O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


“Ўзбекистон ва Россия: стратегик ҳамкорлик йўлида 25 йил” тарихий ҳужжатлар кўргазмаси очилиши тўғрисида

30.11.2017

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси ўринбосари И.Умаханов раҳбарлигидаги делегация ташрифи доирасида “Ўзэкспомарказ”да Россиянинг ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон ва Россия: стратегик ҳамкорлик йўлида 25 йил” тарихий ҳужжатлар кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазма экспозицияларида муштарак тарихимиз саҳифалари ва Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг ҳозирги босқичдаги ютуқлари ўз аксини топди. Бу эса,  икки давлат ўртасида вақт синовидан ўтган ва янги имкониятларни ишга солишга қаратилган мустаҳкам дўстона ҳамкорлик  ўрнатилганлигининг далилидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ва Россия Федерацияси Президенти маъмуриятининг Хорижий мамлакатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи В.Чернов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ва Россия Федерацияси Президенти В.В.Путиннинг табрик мактубини ўқиб эшиттирдилар. Шунингдек, кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг расмий вакиллари табрик нутқи билан сўзга чиқдилар.
Расмий маросим якунлангач, Россия давлат иқтисодиёт архиви директори Е.Тюрина меҳмонлар учун кўргазма тақдимотини ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati