келамиз?” деб савол бермоқда”, деган сўзлари халқимиз дилидаги хоҳиш-истакнинг ёрқин ифодасидир. Айни пайтда эса Андижон вилоятининг “Дўстлик” чегара мажмуасида қўшни давлатга бориб-келишдаги тўсиқлар ҳамда ортиқча расмиятчиликлар олиб ташланди. Табиийки, бу асрлар давомида аҳилликда яшаб келаётган, тили ва дини бир икки халқ вакилларини беҳад қувонтирди.

Ушбу тарихий воқеадан фарғоналик ижодкор Гулчеҳра Асронова ўз қувончини яширмади: “Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилганман, жигарларим, қариндош-уруғим у ёқда. Юртбошимизнинг Қирғизистонга ташрифи ҳақида эшитганимдан кейин йўл азобларини аритадиган бирон-бир янгилик илинжида соат санаб яшай бошладим. “Дўстлик” чегара пунктининг очилиши оиламизда байрамга айланиб кетди. Ўша заҳотиёқ Қирғизистондан қўнғироқ бўлди, опамнинг овози титрар, қувончдан йиғларди. Халқимизнинг оғирини енгил қилаётган Президентимизга мингдан-минг раҳмат!”

Айтиш жоизки, мана шу улуғ воқеа икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашидан ташқари, Ўзбекистоннинг жаҳон айвонидаги нуфузини янада оширади. Шунингдек, икки давлат раҳбарлари учрашуви бу қардош халқлар муносабатларида янги даврни бошлаб берди. Бу эса, албатта, меҳнаткаш халқимизнинг эртанги буюк истиқболимизга бўлган ишончини юксалтиради ҳамда бунёдкорлик борасидаги ишларига янгича шиддат бағишлайди.

Умуман, музокаралар чоғида ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар муҳокама қилингани, энг муҳими, Давлат чегаралари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ўзбек ҳамда қирғиз халқларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларини янада юксалтириши, шубҳасиз.

Энахон СИДДИҚОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11073-d-stlik-rishtalari-yanada-musta-kamlanadi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati