O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолати кучайтирилмоқда

29.03.2017

Аввал хабар қилинганидек, кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Сенаторлар мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотлар ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда адолатни қарор топтириш, одамларни рози қилиш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатда ривожланишига доир долзарб масалаларни кўриб чиқишди. Сенаторлар мухбиримизга ушбу масалаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берди:

Батир МАТМУРАТОВ, Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг дарди билан яшаш, аҳолининг давлат органларига, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимига ишончини мустаҳкамлаш бўйича ҳаётбахш ислоҳотлар олиб борилмоқда

Сенаторлар якдиллик билан кўриб чиққан ҳамда маъқуллаган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун замирида ҳам ана шу эзгу мақсад, халқимиз интиқлик билан кутаётган ислоҳотларни рўёбга чиқариш вазифаси ётибди.

Шу боис ҳам 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси, уни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг алоҳида йўналиши айнан суд тизимида қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг асосли, адолатли ҳамда қонуний бўлишига эришиш, судларнинг чинакам мустақиллиги ва одил судловга аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Конституциямизга киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимча эса бу борада сифат жиҳатидан мутлақо янги босқични бошлаб беради. Чунки янги конституциявий қоидаларга кўра, суд ҳокимияти фаолиятининг мазмун-моҳияти тубдан ўзгаради.

Гавҳар АЛИМОВА, Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига тузатишлар киритишни назарда тутадиган қонунни сенаторлар юксак дахлдорлик туйғуси билан кўриб чиқди ва тўлиқ қўллаб-қувватлаб овоз берди. Айтиш ўринлики, мазкур ҳужжат юртимиз ижтимоий-сиёсий тараққиётида янги даврни бошлаб беради.

Қонун билан мамлакатимизда ягона суд ҳокимияти тизими ўрнатилмоқда. Яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ҳамда иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилаяпти.

Сенаторлар бу конституциявий ислоҳот суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилишини алоҳида қайд этишди. Биз ушбу конституциявий ислоҳотлар одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши учун барча имкониятимизни ишга соламиз, парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан фойдаланамиз, халқимизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини тинглаб, амалий таклифларни тегишли давлат органларига етказиш чораларини кўрамиз.

Мирзаҳмат ШОИМОВ, “Сирдарё иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти бош директори, сенатор:

— Юртимизда кечаётган ислоҳотлар, аввало, халқимиз кундалик ҳаётида тўпланиб қолган муаммолар таҳлили асосида одамларни ўз ҳаётидан рози қилиш, адолатни қарор топтириш мақсадини кўзлаган. Адолат мезони одил судлов билан бевосита боғлиқ. Суд тизими бенуқсон ишлаши керак. Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизга киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимча ана шундай тизимни қарор топтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги конституциявий орган — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилмоқда. Мазкур кенгаш судьялар ҳамжамияти органи сифатида суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.

Конституциямизга киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимча халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган стандарт ҳамда қоидаларига мос бўлиб, Ўзбекистоннинг демократия ва инсон ҳуқуқларига содиқлигининг яна бир ифодасидир.

Тожибар ЙЎЛДОШЕВА, Хўжаобод туманидаги “Бирлашган” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, сенатор:

— Сенатнинг ялпи мажлисида сенаторлар томонидан кўриб чиқилган мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор долзарб масалалар юртимизда кечаётган ислоҳотлар суръати билан уйғун бўлиб, аввало, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини амалда таъминлаш мақсадини кўзлайди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми ҳамда қонуний асослари ишлаб чиқилгани диққатга сазовордир. Шуни қайд этиш керакки, янги тузилма номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига та-йинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг ушбу жараёндаги иштирокини кенгайтириш ҳамда юқори малакали судьялар корпусини шакллантиришда алоҳида аҳамиятга эгадир.

Судьялар олий кенгаши судьялик лавозимларига малакали мутахассислар орасидан очиқ ва шаффоф танлов асосида судьялар корпусини шакллантириш, тизимга оид қонунчиликни янада эркинлаштириш ҳамда либераллаштириш имконини беради.

Комила КАВЛАНОВА, Тошлоқ тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор:

— Давлатимиз раҳбари ҳар доим суд ҳақиқий, чинакам суд бўлиши кераклигини қайд этади. Чунки суд ўз қарори билан кўплаб инсонлар тақдирини ҳал қилади, ҳаётига таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам ҳар томонлама мустақил судьялар корпусини шакллантириш зарур.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари шу йўлдаги ҳал қилувчи қадам бўлди. Сенаторларимиз судьялар корпусини яхшилаш ва суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида Конс-титуциямизнинг бир қатор моддаларига киритилаётган ўзгартишларни тўлиқ қўллаб-қувватлашди.

Ушбу янгиликларга мувофиқ, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ҳамда самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди.

Жумладан, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди. Бу ўзгартишлар эса халқаро стандартлар ҳамда ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.

Шарипжон ЙЎЛДОШЕВ, “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамияти директори, сенатор:

— Бугун юртимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик давлатимиз иқтисодиётининг асосий локомотивига айланди, десак, муболаға бўлмайди. Уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Замонавий талаблардан келиб чиқиб, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди. Бунда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил қилинмоқда.

Шуни айтиш керакки, айрим туманлар суд биносидан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли тадбиркорлар даъво аризасини берган пайтдан низо судда кўриб чиқилгунига қадар вилоят марказига бир неча маротаба қатнашга мажбур бўлаётганди. Бу эса уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашига олиб келарди.

Ушбу янгиликлар “Судлар тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда ўз ифодасини топмоқда.

Мамат ҲАЙДАРОВ, Термиз давлат университети ректори, сенатор:

— Қонун суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ҳамда либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, суд, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлиги, энг муҳими, аҳолининг одил судловга бўлган ишончи ортишига хизмат қилади. Фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида айнан шу мезон асосий ҳисобланади.

Мамлакатимизда жиноий жазолар тизимига “мажбурий жамоат ишлари”нинг киритилиши муносабати билан қамоқ тариқасидаги жиноий жазо бекор қилинмоқда. Яъни жиноий жазолар тизимидан нисбатан қаттиқ таъсир чораларидан бири чиқарилаётганлиги жиноий жазоларни либераллаштиришга, ҳуқуқбузарларга нисбатан тарбиявий-тузатиш таъсир чораларининг илғор шакл ва услубларини кенг қўллаш бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Шуни қайд этиш керакки, мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазо турининг миллий қонунчиликка киритилиши маҳкумнинг хулқ-атвори устидан самарали назоратни таъминлаш, одатий ҳаёт тарзини сақлаган ҳолда, жиноий муҳитга тушишининг олдини олиш орқали яна жиноят содир этиш эҳтимолини камайтиришга имкон яратади.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9770-fu-arolarning-konstitutsiyavij-u-u-lari-kafolati-kuchajtirilmo-da

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati