O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Жамиятнинг маданий ривожида яна бир муҳим қадам

02.06.2017

Президентимизнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини нафақат соҳа вакиллари, балки кенг жамоатчилик катта мамнуният билан кутиб олди. Чунки инсон борки, маънавий озуқага эҳтиёж сезиб яшайди. Юксак бадиий -савияли, эзгу ғояларга хизмат қиладиган санъат асарлари, маданият дурдоналари замон ва миллат танламаслиги, тафаккурни бойитишга бевосита таъсир кўрсатувчи театр, кино, мусиқа сингари соҳалар ривожи ҳамиша жамиятнинг диққат-эътиборида бўлиши бежиз эмас.

Мамлакатимизда жамиятнинг маданий тараққиётига қаратилган конституциявий тамойилнинг изчил бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари қамрови тобора кенгайиб бораётганига бугун барчамиз гувоҳмиз. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 февралда қабул қилинган “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, ушбу соҳалардаги давлат сиёсати янги сифат босқичига чиққан бўлса, юқоридаги қарор, шубҳасиз, маданият ҳамда санъатнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини янада юксалтиришга туртки беради.

Тан олиш керак, ҳозирги кунда, айниқса, ёшларимизнинг театрларга, музейларга интилишини, миллий ҳамда жаҳон мумтоз мусиқаларига қизиқишини у қадар кучли, деб бўлмайди. Замонавий қўшиқчилик даражасининг тушиб кетаётгани, кино соҳасида, театр репертуарларида кассабоп, юзаки, маиший мавзулар билан чекланган томошаларнинг кўпайгани халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳам бор гап.

Маданият ва санъат соҳаларидаги бу ҳамда бошқа оқсоқликларни келтириб чиқараётган муаммолар эса талайгина. Масалан, ўрганишлар шуни кўрсатаяптики, сўнгги йилларда театрларга томошабинларнинг келиши сезиларли равишда камайиб бормоқда. Театр санъатида ёш авлодни миллий қадриятларимизни эъзозлаш руҳида тарбиялашга йўналтирилган, томошабинни ўзига тортадиган, юксак савияли янги асарлар мавжуд эмаслиги, профессионал драматурглар, режиссёрлар, сценаристлар, актёрлар тайёрлайдиган миллий мактаб ҳанузгача шаклланмагани туфайли ҳудудлардаги театрларда кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Айрим мусиқали театрларда оркестр, ансамбль, созандалар ўрни бўшаб қолган, тажрибали дирижёр, балетмейстер, хормейстерлар, саҳна рассоми ва либослар бўйича рассомлар етишмайди. Аксарият театрларнинг моддий-техника базаси ночор аҳволда. Айрим вилоятларда профессионал театрлар умуман йўқ.

Президентимиз қарори асосида Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурининг ҳаётга татбиқ қилиниши тегишли муассасалар, жумладан, театрлар фаолиятидаги ана шундай камчиликларни бартараф этишга, аҳолига маданий хизмат кўрсатишни бугунги кун талаби даражасига олиб -чиқишга замин яратади.

Маданият ҳамда санъат масканларида самарали ижодий изланиш учун қулай шарт-шароитларни вужудга келтириш, аҳолини, биринчи навбатда, ёшларни театр ва музейларга, концерт томошаларига мунтазам жалб қилиш, ўзбек ҳамда жаҳон маданиятининг энг сара намуналаридан баҳраманд этиш орқали уларнинг маънавий-ахлоқий ва эстетик дидини ўстириш, ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, Ўзбекистоннинг юксак, бебаҳо маданияти ва санъатини халқаро майдонда янада тарғиб этиш Дастурнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Унда, шунингдек, маданият ҳамда санъат муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш борасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш вазифаси ҳам ўз ифодасини топганки, бу парламент вакилларидан янада масъулият билан ёндашувни, ривожланган давлатларнинг соҳага тааллуқли қонунчилигини, илғор тажрибаларини чуқур ўрганишни талаб қилади. Қолаверса, парламент назоратини кучайтириш орқали маданият ҳамда санъат ривожини жадаллаштиришга оид қонун ҳужжатлари ижросининг натижадорлигини таъминлаш зарур. Зеро, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш баробарида, маънавиятини янада юксалтириш, ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш орқали тараққиётимиз пойдеворини мустаҳкамлаймиз.

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10317-zhamiyatning-madanij-rivozhida-yana-bir-mu-im-adam

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati