O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим мезони

30.03.2017

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида мамлакатимизда кечаётган суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қатор қонунлар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, парламентимиз юқори палатаси аъзолари Конституция ва қонунларимизда белгиланган ваколатларидан фойдаланган ҳолда республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли жабҳаларига оид масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар ҳисоботларини ҳам эшитишди.

Фаррух ДАДАХЎЖАЕВ, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси:

— Мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотлар жараёни сенаторлардан парламент назорати механизмидан янада самарали фойдаланишни кун тартибига олиб чиқмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида депутатлар ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳ мамлакатимиз шаҳар ва туманларида ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиб келаётгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу ўрганишлар жойларда муаммоларни аниқлаш, уларни умумлаштириш, тизимлаштириш ҳамда парламентнинг олий минбарида тегишли идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиш учун ҳам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида қатор вазирлик ва идораларнинг ҳисоботларини эшитишга тайёрлашда ҳам жойларда олиб борилган назорат-таҳлил фаолияти натижаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашилди. Бу эса парламент назорати тадбирларимизнинг ҳаётийлигини, амалий ва манзиллигини оширди.

Толибжон МАДУМАРОВ, Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Прокуратура органлари кундалик ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитишда ана шу вазифалар, қолаверса, -Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашувда белгилаб берилган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратишди.

Умуман, ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Сенаторлар жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни муҳим эканлигини ва мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Сайёра БАРАТОВА, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор:

— Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда жойларда ўтказилган барча ўрганишлар натижаларини умумлаштириб, ҳар йили бир марта ички ишлар вазирининг, энг аввало, профилактика соҳасидаги фаолияти юзасидан ҳисоботини Сенатда эшитиш амалиётини жорий этиш ҳам тўғри бўлади, деб айтиб ўтган эди.

Биз ҳозиргина парламентимиз амалиётида биринчи марта ушбу ташаббуснинг амалий ифодасини кўрдик, яъни ички ишлар вазирининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тингладик.

Ички ишлар вазири ҳисоботига тайёргарлик кўриш асносида сенаторлар жойларда бўлганида ички ишлар органлари раҳбарларидан улар ўз зиммасидаги вазифаларни қай даражада ижро этаётганига, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни, уларнинг мурожаатларини қандай ҳал қилаётганига алоҳида эътибор қаратишди. Жойларда ўз ечимини топмаган масалалар ҳал этилиши учун Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти эътиборига ҳавола этилди.

Биз ички ишлар органлари тизимида ташкил этилган профилактика инспекторлари ўзларига жиноятларнинг олдини олиш бўйича юклатилган профилактика тадбирлари билан мунтазам шуғулланиши зарурлигини алоҳида кўрсатиб ўтдик. Бунда маҳалла раислари, посбонлар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ва жамоат тузилмалари имкониятларидан янада самаралироқ фойдаланиш лозимлигини айтиб ўтдик.

Мақсуда ВАРИСОВА, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Назарбек” қишлоқ врачлик пункти мудири, сенатор:

— Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи Сенат аъзолари томонидан ҳудудий манфаатларни инобатга олган ҳолда қизғин муҳокама қилинди.

Қўмита, унинг жойлардаги тузилмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2017 йилда алоҳида эътибор қаратишлари лозим бўлган масалаларга тўхталиб ўтилди.

Хусусан, 2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастуридаги ва тегишли ҳудудий дастурлардаги тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши ва жорий йилнинг якунига қадар тўлиқ бажарилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга, республикада чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш соҳасида замонавий технологияларни жорий қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, бунга чет эл компанияларининг инвестициялари, грантлар, техник-кўмак маблағларини жалб қилиш бўйича ишларни янада фаоллаштириш лозим.

Ҳисобот бўйича қабул қилинган Сенатнинг тегишли қарорида ана шу масалалар ўз аксини топди ва сенаторлар фаолияти давомида унинг ижроси устидан бевосита парламент назоратини олиб борадилар.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9776-a-oli-turmush-farovonligini-yuksaltirishning-mu-im-mezoni

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati