O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


СЕНАТОРЛАР “ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН ВА ШАҲАР КЕНГАШИ
ДЕПУТАТИНИНГ МАҚОМИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУННИНГ ЖИЗЗАХ ВА ХОРАЗМ
ВИЛОЯТЛАРИДАГИ ИЖРОСИНИ МУҲОКАМА ЭТДИЛАР

29.06.2017

2017 йилнинг 29-30 июнь кунлари Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларида Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг мазкур вилоятларда ижро этилишини ўрганиш якунлари муҳокамасига бағишланган йиғилишлари бўлиб ўтди.

Ўтказилган йиғилишларда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари раисларининг ўринбосарлари, доимий комиссиялари раислари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Муҳокама чоғида сенаторлар томонидан қайд этилганидек, халқ депутатлари Жиззах ва Хоразм вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан депутатларнинг ҳуқуқларини, мажбуриятларини ҳамда депутатлик фаолиятининг асосий кафолатларини рўёбга чиқариш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Жумладан, вилоятлардаги аксарият маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан ҳудуд учун муҳим масалаларни ҳал этиш мақсадида депутат сўрови юбориш амалиётидан кенг фойдаланилган. Мисол учун, Хоразм вилоятида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан 2016 йилда 1468 та, худди шунингдек Жиззах вилоятида жами 1267 та депутатлик сўрови юборилган. Таҳлиллар мазкур депутатлик сўровларининг аксарияти коммунал соҳадаги муаммолар, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сифатли автотранспорт хизмати кўрсатиш, мактабгача таълим муассасалари фаолияти, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига тааллуқли эканлигини кўрсатди.

Шу билан бирга, Сенат комиссияси йиғилишида сенаторлар ҳар икки вилоятлардаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида ўз ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигига эътибор қаратдилар.

Жумладан, аксарият маҳаллий Кенгашларда депутатлар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда депутат сўрови имкониятларидан самарали фойдалана олмаяпти.

Шунингдек, мансабдор шахслар томонидан депутат сўровларини кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйилмоқда, сўровларга жавоблар аксарият ҳолларда юзаки берилмоқда, сўровлардаги долзарб масалаларни маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамаларига олиб чиқиш бўйича амалиёт шаклланмаган.

Йиғилишларда иштирокчилар соҳада йўл қўйилган тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирдилар.

Халқ депутатлари Жиззах ва Хоразм вилоят маҳаллий Кенгашлари депутатларини рағбатлантириш, улар ташаббускорлиги ва фаоллигини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини янада жонлантириш мақсадида йил якунида “Йилнинг энг яхши депутати” танловини ўтказиш амалиётини жорий этиш, депутатларнинг ҳисоботларини сессияларда муҳокама қилишда улар фаолиятига холисона баҳо берилишини, шунингдек депутат сўрови каби назорат фаолиятидан янада самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилиши лозимлиги қайд этилди.

Сенат комиссияси йиғилишлари якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati