O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Инсон манфаатлари Конституция асосида кафолатланади

02.05.2017

2017 ЙИЛ 28-29 март кунлари Ўзбекис¬тон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун инсон ҳуқуқ ва эркинларини, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичини бошлаб беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, фаровонлигига хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизнинг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар эса айни йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш баробарида, мустақил суд ҳокимияти фаолиятининг мутлақо янги босқичини бошлаб беради. Чунки янги конс-титуциявий қоидаларга кўра, суд ҳокимияти фаолиятининг мазмун-моҳияти тубдан ўзгаради.

Бугунги давра суҳбатида Конституцияга киритилган ушбу ўзгартишлар ва қўшимчанинг моҳияти, унинг аҳамияти ҳақида батафсил фикр-мулоҳазалар юритилади.

Батир МАТМУРАТОВ, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:

— Сенат томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда.

Жамиятнинг бош мақсади, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўлган суд ҳокимия¬тининг олий органи иккита эканлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги, авваламбор, суд тизимини бошқариш функцияларининг такрорланишига сабаб бўлаётган, амалдаги тузилма ягона суд амалиётини, хизмат вазифаларининг оқилона тақсимланишини таъминлаб бермаётган эди.
Мазкур конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда суд тизимини янада чуқур ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш учун асос яратади.

Эндиликда суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий, маъмурий судларини, шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини ҳамда туман, шаҳар маъмурий судларини ташкил этишни назарда тутувчи ушбу конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади. Жумладан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг берган мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган турли даражадаги маъмурий судларнинг тузилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, манфаатларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини тубдан оширади.

Гавҳар АЛИМОВА, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги масалалар том маънода тарихий аҳамиятга эга. Хусусан, Конституциянинг бир қа¬тор моддаларига киритилаётган ўзгартишлар инсон ҳу¬қуқлари соҳасидаги ислоҳотларни яна бир бос-қичга кўтаришга амалий таъсир кўрсатади. Муҳокамалар жараёнида Сенат аъзолари томонидан эътироф этилганидек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор долзарб масалалар юртимизда шиддат билан кечаётган ислоҳотлар суръати билан уйғун бўлиб, аввало, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини амалда таъминлаш мақсадини кўзлайди.

Конституцияга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган бир қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари судда ишонч¬ли ҳимоя қилинишини таъминлашга, мамлакатда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга асос бўлади.

Бундан ташқари, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди. Бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Конституцияга киритилган ўзгартишлар ва қўшимча жамият эҳтиёжларини ҳар томонлама инобатга олган ҳолда суд тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, адолатли суд қарорларини чиқариш орқали одил судловни таъминлашга хизмат қилади. Зеро, демократик ҳуқуқий давлат ҳамда адолатли, кучли фуқаролик жамиятининг энг асосий мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашдир.

Давра суҳбатини журналист Арслон ЭШМУРОДОВ тайёрлади.

http://insonvaqonun.uz/?q=ruknlar/3016

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati