O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш – фаолиятнинг муҳим соҳаси

28.02.2017

2017 йил 28  февраль куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Қашқадарё вилоятида халқ билан мулоқот ва вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг моддий-таъминот олиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Мажлисда Сенат аъзолари, Қашқадарё вилояти халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, ҳокимиятлар қошидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар раислари, “Маҳалла” фонди, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, фуқаролар йиғинлари фаоллари, шунингдек бошқа фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.  

Мажлисда кам таъминланган ва вояга етмаган фарзандлари бўлган муҳтож оилаларни, ишламайдиган оналарни, шу жумладан вояга етмаган ва меҳнатга лаётқасиз вояга етган шахсларни самарали ижтимоий ҳимоя қилиш давлат ва жамиятнинг устувор вазифаларидан бири эканлиги сенаторлар томонидан қайд этилди. Бундай ҳимоя кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларида, Оила кодексида, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралда қабул қилинган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 12 декабрда қабул қилинган “Ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2013 йил 15 февралда қабул қилинган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги, 2016 йил 12 августда қабул қилинган “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларни моддий-таъминлашни такомиллаштиришга қаратилган.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш мақсадида Қашқадарё вилоятида вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш масалалари юзасидан 149 та қарор, 42 та фармойиш ва 15 та дастур қабул қилинди ҳамда ижро этилди. Бугунги кунда вилоятда 3,089 млн. аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1,087 млн. (37 фоиз) киши вояга етмаган болалардир. Аҳоли орасида вояга етган меҳнатга лаёқатсиз шахслар сони 1 456 нафарни ташкил этади. Вилоятнинг имконияти чекланган болалар учун мўлжалланган 4 та ихтисослашган давлат таълим муассасасида 1 052 нафар кўзи ожиз, қулоғи яхши эшитмайдиган бола ва ногирон ўқитилади. Етим болалар ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун ҳомийлар ҳисобидан Қарши шаҳрида 30 ўринга мўлжалланган ётоқхона барпо этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралда қабул қилинган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 44-сонли қарорига мувофиқ вилоятнинг барча – 660 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиялар тузилганлиги қайд этилди. Ушбу комиссиялар 2 ёшгача фарзандлари бўлган кам таъминланган оилаларга, 14 ёшгача вояга етган фарзандлари бўлган муҳтож оилаларга ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларга нафақалар тайинлайди ва моддий ёрдам кўрсатади. Жумладан, ушбу мақсадларга 2016 йилда 155 млрд. 970 млн. сўм сарфланди.

Бугунги кунда вилоятда суд қарорига асосан никоҳи бекор бўлган 1838 та оила яшайди. Моддий қуллаб-қувватлаш зарур бўлган, шу жумландан алимент тўлаш орқали қўллаб-қувватлаш зарур бўлган болалар сони 18 168 нафарни ташкил этади. Суд департаментининг Қашқадарё вилоят бошқармаси туман (шаҳар) бўлимларида 17 726 та ижро иши мавжуд бўлиб, уларнинг 2827 таси бўйича ота-оналар ўз вақтида алимент тўламаслиги туфайли болалар қийин моддий аҳволга тушиб қолмоқда.

  Оилаларнинг моддий ва маънавий ҳолатини, аҳоли бандлигини ўрганиш, аҳолининг ижтимоий муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорликда олиб борган ишларини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу мақсадларда 2016 йилда 714 395 та оила, шунингдек 160 058 та ёш оила ўрганиб чиқилди. Аҳоли билан мулоқот жараёнида оилавий ва бошқа муаммоларга эга бўлган 30 146 та оила аниқланиб, уларнинг муаммолари комиссиялар ва фуқаролар йиғинлари Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилди. Бунинг натижасида 325 та оилавий можаро, 203 та эрта никоҳ қуриш ҳолатининг олди олинди, 15 784 та оилага тиббий ёрдам кўрсатилди.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари қошидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар томонидан 2016 йилда 223 та мажлис ўтказилиб, уларда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 112 та масала кўриб чиқилди. Туман ва аҳоли пунктларида 29 та текшириш ўтказилди. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказилишини уюштириш мақсадида 5 597 та турли тарбиявий тадбир ўтказилди.

Вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасида Қашқадарё вилояти давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат ташкилотлар томонидан 2016 йилда ўтказилган ҳамкорликдаги ишлар тўғрисида оммавий ахборот воситаларида қарийб 2 000 та материал чоп этилди.

Шу билан бирга, муҳокама давомида сенаторлар томонидан Қашқадарё вилоятида вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини амалга ошириш борасида айрим камчилик ва хатолар мавжудлиги қайд этилди. Масалан, вилоят молия ва назорат-тафтиш бошқармалари томонидан ўтказилган текширишлар натижалари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ижтимоий кўмаклашиш комиссияларининг аксарияти “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Низом нормаларига амал қилмаётганлигидан дарак бермоқда. Бу эса улар томонидан ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам белгилаш ҳамда тўлашда молиявий хато ва суиистеъмолларга, шунингдек бюджет маблағларининг мақсадсиз ишлатилишига олиб келмоқда. Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олган оилаларда вазиятнинг яхши томонга ўзгарганлиги мониторинги олиб борилмаяпти. Халқ депутатларининг вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари депутатлик назоратини амалда олиб бормаяпти. Мазкур комиссиялар 2016 йилда ушбу масалаларни ўз мажлисларида бирон марта ҳам муҳокама қилмаган. Вилоят молия органлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига моддий маблағлар ажратилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаяпти, бу эса кам таъминланган ва фарзандлари бўлган мухтож оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам ажратиш кечиктирилишигига сабаб бўлмоқда.

Муҳокама якунига кўра иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсияларни ҳисобга олган ҳолда, қайд этилган камчиликларни бартараф этишга ҳамда ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий хўжжатларни янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati