O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Миллий тараққиётимиз таянчи

06.11.2017

Ўтаётган ҳар бир кун бизни давлатимиз Конституцияси қабул қилинган қутлуғ санага тобора яқинлаштирмоқда. Айни дамда юртимизда ушбу байрам шукуҳи ҳукмрон. Президентимизнинг жорий йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, шаҳар ва қишлоқларимизда Асосий Қонунимизнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳамда аҳамиятига бағишланган, аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган авлоднинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, интеллектуал, ижодий танловлар бир-бирига уланиб кетмоқда.

Ёшларимиз бугун барча жабҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳамда янгиланишлар замирида, энг аввало, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун ва қонунийлик устуворлигини кафолатлаш, халқимизнинг тинч, фаровон, розилик ҳамда миннатдорлик ҳисси билан яшашини таъминлашдек улуғ мақсадлар мужассамлигини чуқур англаб етаётир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи ислоҳотларнинг устувор йўналиши бўлиб қолишини, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинлари фаолиятини замон талаблари асосида ривожлантириш, фарзандларимизни диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, “оммавий маданият” деган хавф-хатарлардан, ғаразли кучлар таъсиридан асраш ғоятда зарурлигини таъкидлаган эди. Ўтган салкам бир йиллик қисқа фурсатда айнан ёш авлод манфаати ва келажагига дахлдор қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, улар асосида олиб борилаётган амалий ишларнинг кўлами ҳамда салмоғи нақадар залворли эканини барчамиз кўриб, билиб турибмиз.

Хусусан, мактабгача таълим сифатини тубдан ошириш, жойларда болаларни боғчаларга қамраб олиш билан боғлиқ муаммоларни узил-кесил бартараф этиш, соҳада соғлом рақобатни шакллантириш учун нодавлат сектор иштирокини кенгайтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. Ёки халқимиз хоҳиш-истагига кўра, 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта тиклангани, академик лицейлар фаолияти, шунингдек, педагог кадрларни тайёрлаш тизими давр талабларига мувофиқ такомиллаштирилаётгани алоҳида эътирофга молик.

Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони навқирон авлод вакиллари ҳаётида яна бир янги саҳифа очган бўлса, маданият ва спорт соҳаларида давлат бошқарувининг такомиллаштирилиши ҳам болаларимизнинг жисмоний, маънавий-ахлоқий ҳамда интеллектуал жиҳатдан соғлом бўлиб камолга етишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Юртимизда “Ўз болангни ўзинг асра!” шиори остида ёшлар ва вояга етмаганлар билан ишлаш соҳасида давлат ҳамда жамоат ташкилотларининг масъулияти янада оширилди. Бола таълим-тарбиясида бирламчи макон — оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чора-тадбирларига жиддий эътибор қаратилаётир. Буларнинг барчаси пировардида фарзандларимизнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирмоқда.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида юксак минбардан туриб, жаҳон жамоатчилиги эътиборини глобал муаммолар қаторида ёшлар масаласига ҳам қаратди. “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир”, дея ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлашда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини қайд этди.

Бу ўринли хавотир ва ҳақли фикрлар ўз келажаги ҳақида қайғураётган ҳар бир давлатни бефарқ қолдирмагани аниқ. Шунинг баробарида, ислоҳотларнинг янги босқичига чиққан Ўзбекистоннинг айни соҳада тўплаган тажрибаси ҳамда олиб бораётган эзгу саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда юксак баҳоланаётгани ғурур ва ифтихорга муносиб.

Чиндан ҳам, ёш авлод юртимизда энг бебаҳо бойлик, миллий тараққиётимизнинг чинакам таянчи сифатида қадрланади. Дарвоқе, яқин беш йилликка мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, мактабгача таълим муассасаларидаги шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, умумий ўрта таълим сифатини кўтариш, болаларни спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга, мусиқа ва санъат оламига кенг жалб қилиш каби устувор вазифалар белгиланганки, уларнинг рўёбга чиқарилиши болаларимиз бахту иқболига хизмат қилади. Муҳими, ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида Конституциямиз ва унинг негизида амалиётга татбиқ қилинган юздан ортиқ қонун ҳужжатлари ижроси самарадорлиги, шубҳасиз, янада ошади.

Шоҳида АРИПОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган
умумтаълим мактаб-интернати директори.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati