O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Педагогик фаолият обрўсини кўтариш вақти келди

02.08.2017

Бугун Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичида жамият ҳаётининг барча жабҳасини изчил ривожлантириш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишга жадал интилмоқда. Албатта, буларга эришиш учун инновацияларни амалиётга кенг татбиқ этиш, профессионал таълимни ривожлантириш, илмий ишланмалар сифатини ошириш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим ўрин тутади.

Шу сабабли ҳам Президентимиз олий таълим тизимини буткул қайта кўриб чиқиш, хусусан, соҳада белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу масалалар мамлакатимизни 2021 йилгача ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак, асло янглишмаймиз.

Маълумки, ўтган қисқа муддатда олий таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кўпгина ижобий ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, республикамиздаги ўқув муассасалари учун замонавий талабларга жавоб берадиган етук кадрлар тайёрлаш тобора долзарб аҳамият касб этаётир. Бунда, айниқса, ахборот-коммуникация технологияларини мукаммал эгаллаган, илғор хорижий тажриба ютуқларини ўзлаштирган малакали мутахассисларга талаб жуда юқори.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳақли равишда таъкидланганидек, айрим йўналишлардаги муаммоларнинг асосий сабаби — кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳудудларда мутахассислар етишмаётганлиги жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни янада самарали ҳал қилишда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялари, юридик хизмат каби муҳим соҳаларда бу борада ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар тўпланиб қолгани Сенат томонидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирларида аниқланган эди. Бу каби муаммолар кўп жиҳатдан олий таълим муассасаларида кадрларнинг ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқмаган ҳолда тайёрланганлиги сабабли пайдо бўлган.

Таъкидлаш керакки, юқоридаги қарор Вазирлар Маҳкамаси комплекслари таркибидаги вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли тармоқ (соҳа) ҳамда ҳудудларнинг жорий ва истиқболли ривожланиш дастурларини ҳисобга олиб, олий малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни йиллар кесимида аниқ баланс берадиган ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқишни назарда тутади. Шу ўринда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами бугунги кун битирувчиларидан ушбу ижобий ўзгаришларда фаол иштирок этишни талаб қилаётганини айтиш зарур. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг билим ва малакалари даражасига муайян талабларни қўяди.

Қарор билан жорий ўқув йилидан олий таълим муассасалари талабаларининг тегишли таълим йўналишлари бўйича муайян ташкилотлар ва корхоналарда малакавий амалиётлари тизимли равишда ўтказилиши, шунингдек, уларнинг амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқаришда ташкиллаштириш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш белгилаб қўйилди. Ижтимоий соҳада ёш олимлар, изланувчилар ва докторантлар учун кенг имкониятлар яратиш ҳам ҳужжатда ўз ифодасини топган бўлиб, унда амалиётга татбиқ этилган иш муаллифларини, ихтиро эгаларини моддий рағбатлантириш назарда тутилди.

Бугунги кунда ёшлар тарбияси ўта долзарб масала эканини инобатга олган ҳолда, қарорда талаба-ёшларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, таълим ва тарбия уйғунлигини амалда таъминлаш борасидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларга қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ижарада турувчи талабаларни рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилган шаклини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Яна бир муҳим масала бу, албатта, педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдир. Қарорда таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, жамиятда педагогик фаолиятнинг обрўсини юксалтириш, соҳа вакилларини ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Жумладан, турли танловларда совриндор бўлган, ўқувчи-талабалари республика ва халқаро олимпиадаларда юқори натижаларни қўлга киритган педагогларга уй-жой, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобиль, маиший-хўжалик жиҳозлари сотиб олишлари учун имтиёзли ипотека ва истеъмол кредитларини ажратиш тартибини жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш киритилганлиги устозларга бўлган ҳурмат, меҳнатини қадрлаш ва қолаверса, давлатимиз томонидан уларнинг машаққатли, шу билан бирга, шарафли фаолияти эътироф этилганлигидан далолатдир.

Умуман айтганда, мазкур қарор таълим соҳасида илмий ва ижодий фикрлашга эга, салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, шу билан бирга, таълим тизимини янада тараққий топтириш ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Гавҳар АЛИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati