> Ёрқин хотираси ҳамиша ёдимизда
O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ёрқин хотираси ҳамиша ёдимизда

01.12.2017

Таълимнинг инсон ҳаётидаги ўрни беқиёс. Айни ушбу омил турмушимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Зеро, билим олиш жараёни инсон дунёқарашини шакллантириб, кўп жиҳатдан унинг келажагини белгилайди. Давлат миқёсида айнан таълим тизимининг муваффақияти ижтимоий-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий тараққиётни таъминлашда катта аҳамиятга эга. Шу боис Ўзбекистон фуқароларининг таълим олиш ҳуқуқи Конституциямиз билан кафолатлаб қўйилган.

Мамлакатимизда бутун умрини юрт равнақига бағишлаган ва жаҳон жамоатчилигининг катта ҳурмат-эътиборини қозонган буюк замондошимизнинг хотирасини эъзозлаб, абадийлаштириш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда. Азим пойтахтимиз ҳамда кўҳна Самарқандда Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилгани, Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси фаолияти йўлга қўйилгани элим деб, юртим деб ёниб яшаган буюк инсон хотирасига юксак эҳтиромнинг яққол ифодасига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлашга оид қарори қабул қилиниши улкан давлат арбобининг хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур ҳужжатга биноан, Биринчи Президент таваллудининг 80 йиллигини республикамиз бўйлаб муносиб тарзда нишонлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Хусусан, 2018 йил январь ойида Самарқандда Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасининг очилиши, бу муаззам шаҳарда, шунингдек, “Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси” мавзуида халқаро илмий конференциянинг ўтказилиши, Қаршида эса Ислом Каримов ҳайкали қад ростлаши, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда санага бағишланган учрашувларнинг ташкил қилиниши алоҳида эътиборга моликдир.

Бундан ташқари, Биринчи Президентимизнинг фаолияти хроникаси, Ислом Каримовнинг “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарлари, шунингдек, “Президентга мактублар” китоби қайта нашр этилиши чин инсонпарварлик ғояларини аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида тарғиб этишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бундай эзгу ҳамда хайрли ташаббуслар яқин ўтмишимиздан сабоқ олиб, бугунги осойишта ҳаётни қадрлаб яшашга ундайди. Айни чоғда улуғ аждодларимиз хотирасини эъзозлаб, улардан ибрат олган ҳолда, юртимизда жадал амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг, туб ўзгаришларнинг фаол иштирокчиси бўлиш барчамиз учун устувор мақсадга айланмоғи лозим.

Тожибар ЮЛДАШЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/12351-1

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati