O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — асосий мақсад

06.06.2017

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мамлакатимиз иқтисодиётини жадал суръатлар билан ривожлантиришда долзарб масалалардан ҳисобланади. Мазкур йўналишларда янгича ва самарали ёндашувни татбиқ этиш, хусусан, чорвачилик, паррандачилик тармоқларида ҳали ишга солинмаган имкониятлардан тўғри фойдаланиш, истеъмол бозорига гўшт, сут, тухум каби ҳамиша талаб юқори бўлган маҳсулотларни етказиш ҳажмини ошириш ҳамда уларнинг экспортини кенг йўлга қўйиш, пировардида халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Бугун қишлоқ жойларда оилаларнинг даромад манбаини кўпайтириш мақсадида аҳолининг чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланиши, шу йўл билан рўзғорини тўкин қилиб, ортганини эл дастурхонига улашиши учун барча шароит яратиб берилмоқда.

Шунинг баробарида, дунёнинг турли минтақаларида эпидемиологик вазият мураккаблашиб, озиқ-овқат хавфсизлиги жиддий муаммога айланиб бораётган ҳозирги даврда республикамизда эпизоотик барқарорликни кафолатлаш, ҳайвонларни касалликлардан сақлаш, ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Табиийки, бу жараёнда ветеринария хизматларининг ўрни ва аҳамияти каттадир.

Бироқ сўнгги ўрганиш ҳамда таҳлиллар айни соҳадаги ишларни сифат жиҳатидан бутунлай янги босқичга олиб чиқиш заруратини кўрсатаётир.

Давлат ветеринария хизмати замонавий талаблардан ортда қолаётгани, тармоқда ягона вертикал бошқарув тизими йўқлиги, моддий-техника базасининг ҳар томонлама эскиргани, ҳайвонлар касалликларини профилактика қилиш ва даволашга доир илмий ишланмалар, инновацион технологияларни жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ечимини кутаётган муаммолар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Президентимизнинг шу йил 1 июнда қабул қилинган “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳадаги ана шу бўшлиқларни бартараф этиб, ветеринария хизматларининг кўлами ва самарадорлигини сезиларли даражада ошириш мақсадларини назарда тутади.

Мамлакатимизни яқин истиқболда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига уйғун равишда амалиётга йўналтирилган ушбу ҳужжатга биноан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ташкил қилинди. Бу эса соҳада ягона давлат сиёсатини юритишга имкон яратади. Шу билан бирга, давлат дастурларини ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий тартибга солиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг бу соҳадаги ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш, эпизоотик барқарорликни мониторинг қилиш, ҳайвонларни турли касалликлардан сақлаш ҳамда улардан олинадиган маҳсулот ва хом ашёлар хавфсизлигини кафолатлашда идоравий ҳамда ишлаб чиқариш хизматлари, шунингдек, хусусий ветеринария фаолиятини мувофиқлаштириш сингари муҳим йўналишлардаги ишлар ривожлантирилади. Президентимиз қарори билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури эса соҳадаги қонунчилик ва унинг ижро механизмида юқори натижадорликни таъминлаши шубҳасиз.

Бизнинг Конимех туманимиз Қизилқум саҳроси ҳудудида жойлашган. Аҳолининг асосий қисми чорвачилик билан шуғулланиб келаётир. Шу сабабли ветеринария хизматларига бўлган талаб бошқа ҳудудларга нисбатан бизда юқори. Чорва молларининг эпизоотик касалликларидан тортиб, чорвачилик маҳсулотлари, яъни гўшт-сут, парранда гўшти, тухум каби маҳсулотларнинг сифати ва истеъмолчига етиб боришигача бўлган жараён ветеринария ходимларининг назоратида бўлиши лозим. Шу маънода айтганда, -давлат ветеринария хизмати фаолиятининг тубдан такомиллаштирилаётгани, тегишли дастур қабул қилингани ҳудудлар, шу жумладан, чорвачиликка ихтисослаштирилган туманлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади.

Ушбу дастурдаги вазифаларнинг бажарилишида, албатта, халқ вакиллари — сенаторларнинг ҳам зиммасидаги масъулият ортади. Бинобарин, озиқ-овқат хавфсизлигига қаратилган иқтисодий ислоҳотлар изчиллигининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, улар ижроси устидан парламент назоратининг таъсирчан механизмларини амалга ошириш бугуннинг талабидир.

Исомиддин ЎРОҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
Навоий вилояти

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10335-ozi-ov-at-khavfsizligini-ta-minlash-asosij-ma-sad

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati