O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ – ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

28.06.2017

“Бизнинг муҳим вазифамиз – кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдан, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат.
...Шунинг учун бундан кейин тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланади”.

Шавкат Мирзиёев

2017 йил 28 июнь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини янада либераллаштиришда тадбиркорлар билан мулоқотнинг аҳамияти ва бу борадаги долзарб масалалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбати ишида сенаторлар, Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субьектларига кенг имкониятлар яратиш, улар жавобгарлигини либераллаштириш, уларга имтиёзлар беришга қаратилган кенг кўламдаги ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мустақиллик йилларида хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаётган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари, “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги каби бир қатор Ўзбекистон Республикасининг қонунлари қабул қилинди.

Улар асосида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини судлар орқали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги хўжалик низолари хўжалик суди ёки ҳакамлар суди томонидан кўриб чиқилиши белгиланди, айрим истиснолардан ташқари, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бўлмаганда, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар қўлланилишидан озод этилди, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилиши алоҳида аҳамият касб этди.

Шуни алоҳида кайд этиш ўринлики, 2017 йил 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон аввало тадбиркорлик фаолияти ривожланиши ва бизнеснинг қонуний манфаатлари муҳофазасини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолияти тубдан такомиллаштирилишини назарда тутади.

Шу билан бирга, муҳокама давомида давра суҳбати иштирокчилари тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини янада либераллаштириш ҳамда тадбиркорлар билан мулоқот қилиш масалалари юзасидан бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини, тараққиётнинг ҳозирги босқичи тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалаларида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг янги тизими яратилишини тақозо этаётганлигини таъкидладилар.

Давра суҳбати иштирокчилари ва сенаторлар томонидан тадбиркорлар билан мулоқотнинг самарали усулларини жорий этиш ҳамда улар жавобгарлигини янада либераллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Солиқ, Хўжалик-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларининг тегишли нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди.

Бундан ташқари, тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида, оммавий ахборот воситаларида кўрсатувлар, ток-шоулар ташкил этиш, буклетлар ва тарқатма материаллар ишлаб чиқиш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзида мужассам этган, фойдаланишга қулай бўлган электрон ресурслар, порталлар, мобил дастурлар ҳамда электрон ҳуқуқий маслаҳатхоналарни ташкил этиш, республикамиз туманлари ва шаҳарларида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жойларда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлари ҳамда адвокатлар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари билан мунтазам равишда учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказиб туриш, тадбиркорларга янги қабул қилинган қонунлар, амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан тушунтиришлар бериб бориш каби бир қатор тавсиялар баён этилди.

Шунингдек, сенаторлар ва давра суҳбати иштирокчилари томонидан Давлат раҳбарининг мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифаларни шиддатлик билан бажариш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.

Давра суҳбати якуни бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati