O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ЎЗБЕКИСТОНДА ТРАНСПОРТ ВА ЛОГИСТИКА СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

29.06.2017

Марказий Осиё дунёдаги транспорт ва логистика тизими жадал ривожланаётган минтақа ҳисобланиб, сўнгги йилларда бу ҳудудда, жумладан Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва янги халқаро йўналишларга асос солиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, автотранспорт саноатини тараққий эттириш, транзит салоҳиятини ошириш, экспорт-импорт имкониятларини кенгайтиришга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

2017 йил 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Транспорт ва логистика муаммоларини ҳал этиш, стратегик транспорт йўлакларини ривожлантириш ва ушбу соҳага чет эл инвестицияларини жалб этишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги давра суҳбатида ана шу долзарб масалалар ҳусусида батафсил тўхталиб ўтилди.

Давра суҳбати ишида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, алоқадор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар қайд этганларидек, миллий иқтисодиётнинг ажралмас қисми бўлмиш транспорт ва логистика соҳаси бошқа тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, барча транспорт турларининг изчил ривожланишини ва мамлакатимизнинг халқаро транспорт ва логистика хизматлари бозоридаги нуфузини ошириш, иқтисодиётимиз барча тармоқлари уйғун ривожланишига ва мамлакат экспорт салоҳиятининг кучайишига ёрдам беради. Ўзбекистоннинг географик жойлашуви жиҳатидан Буюк ипак йўлининг боғловчи марказида эканлиги унинг савдо инфратузилмаси логистика марказлари тармоғини ривожлантиришнинг стратегик муҳим жиҳати ва рағбатлантирувчи омили ҳисобланади.

Тадбирда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларида транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш вазифалари белгилангани ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Шуни қайд этиш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон, Россия ҳамда Хитой давлатларига амалга оширган давлат ташрифлари чоғида, шунингдек Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг жорий йилнинг 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида ташқи бозорларга чиқишни таъминловчи энг қисқа ва самарали транспорт ҳамда транзит йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари томонлар диққат-эътиборида бўлди.

Ўзбекистоннинг транспорт тармоқлари ва коммуникацияларини ривожлантириш борасидаги халқаро ҳамкорлиги тобора ривожланиб бормоқда. Бундай ўзаро манфаатли ҳамжиҳатлик тараққиётига хизмат қиладиган ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз томонидан транспорт ва транзит масалаларига доир 100 дан ортиқ халқаро келишувлар ва баёнлар, шу жумладан, 30 га яқин конвенциялар имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Халқаро темир йўллари иттифоқи, Темир йўллари ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро экспедиторлар уюшмаси федерацияси, ЭСКАТО, ТРАСЕКА ва бошқа бир қанча халқаро ташкилотлар аъзоси ҳисобланади. Ҳозирги пайтда мамлакат ҳудудидан автомобиль транспорти орқали юкларни олиб ўтувчи хорижий автоташувчилар учун республика томонидан умумий узунлиги 37 минг километрга тенг бўлган 44 та йўналиш белгиланган.

Давра суҳбати иштирокчилари ўз нутқларида транспорт, транспорт-экспедиторлик, логистика хизматларини кўрсатиш соҳасидаги ишларни самарали ташкил этиш учун ушбу йўналишдаги фаолиятини тартибга солувчи қатор меъёрий ҳужжатларни бундан буён ҳам такомиллаштириш ва қайта ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладилар.

Республикамизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказишга эришиш саноат, транспорт ва логистика тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этишни кенгайтириш билан боғлиқ экани таъкидланди. Табиийки, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида яқин йилларда мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга кўпайтириш мақсад қилиб қўйилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 2016 йил денгиз сатҳидан 2,2 минг метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони орқали ўтган “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши транспорт-логистика хизматлари кўрсатиш ва йўловчиларни ташиш соҳасида эришилган катта ютуқ бўлди. Бу билан Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини барпо этилди.

Шу билан бирга, мультимодал транспорт-логистика марказлари тармоғини шакллантириш ҳам ташқи бозорга чиқадиган, экспортга йўналтириладиган маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш бўйича транспорт-логистика марказларини, шунингдек мамлакатимиз транзит инфратузилмасини ривожлантириш имконини кенгайтиради.

Муҳокама чоғида давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Республикасида ҳажми ва номенклатураси тобора кўпаяётган маҳаллий маҳсулотларнинг хорижий бозорларга экспортини таъминлаш учун маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, юк сақловчилар, транспорт, транспорт-экспедиторлик, логистик ва бошқа хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ўртасида замонавий бозор муносабатларини шакллантиришнинг янги механизмлари ва кўринишларини татбиқ этиш зарурлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда логистика хизмати мутахассислиги бўйича малакали кадрлар тайёрлаш масаласига эътиборни кучайтириш зарурлиги ҳамда соҳа мутахассисларига нисбатан нафақат саноат соҳасида, балки иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида талаб юқори эканлиги алоҳида қайд этилди.

Муҳокама якунлари бўйича ушбу соҳадаги ишларни такомиллаштириш, юкларни хорижий бозорларга етказиб бериш муддатларини қисқартириш мақсадида янги транспорт йўлакларини очиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, миллий транспорт ва логистик компанияларнинг хорижий шериклар ўртасидаги рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва соҳага хорижий инвестицияларни жалб этишни жадаллаштиришга қаратилган тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati